Линклар

logo-print

Душанбеда яна ëнилғи тақчил

  • Гулнора Равшан

Электр таъминотидаги узилишлар ўтган йилги совуқдан юрак олдирган тожикистонликлар хавотирини тобора кучайтирмоқда.

Электр таъминотидаги узилишлар ўтган йилги совуқдан юрак олдирган тожикистонликлар хавотирини тобора кучайтирмоқда.

Душанбе шаҳри аҳолисини электр билан таъминлаш даражаси ёмонлиги туфайли шаҳар ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев “Барқи тожик” ширкати билан судлашмоқчи.

Душанбе шаҳар ҳокими матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган бир ҳафта давомида шаҳар ҳокими Убайдуллоев номига пойтахтликлардан электр таъминотидаги тез-тез узилишлар билан боғлиқ 240 та шикоят тушган.

Матбуот хизмати вакилларига кўра, ҳар йили қиш арафасида “Барқи тожик” ва унга тегишли тузилмалар масъуллари ўз вазифаларини суиистеъмол қилишлари сабабли пойтахт аҳолиси азият чекмоқда.

- Шуни назарга олган ҳолда, шаҳар ҳокими Убайдуллоев “Барқи тожик” ширкати ва унга тегишли идоралар масъулларини Тожикистоннинг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш тўғрисида”ги қонуни талабларини бажармаётгани учун жавобгарликка тортиш ва аҳоли зарарларини ширкат ҳисобидан ундиришга қарор қилди, - деди шаҳар ҳокими матбуот котиби Шавкат Саидов.

Айни пайтда “Барқи тожик” ширкати вакили Рашид Гулов Озодлик мухбири билан суҳбатда шаҳар ҳокимияти иддаолари асоссизлигини таъкидлади.

- Душанбе шаҳридаги иссиқлик таъминлаш марказларининг деярли ҳаммаси ишга яроқсиз бўлиб қолган. Бу марказларни таъмирлаш ва аҳолини иссиқлик билан таъминлаш шаҳар ҳокимининг вазифаси. Шаҳар ҳокимияти бу марказларни таъмирлаб, уларни доимий табиий газ билан таъминлашни йўлга қўймагани сабабли ташқаридан олинаётган ва ички электр заҳираларимиз нафақат ёруғлик, балки иситиш тизимлари учун ҳам сарфланаяпти. Натижада трансформаторлар ишдан чиқиб, электр таъминотида узилишлар пайдо бўлаяпти, - деди “Барқи тожик” ширкати расмийси.

Айни пайтда Рашид Гулов шаҳар ҳокимияти ва соҳа бўйича бир гуруҳ таҳлилчиларнинг электр энергияси ноқонуний тарзда мамлакат ташқарисига сотилаётганига оид иддаоларини ҳам рад этди:

- Асосланмаган бу даъволар учун биз уларни судга беришимиз мумкин, - деди Рашид Гулов.


Ўтган йил қиш қаттиқ келгани сабабли минтақадаги дарёлар суви музлади, Норак сув омборида сув сатҳи хатарли нуқтага келиб қолди ва натижада Тожикистонда электр ишлаб чиқариш мумкин бўлмай қолди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон каби қўшни мамлакатлар эса ўзларида ҳам электрга эҳтиёж ошгани сабабли Тожикистонга электр экспорт қилишни тўхтатдилар.

Ниҳоят мамлакатда электр энергияси тақчиллиги юзага келиб, пойтахт Душанбеда ҳам электрга чеклов белгиланди. Бу эса, ўз навбатида, катта талофатлар¸ хусусан¸ чақалоқлар ўлимига сабаб бўлди.

Ўтган йилги қиш қаҳратонида 18 кунлик чақалоғи бешикда музлаб қолган пойтахтлик Муслима ўз ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб

шу кунга қадар ҳукуматнинг бирор идорасига мурожаат этмаганини билдирди. Муслимага кўра, бу бефойда уриниш.

- Кимга ҳам мурожаат этардим? Мурожаатдан нима фойда? Ким ҳам додимизга қулоқ тутарди? Шаҳар ҳокимининг “Барқи тожик” ширкатини судга бериб, шу йўл билан кўрган зарарларимизни ундан ундириб беришига ишонмайман. Чунки буларнинг ҳаммаси бир одам. Бу шунчаки “хўжакўрсин учун” қилинаётган иш. Аслида камбағал халқ ғами унинг ўзига керак, холос, - дейди Муслима.

Жорий йил 5 ноябрида Сангтўда-1 ГЭСининг 2- агрегати ишга туширилиши маросимида нутқ сўзлаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бу йил Душанбе шаҳри аҳолиси доимий электр билан таъминланишини ваъда қилди.

- Аммо, - дейди Муслима, - бир ҳафтадан буён чироқсиз қолганмиз. Икки яшар болам шамоллаб қолмаслиги учун бешикда сақлаяпман. Маҳаллий ҳукуматлар электр етишмаслигини мамлакатда электр камлиги билан изоҳлашади.

Айни пайтда¸ “Барқи тожик” ширкати расмийси Ўзбекистон ва Туркманистон Тожикистонга кунига 8 миллион кВт/соат электр узатиб тургани ҳамда мамлакатда кунига 40 миллион кВт/соат электр ишлаб чиқарилаётганини маълум қилди.

Бу эса, ширкат раҳбари Рашид Гуловга кўра, аҳоли ва саноат корхоналарини электр энергияси билан таъминлаш учун етарлидир.
XS
SM
MD
LG