Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:39

Навбат Малайзия моделига


Малайзия бош вазири Абдулла бин Ҳожи Аҳмад Бадавий жануб-шарқий Осиë минтақасида кучли нуфузга эга раҳбар саналади.
Малайзия бош вазири Абдулла бин Ҳожи Аҳмад Бадавий жануб-шарқий Осиë минтақасида кучли нуфузга эга раҳбар саналади.
Малайзия бош вазиринининг тўрт кунлик расмий ташрифи доирасида ўтказилган сўзлашувларда Ўзбекистон - Малайзия ҳамкорлигининг савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги, маданият, дин, фан ва таълим ҳамда сайëҳлик каби соҳаларни қамраб олиши таъкидланди.

Малайзия бош вазирининг Тошкент сафарига бағишлаб, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари махсус дастурлар тайёрлади, газеталар бутун бошли саҳифани эгалловчи мақолалар чоп этди.

Бу гал президент Каримовнинг Малайзия бош вазири Абдулла бин Ҳожи Аҳмад Бадавийга берган ваъдалари ва билдирган тилаклари анча самимий кўринди.

- Малайзияга ишончимиз катта. Малайзиянинг ҳам имкониятлари ўзи катта. Биз Малайзия учун очиқмиз. Орамизда ҳеч қанақа муаммо йўқ. На иқтисодий¸ на сиëсий¸ на гуманитар соҳада бирорта муаммо йўқ. Борди-келдиларимиз кўпроқ бўлиши керак¸ -деди жумладан Каримов малайзиялик меҳмон билан сўзлашувдан сўнг.

Малайзия бош вазирининг Тошкентга сафари давомида давлатлар ўртасида аввал имзоланган 16 ҳужжатга яна уч ҳужжат қўшилди. Хусусан, ташриф доирасида Сурхондарё минтақасида геология қидирув ишларини бошлаш бўйича протоколга ҳам имзо қўйилди.

Президент Каримов Малайзиянинг етакчи нефт компанияси бўлмиш Петронас компаниясига кенг имтиёзларни беришга ваъда қилди.

- Петронас компанияси ўзини Ўзбекистонда ишончли ва масъулиятли шерик сифатида намоëн этди ва шу боис унинг янада кенгроқ фаолият юритиши учун биз Ўзбекистонда бу компанияга янги имтиëз ва қулайликлар яратиб беришга тайëр бўлганимизни изҳор этмоқчиман.

Петронас компанияси¸ шахсан унинг раҳбарининг мана шундай эътиборга сазовор бўлгани табиий ҳол. Нимага деганда бу инсонга мен шахсан ишонаман. Бу компанияга янада кенгроқ имконият туғдириб бериш¸ керак бўлса¸ ҳар томонлама келажакни нефт¸ газ соҳасида¸ керак бўлса¸ уни қайта ишлаш соҳаларида ноëб технологияларни Ўзбекистонга олиб келишда бу фирмага бизлар катта ишонч билдириб¸ кенг имкониятлар туғдириб беришга тайëрмиз¸ деди Тошкент раҳбари жумладан.

Орол бўйи углеводород заҳираларини ўзлаштириш консорциумининг аъзоси сифатида Петронас компанияси бугунга қадар Ўзбекистон нефт ва газ соҳасига 750 миллион доллар сармоя ётқизди. Петронас эндиликда мамлакатдаги фаолиятини янада кенгайтириб, суюқ синтетик ёнилғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида.

Айни пайтда¸ икки давлат раҳбари Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик салоҳиятининг тўлиқ ишга солинмаётганидан қониқмаëтганликларини ҳам таъкидлаб ўтдилар.

Аксар таҳлилчилар Ўзбекистон - Малайзия алоқаларининг яқин истиқболига ишонч билан қарамоқдалар. Лондондаги Африка ва Осиё тадқиқотлари институтининг Ўзбекистон бўйича мутахассиси Алишер Илҳомов президент Каримовнинг Малайзия билан яқинлашишга интилиши¸ бутун Ислом дунёси учун ҳам¸ минтақадаги бошқа сиёсий ўйинчилар учун ҳам ишора бўлишини айтади.

- Бу мамлакат Ислом дунёсида анча ҳурматга эга. Бир вақтнинг ўзида бу мамлакат Ислом дунёсининг энг ривожланган давлатларидан бири ҳисобланади. Малайзия билан яқинлашиш истаги заминида иқтисодий манфаатларнинг борлигига шубҳа йўқ. Расмий Тошкент мамлакат иқтисодиёти учун қўшимча сармоя қидирмоқда¸ - дейди Алишер Илҳомов.

Таҳлилчилар фикрича, президент Каримов Россия, Хитой ва Ғарб ҳукуматларига улар баробарида Ўзбекистонга қизиқиш билдираётган бошқа географик ҳудудлар ҳам борлигини намойиш этишга уринмоқда.

Кўп йиллар давомида Малайзияда ўз шахсий бизнесини юргизиб келаётган тадбиркор Илдуз Рафиқов Ўзбекистоннинг Малайзияга ортган қизиқишини бу давлатнинг халқаро молиявий бўҳронни четлаб ўтишга қодир бўлгани билан изоҳлайди.

- Малайзия томони ҳам ўз бизнес алоқаларини кенгайтиришни истайди. Бу ердаги трансмиллий корпорациялар табиийки¸ Марказий Осиёнинг бой энергетик ва меҳнат бозорига чиқиш ниятида¸ – дейди Илдуз Рафиқов.

Президент Каримов нафақат малайзияча молиявий бошқарув ва Малайзия сармоялари¸ балки¸ айтилишича¸ давлат бошқарувида Малайзия бош вазири тарғиб этаётган “Ал-Ислам Ал-Ҳазорий” тамойилларини қабул қилишга қизиқиш кўрсатмоқда.

Хабарларга кўра, бу қизиқишни Каримов Бадавий шахсий сўзлашуви чоғида тилга олган. Давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар истиқболлари бир қадар ижобий баҳоланаётганига қарамасдан, Каримовнинг давлат бошқарувида Ислом талабларига риоя этишига уламолар шубҳа билан қарамоқда. Таниқли уламо Обид Қори Назаров гапиради.

- Малайзия бўладими¸ Саудия бўладими¸ Америка бўладими қайси давлат билан бўлишидан қатъий назар агар Ўзбекистон ҳозир мана шу давлатларга яқинлашиб ибрат оламиз деса¸ унга ишониб бўлмайди. Қани эди шу Малайзиядаги бўлган муҳит¸ мусулмонларга бўлган ҳурмат¸ Исломга бўлган ҳақиқий¸ чинакам ихлос Ўзбекистонда бўлса!

Айни пайтда Малайзиянинг мусулмон жамоаси орасида Ўзбекистоннинг Ислом дунёсида катта аҳамият касб этаётган Бухоро, Самарқанд шаҳарлари яхши таниш.

Бу эса¸ расмийлар ва таҳлилчилар эътирофича, туризмни янада йўлга қўйиш учун яхши асос бўлиши мумкин.

Шунингдек¸ Малайзиянинг Ўзбекистондаги ишсизликдан қийналиб¸ хориждан ўзига имкон излаëтган меҳнат лашкари учун янги оҳанрабога айланиши ҳам эҳтимолга яқин кўринаëтир.
XS
SM
MD
LG