Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:03

Алишер Кароматов силга чалинган


Мустақил манбалар ва тутқунларнинг яқинларига кўра¸ бу каби мудҳиш қийноқлар Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаëтган сиëсий маҳбуслар учун кундалик норма бўлиб қолган.
Мустақил манбалар ва тутқунларнинг яқинларига кўра¸ бу каби мудҳиш қийноқлар Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаëтган сиëсий маҳбуслар учун кундалик норма бўлиб қолган.

Қамоқ жазосини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Алишер Кароматов соғлиги ёмонлашгани туфайли Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига жўнатилган.

40 яшар Алишер Кароматов Қарши шаҳридаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган эди. Лекин соғлиги ёмонлашгани боис уни Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига жўнатганлар. Бу ҳақда унинг турмуш ўртоғи Намуна Кароматова Озодлик радиосига маълум қилди.

- Мен 13 ноябр куни поездга чиқиб, 14 ноябр куни Қаршига бордим. Ариза ëзиб, мурожаат қилганимдан кейин менга Сангородга кетганлиги тўғрисида жавоб беришди. У касал бўлган маҳбусларнинг даволанадиган жойи экан. Кейин орқамга қайтиб, шанба куни Тошкентга келдим. 16 ноябр куни қабул қилишди ва кўрдим.

Сўраганимда эшик олдида турганлар: “Сил касалига чалинган, деган гумон билан келди”, деб айтишди. Аҳволлари бир ëмон (йиғлаб). Биласизми¸ мен кўрганимда худди у кишини йўқотиб қўяëтгандай бўлдим. 112 кило чиқардилар. Шунақа кичкина бўлиб қолганлар. Ҳозир 60 кило чиқадими¸ йўқми - билмайман. Қон қайт қилибдилар. Тўрт ярим литр қон кетибди. Қаршида қон қайт қилганлар. Бу ëққа келганда ҳар иккала ўпкада тешик бор, деб айтишибди. Роса катта умидлар билан борган эдим. Амнистия қўлланилган бўлса керак, енгиллик бўлиб қолган бўлса керак, деб борган эдим, - дейди Намуна Кароматова.

Алишер Кароматовнинг соғлиги борасида маҳбуслар шифохонасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Намуна Кароматовага кўра, қамоқхонада эрига нисбатан қийноқлар қўлланилгани натижасида унинг соғлиги ёмонлашган.

Эзгулик жамияти фаоли Исроил Ризаев ҳам, Алишер Кароматовнинг қамоқхонада мунтазам қийноқларга учраганини таъкидлайди.

- Буларнинг ўта ëмон қийноқларни қўллаганлари¸ ҳаттоки Алишер Кароматовнинг оëқларининг орасига¸ тирноқларининг орасига мих тиққанлари¸ уни бақиртириб уриб, охири юра олмай қолгани тўғрисида хабарлар олдим. Газниқоб кийдириб ëмон қийнашган, - дейди Исроил Ризаев.

Алишер Кароматов 2003 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлимига раҳбарлик қилди.

2006 йилнинг 29 апрелида Алишер Кароматов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти раҳбари Аъзам Фармонов билан биргаликда пора олганликда айбланиб, ҳибсга олинди.

Янгиер шаҳар жиноий ишлар суди қарорига кўра, иккала ҳуқуқ фаоли ҳам Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддасининг товламачилик банди бўйича айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири тўққиз йил муддатдан қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Алишер Кароматов билан Аъзам Фармонов инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун сохта айблар билан жазога ҳукм этилган.

- Алишер Кароматов жуда содда, камтарин инсон эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вилоятимизда иш қиларди. Мен жуда яқиндан танийман. Жуда ҳам камсуқум¸ бировга зарари тегмайдиган, қўлидан келса яхшилик қиладиган инсон.

Афсуски, 2005 йилги Андижон воқеларидан кейин ҳуқуқ ҳимоячиларига бўлган тазйиқлар, босимлар, уларни сохта айбловлар билан ҳибс олиш кампанияси бошлангач¸ Сирдарë вилоятида Алишер Кароматов ва Аъзам Фармоновларга сохта айбловлар қўйилиб¸ ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан 2006 йил 19 апрел куни ҳибсга олинди ва ҳеч бир асоссиз равишда Ховос турмасида сақланаëтган пайтда ўша ернинг ўзида суд қилишиб¸ шошма-шошарлик билан 26 апрел куни уларни 9 йилга озодликдан маҳрум қилиб юборишди, - деЙди Исроил Ризаев.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Алишер Кароматовнинг соғлигидан хавотир билдирмоқдалар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти айрим Интернет сайтлари орқали чиқиш қилиб, халқаро жамоатчиликдан соғлиғи кескин ëмонлашиб бораëтган Алишер Кароматовни озод этишда кўмак сўради.
XS
SM
MD
LG