Линклар

logo-print

Ўзбек-қирғиз чегарасида ўқ отилди


Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги “Чашма” чегара масканида ўзбекистонлик фуқаролар ва қирғизистонлик чегарачилар ўртасида жанжал чиққан.

Қирғизистон Чегара хизматидан олинган маълумотга кўра, бу воқеа 18 ноябрь куни кеч соат 19 да бўлиб ўтган. Қирғиз чегарачилари микроавтобусда чегарани кесиб ўтган Ўзбекистон фуқаролари ҳужжатини текширмоқчи бўлганлар. Бироқ машинадаги йўловчилардан икки нафари чегарачиларга қаршилик кўрсатган. Ўзбекистон фуқароларидан бири – Жамшиджон Аҳмедов чегара наряди бошлиғининг кўкрагига мушт туширган ва қуролини тортиб олмоқчи бўлган. Шундан сўнг чегарачилар огоҳлантирувчи ўқ узганлар. Микроавтобусдаги қолган саккиз йўловчи чегарадаги тартибсизликдан фойдаланиб, Ўзбекистон тарафига ўтишга муваффақ бўлган.

- Улар Ўзбекистон тарафига ўтиб, Қирғизистонга келаётган қирғиз давлат рақамига эга автомашиналар йўлини тўсиб қўйганлар. Йўл тўсиш 10-15 дақиқа давом этган. Чегара пунктига махсус отряд етиб келгач, тартиб ўрнатилган, - деди Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Болот Айтмамбетов.

Қирғизистон чегара хизмати матбуот маркази хабарига кўра, “айни пайтда қирғиз чегарачиларига нисбатан куч ишлатган Ўзбекистон фуқаролари Қадамжой туман ички ишлар бўлимида сақланмоқда - уларга нисбатан жиноят иши очилган. Чегарадаги тартибсизликка алоқадор ўзбекистонлик фуқаролари Сўх туманининг Пидиргон қишлоғида яшашлари аниқланган”.

XS
SM
MD
LG