Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:39

Пулдан гапирма – қамоққа олишади


Қирғизистон милицияси томонидан тез-тез тартибга чақириб туриладиган Максим Кулешов бу гал ўғриларни топишни талаб қилгани учун ҳибсга олинди.
Қирғизистон милицияси томонидан тез-тез тартибга чақириб туриладиган Максим Кулешов бу гал ўғриларни топишни талаб қилгани учун ҳибсга олинди.

Бишкекдаги ҳукумат уйи олдида 19 ноябр куни “23 миллион ҳақида” пикетини ўтказган ҳуқуқ ҳимоячиси Максим Кулешов қамоққа олинди.

Бундан уч йил олдин - 2005 йил март ойида Қирғизистон Миллий банкининг Жалолобод бўлими туналган ва талончилар 23 миллион сўм, яъни 605 минг доллар миқдоридаги маблағни олиб чиқиб кетган эдилар.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Максим Кулешов сешанба кунги пикет чоғида ўша жиноятчиларни жазога тортишни талаб қилди. Аммо унинг намойиши узоққа чўзилмади - Бишкек шаҳар милицияси уни ҳибсга олди.

Ўз номини айтишни истамаган милиция расмийсига кўра, Максим Кулешов намойиш ўтказиш тартиб-қоидаларини бузганликда айбланиб қўлга олинган.

- Ҳуқуқ ҳимоячисининг қўлга олиниши Конституцияга зид эмас. Конституция асосида шаҳар кенгаши митинг ва намойишлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги қонун қабул қилган. Бу қонунда ҳукумат уйи олдида ҳар қандай намойиш ўтказиш таъқиқланади, - деди милиция расмийси.

2005 йил март ойида Миллий Банкнинг Жалолободдаги бўлимини талаган шахсларга нисбатан жиноят иши тўхтатилгани ҳуқуқ ҳимоячиси Максим Кулешовни ҳукумат уйи олдида норозилик пикети ўтказишга ундаган. Кулешовга кўра, фуқаролик жамияти Миллий банкнинг Жалолободдаги бўлими таланишида ҳукумат доираларига яқин одамларнинг қўли борлиги ҳақидаги маълумотларга эга.

- Банкнинг таланиши тўғрисида айрим одамлар қўлида ҳужжатлар мавжуд ва уларни ошкор қилиш пайти келди. Халқдан ўғирланган 23 миллион сўмнинг яна халққа қайтарилишини талаб қиламиз, - деганди Максим Кулешов ҳибсга олинишидан сал аввалроқ Озодлик радиосига берган интервьюсида.

Бундан аввал ҳам Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари ва мустақил нашрлар Жалолободдаги банкнинг таланишида ҳукумат одамлари қўли борлиги тўғрисида ўз шубҳаларини билдирган эдилар.

Бироқ Қирғизистон Бош прокуратураси бундай шубҳалар ўринсиз эканини маълум қилди. Бош прокуратура вакилларига кўра, Жалолободдаги банкни талаган шахсларнинг исмлари терговга маълум. Бироқ уларни топиш имкони бўлмагани учун ҳам бу борадаги жиноят иши вақтинча тўхтатилган.

Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Қубаничбек Асангелдиевнинг айтишича, жиноят ишининг тўхтатилгани банкни ўмарган жиноятчиларга нисбатан қидирув тўхтатилди, дегани эмас.

Жиноятчилардан бири топилиши биланоқ, жиноят иши қайта очилади. Бош прокуратура расмийси, бу жиноятда ҳукумат доираларидаги шахсларнинг иштироки йўқ эканини ҳам қайд этиб ўтди.

XS
SM
MD
LG