Линклар

"Тажовузкор ўзбек" ушланди


Қозоғистонлик тартиб посбонлари қўлга олинган ўзбекистонликнинг ҳатто номини ошкор қилишни ҳам истамаяптилар.

Қозоғистонлик тартиб посбонлари қўлга олинган ўзбекистонликнинг ҳатто номини ошкор қилишни ҳам истамаяптилар.

Қозоғистонда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги томонидан конституцион тузумга тажовуз қилишда айбланаётган фуқаро қўлга олинди.

Олмаота вилоятининг Жамбул туманида қўлга олинган, аммо исми ошкор қилинмаётган 36 ёшли шахс Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан конституцион тузумни ағдаришга ҳаракат қилганлик, диний экстремистик, айирмачи ва фундаментал ташкилотларга аъзоликда айбланмоқда.

Маълум бўлишича, қўлга олинган шахс Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий илтимосига биноан айни пайтда Қозоғистон прокуратураси ҳибсхонасида сақланмоқда экан.

“Қўлга олинган ўзбекистонлик шахс яқин кунларда ўз юртига экстрадиция қилиниши керак”, - дея маълум қилди Олмаота вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Бахит Шингисбоев маҳаллий оммавий ахборот воситаларига йўллаган ёзма баёнотида.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлга олинган ўзбекистонлик ҳақида тўлиқ маълумот беришга шошилмаяпти. Мавзуни ёритиш чоғида Олмаота вилоят прокуратураси билан боғланишга бўлган уринишларимиз самара бермади.

Бу ҳолатни изоҳлаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан диний экстремизм ва айирмачиликка алоқадорликда айблаётган шасхларнинг аксари бегуноҳ эканини айтади.

- Биз 180 тадан зиёд судда мониторинг олиб борганмиз. Судларда диний эътиқоди сабаб айбланганларнинг бирортасига қўйилган айблар ўз исботини топмаган. Лекин қийноқ орқали уларнинг айбини бўйнига қўйиш ёки қилмаган ишини тан олдириб, қўл қўйдирилган ҳоллар бўлган. Лекин судья буларга эътибор қилмаган, - дейди Икромов.

Унга кўра, Ўзбекистонда одамларни диний эътиқоди учун қамаш баробарида мамлакат хавфсизлик тизимлари бу маҳбусларнинг яқинлари ёки улар билан яқин алоқада бўлган шахсларни ҳам доимий назорат остида сақлайдилар.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, қўшни давлатларда қўлга олинган ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан конституцион тузумни ағдаришга уринганликда айбланган кишилар юртига қайтарилганидан сўнг нафақат озодликдан маҳрум этилади, балки одам боласи чидаши қийин бўлган қийноқларга солинади.

Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан аёвсиз қийноқлар қўлланаётганини ўғли қамоқхонада бўлган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз ҳам таъкидлайди:

- Ўғлимни Тошкентдаги ички ишлар бошқармаси олиб борганида жинсий аъзосига тепган, уриб бошини ёрган. “Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон гимнини айтасан”, деган. Ўғлим: “Нима қилсанг қил – айтмайман”, деган. “У ҳолда, гимн айтмасанг, сенга нисбатан чора кўрамиз”, деган. Чораси шу - дубинка билан урган, ёрилиб кетадиган даражага боргандан кейин тўхтатган, бошига противогаз (газниқоб – таҳр.) кийдирган нафасини бўғиш учун, - дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.

Бундан аввал қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат расмийлари қийноқларга қарши конвенцияга қўл қўйгани боис Қозоғистонда қўлга олинган ўзбекистонликлар юртига қайтарилмаслиги зарурлигини билдиргандилар.

Шу муносабат билан Озодликнинг: “Маҳбус қийноқ қўлланиши мумкин бўлган Ўзбекистонга қайтариладими?” деган мурожаатига Қозоғистон Бош прокуратурасининг ўзини таништиришни истамаган ходими :

- Саволингизга шунчаки “ҳа” ёки “йўқ” дея жавоб бериб қўёлмаймиз, унга батафсил жавоб беришимиз керак. Шунинг учун расмий талабнома орқали мурожаат қилишингизни таклиф қиламан, - деган жавоб билан чекланди.

XS
SM
MD
LG