Линклар

Тожикистонда яна азон садолари янграяпти

  • Гулнора Равшан

Масжидларда овоз кучайтиргичлардан фойдаланишга оид таъқиққа тожикистонликлар орадан уч йил ўтиб амал қилмайдиган бўлдилар.

Масжидларда овоз кучайтиргичлардан фойдаланишга оид таъқиққа тожикистонликлар орадан уч йил ўтиб амал қилмайдиган бўлдилар.

Cўнгги бир ҳафта давомида Тожикистон масжидларининг деярли ҳаммасида азон яна овоз кучайтиргич воситасида айтила бошланди.

Бундан уч йил аввал Тожикистонда азон расман таъқиқланган эди. Ҳукумат амалдорлари бу таъқиқни азоннинг одамлар уйқусини бузиши ва иш вақтида одамларни чалғитиши билан изоҳлашган эди.

Ҳукуматнинг бу қарори кўплаб мусулмонлар норозилигига сабаб бўлган эса-да, мазкур қарорнинг бекор қилинишига эришишга журъат этувчилар топилмади.

Аммо сўнгги бир ҳафта ичида тожикистонлик муаззинлар яна овоз кучайтиргичлар воситасида азон айта бошладилар. Албатта, бу борада ҳукуматнинг тегишли идоралари бирор буйруқ ёки қарор чиқаргани йўқ.

Тожикистондаги танилган дин уламоси Акбар Тўражонзода азонни баланд овозда айтиш нафақат Тожикистонда, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам кузатилишини таъкидлайди. Суҳбатдошимизга кўра, Марказий Осиё давлатларида ҳукумат раҳбарлари диндорлардан нафратланишади, Исломдан қўрқишади ва шубҳаланишади.

- Шунинг учун ҳам доим ҳар қандай ноқонуний буйруқлар билан азон паст овозда айтилишини талаб қилишади. Тожикистон бўладими, Ўзбекистон бўладими – умуман, қайси мамлакатнинг қонунларини қарамайлик, унда азон фалон децибелдан юқори бўлмаслиги керак, деган банд йўқ. Бу амалдорларнинг, маҳаллий ҳукумат мансабдорларининг Исломни ёқтирмасликларидан, - деди Акбар Тўражонзода.

Ислом дини масалалари билан шуғулланувчи таҳлилчи Абдулло Раҳнамо эса Тўражонзоданинг фикрларига қўшилмайди. Таҳлилчига кўра, Тожикистон ҳукумати Ислом дини ва мусулмонларга доим яхши муносабатда бўлиб келган.

- Тожикистонда Ислом уйғониш партиясининг расман фаолият қилиши фикрим далилидир. Марказий Осиё давлатларининг бирортасида ҳам бундай партия ташкил этилмаган, чунки рухсат йўқ. Шуни назарга олган ҳолда, Тожикистон Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, хусусан, Ўзбекистонга қиёсланганда, давлатнинг дин билан алоқаси жуда яхши дейиш мумкин, - деди Абдулло Раҳнамо.

Мустақил таҳлилчи Қосидхон Воҳидов эса уч йил аввал овоз кучайтиргичлар воситасида айтилиши таъқиқланган азоннинг бугун қайтадан баланд айтилишига ҳукумат томонидан рухсат берилиши маълум сабаблар борлигини қайд этди:

- Шуни айтиш керакки, сўнгги пайтларда ҳукумат қарорларида кўп жиҳатдан мусулмонлар ҳуқуқларини поймол қилиш кузатилади. Бу эса, ўз навбатида, мусулмонлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Бу каби норозиликлар келиб чиқиши тожик жамиятида пайдо бўла бошлаган айрим диний гуруҳлар ва янги оқимлар вакиллари учун қулай. Буни ҳукумат яхши англаб етган кўринади. Шунинг учун ҳам азонни овоз кучайтиргичлар воситасида айтмаслик, жума намозларига ёшлар қатнаштирмаслик каби илгари берилган буйруқларни расман бўлмаса-да, бекор қилмоқда, - деди Қосидхон Воҳидов.

Айни пайтда таҳлилчи Абдулло Раҳнамо ҳукуматнинг диний идораларни бир оз жиловлаб туришини тўғри тушиниш керак, деган фикрда.

- Чунки 70 йил шўролар таъсирида тарбияланган тожикистонликлар Ислом дини қонун-қоидаларини янги пайдо бўлаётган турли оқимлар, яъни Ислом душмани бўлган оқимлар найрангларидан фарқлай олмайди. Аниқлик киритадиган бўлсак, улар Исломдан хабарсизлар. Шунинг учун ҳам улар турли сиёсий доиралар қурбони бўлишади. Ҳукумат фуқароларимизнинг шундай доиралар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмаслиги учун баъзан диний ташкилотларни жиловлаб туради. Менимча, бу тўғри амалиёт, - деди Абдулло Раҳнамо.

XS
SM
MD
LG