Линклар

Ўзбекистон - НАТО: некбин ҳамкорлик

  • Фаррух Юсуфий

Каримов АҚШ ҳарбийларини Қарши-Хонобод аэродромидан ҳайдаб чиқарган бўлса-да¸ Термиздаги базани НАТО кучлари ихтиëрида қолдирган эди.

Каримов АҚШ ҳарбийларини Қарши-Хонобод аэродромидан ҳайдаб чиқарган бўлса-да¸ Термиздаги базани НАТО кучлари ихтиëрида қолдирган эди.

Ўзбекистон ЕврАзЭСдан чиққанидан кейин,Тошкент ташқи сиёсатининг НАТО билан яқинлашув томон бурилиши мумкинлигиги тахмин этилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўтган апрелда НАТО саммитида қатнашиб, унда Афғонистон бўйича 6+2 мулоқот гуруҳини 6+3 форматида қайта тиклаш ташаббусини илгари суриши, НАТО мулозимлари ва АҚШ ҳарбий қўмондонларининг кейинги пайтда Ўзбекистонда кунда-шунда бўлиб қолгани, қолаверса¸ Тошкентнинг Ғарб билан алоқалари сезиларли илиқлашгани, Афғонистондаги ҳарбий операцияларини давом эттиришда катта муаммоларга дуч келаётган НАТО учун бу масалада яна Ўзбекистон таянчига эга бўлиш умидларини туғдирмоқда.

Қўшма Штатларнинг Афғонистондаги толибон ва Ал-Қоидага қарши операцияларида асосий иттифоқчиси бўлмиш Покистон билан муносабатлари кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда.

Американинг Покистон ҳудудидаги жангариларга қарши ҳужумларидан ранжиëтган Исломобод Афғонистондаги НАТО кучлари таъминоти мамлакат ҳудуди орқали амалга оширилишига тўсиқлар яратмоқда.

Хусусан, ўтган ҳафта НАТО кучлари кутиб турган қурол-аслаҳа ва бошқа ҳарбий ускуналар бир неча кун мобайнида Покистон ҳудудида қолиб кетди. Ундан аввал эса, Афғонистонга олиб кетилаётган ҳарбий машиналар Покистонда ғойиб бўлди.

Москвалик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенҳауэрнинг айтишича, бундай вазиятда НАТО учун Ўзбекистон билан алоқаларни яна тиклаш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ масалага айланган.

- Қўшма Штатларнинг Афғонистондаги ҳарбий операцияларида техникавий ёрдам кўрсатиш учун жуда қулай бўлган Хонободдан ҳайдалишига сабаб бўлган Андижон воқеаларидан бери вазият анча ўзгарди. Чунки¸ бир томондан¸ Афғонистондаги вазият ёмонлашмоқда, боз устига Американинг ҳарбий амалиётлари учун таъминотни етказишда асосий кўприк вазифани бажариб келган Покистон билан муносабатлари ҳам таранглашяпти.

Ҳозир у ерда вазият Америка ва Покистон қўшинлари ўртасидаги қуролли тўқнашувларгача етиб борди. Шунинг учун Ўзбекистон бу вазиятда муҳим стратегик ролни ўйнаши мумкин.

Бундан ташқари, Американинг Афғонистондаги ўз ҳарбий контингенти сонини ошириш ниятида экани Ўзбекистон аҳамиятини янада оширади, - дейди ҳарбий таҳлилчи.

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги НАТО операциялари учун муҳим ҳамкор бўлиш эҳтимолини ташкилотга аъзо давлат расмийлари ҳам яширишаётгани йўқ. Ўтган ой Европа Иттифоқининг Тошкент мулозимларига нисбатан виза чеклови бекор қилиниши арафасида Тошкентга сафар қилган Латвия президенти Валдис Затлерс ана шундайлардан бири.

Андижон воқеаларидан сўнг Тошкентга қадам ранжида қилган Европанинг етакчиларининг биринчиси бўлмиш президент Затлерснинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Андрес Пельш Озодлик билан суҳбатда:

- Биласиз, Латвия НАТОга аъзо давлат ва Афғонистонда НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар сафида аскарларимиз бор. Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларнинг амалга оширилишида эса Ўзбекистоннинг ёрдами жуда муҳим ва икки давлат президентлари бу масалани ҳам муҳокама қилишди.

Муҳокама қилинган масалалар орасида, хусусан, НАТО кучлари транзити ва уларнинг моддий таъминотини Ўзбекистон орқали амалга ошириш масаласи қайд этиш мумкин, деган эди Латвия президенти маслаҳатчиси Озодликка берган суҳбатида жумладан.

Андижон воқеаларидан кейин Америка ҳарбийларини Ўзбекистондан ҳайдаган президент Каримов НАТО шаънига ҳам аччиқ сўзлар айтган эди.

Лекин ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов, бугун вужудга келган геосиёсий вазият НАТО билан Тошкентнинг бир-бирига бўлган эҳтиёжини шу даражада оширадики, ўтмишда рўй берган ўзаро келишмовчиликлар муносабатлар яқинлашувига тўсқинлик қила олмайди деган ишончда.

- Менинг назаримда ҳозирги пайтда Марказий Осиë республикалари Грузия воқеаларидан кейин Россиядан анчагина чўчиб қолишди.

Бундан ташқари Афғонистон Ўзбекистон учун ҳам¸ НАТО учун ҳам бош оғриқ. Ўзбекистон ҳукумати АҚШ базасини чиқариб юборгани билан шу пайтгача Афғонистон борасида у ëки бу кўринишда ҳамкорликни давом эттириб келаяпти.

Ўзингиз биласизки¸ Ўзбекистон НАТОнинг эффектив бўлган лойиҳаларидан иккитасига аъзо. “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” деган лойиҳа бор. Бу лойиҳада Туркманистондан бошқа барча тўртта республика иштирок этади.

Бундан ташқари у ерда ҳамкорлик кенгаши бор. Ҳамкорлик кенгашида ҳам Ўзбекистон иштирок этиб келаяпти. Андижон воқеаларидан кейин ҳам мана шу форматлардан Ўзбекистон чиқиб кетгани йўқ ва буни мен ижобий ҳол деб биламан.

Лекин, деб қўшимча қилади таҳлилчи, Ўзбекистонда НАТОга тегишли янги ҳарбий базаларнинг очилишини ҳозирча кутмаслик лозим.

- Менимча ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳукумати ва умуман минтақадаги геосиëсий вазият ҳарбий базаларни қайтадан очишга имконият бермаса керак. Мен АҚШ базаси ҳақида гапираяпман.

Назаримда Термиздаги Германия ҳарбий базасининг формати кенгайтирилиши мумкин. Умуман у ернинг имконият даражаси¸ самолëтларнинг қўниши¸ транспортировка учун коридорларнинг кенгайтирилишини кутиш мумкин. Ўзбекистон ва НАТО ҳамкорлиги доирасида бошқа ҳамкорликлар доираси очилиши мумкин. Лекин айнан Хонободдаги база АҚШга қайтариб берилади¸ деган фикрга¸ ҳозирча мен қўшила олмайман¸ дейди мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG