Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:12

Гуруч нега қиммат?


Гуруч ва гўшт нархининг ҳакалак отаëтгани¸ ўзбекларни ҳам ўрисча товуқлик кашани ош деб ейишга ўргатадиган кўринади.
Гуруч ва гўшт нархининг ҳакалак отаëтгани¸ ўзбекларни ҳам ўрисча товуқлик кашани ош деб ейишга ўргатадиган кўринади.
Хўш, ўзбекистонликнинг оши нима учун қўшнилариникига қараганда икки баравар қимматга тушаяпти?

Биринчи мақоламиздан буён 10 кун ўтди. Фарғоналик мана бу тингловчимизнинг айтишича, гуруч шу кунда бироз арзонлаган.

- Яхши гурунчлар 5000 сўм. Ўзимизнинг шавлабоп оддий гуручлар 2500 сўмдан 3500 сўмгача.

Шу кунда 1400 ўзбек сўми бир АҚШ долларига тенг. Демак, оддий гуручнинг ўртача нархи 2 доллардан қимматроқ. Ошбоп-сифатлиси эса, салкам тўрт доллар.

Бу арзонлаб қолгани, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Сирдарёда эса, мана бу нархлар:

- Яхши гуруч 7000 сўм. Пули йўққа 2000 сўм.

Озодлик: 7000 сўмлик қанақа гуруч у?

- Энг тоза¸ сара¸ девзира деганлари. Бундан пули бор бойваччалар ош қилиб ейди.

Озодлик: Энг арзони неча пул?

- Энг арзони 2000 сўм. Русчасига сечка дейди¸ бизда оқшоқ.

Озодлик: Йўқ¸ сиз гуручнинг энг арзонини айтинг.

- Энг арзони 3000 сўмга бораяпти.

Демак, Сирдарёда бир кило ошбоп гуруч 5 доллар туради.

Хўжанд ва Ўшда бундай гуручни икки доллардан сал ортиқ пулга сотиб олиш мумкинлиги тўғрисида биринчи лавҳамизда айтган эдик.

Хўш, нима учун шундай? Ахир ўртадаги чегаралар ҳисобга олинмаса Ўш, Хўжанд, Фарғона ва Сирдарёнинг шароити бир хилдаку?

Суҳбатдошларимизнинг фикрларига қараганда, гуручнинг қимматлиги Ўзбекистон ҳукумати юритаётган иқтисодий сиёсат натижасидир.

Биринчидан, кейинги йилларда деҳқонларга шоли экишга рухсат берилмаяпти.

Фарғонадаги аҳвол:

- Айнан шоли бўлаëтган маҳалда ички ишлар ходимлари бир қанча фермерларнинг шолисини буздириб ташлади. Ëзëвон ва Охунбобоев туманида аллақанча шоли майдонлари бузилиб кетган. Сув танқислигини рўкач қилишди.

Сирдарёдаги аҳвол:

- Бизда ўзи асосан Гулистон тумани¸ кейин Сайхунобод тумани¸ Мирзаобод туманларида давлат шартномаси бўйича озгина бўлса ҳам шоли экиларди. Лекин бу йил ўша шоли майдонлари тўлиқ бузиб ташланганлиги муносабати билан биринчидан шоли экадиган фуқаролар жабр кўриб қолди. Иккинчидан ўшанинг таъсири ҳозирги пайтда аҳолига билинаяпти.

Андижондаги аҳвол:

- Бизда ҳозир умуман шоли экишга рухсат йўқ. Ўтган йил ҳам¸ бу йил ҳам фақат молларимизга макка экиб олдик. Шолига умуман рухсат йўқ.

Аслида, шоли экишни таъқиқлаш, таъқиққа қарамай, экилган шолини-шолипояни милиция ёрдамида йўқ қилиш бу йил пайдо бўлган амал эмас. Бу сиёсат бир неча йилдан бери давом этаяпти ва бу ҳақда ишлаб турган вақтида – 3-4 йил аввал Намангандаги мухбиримиз Носир Зокир хабар қилган эди.

Ўзбекистонда гуруч қимматлигига иккинчи сабаб ҳукуматнинг бож сиёсатидир, деган фикрни билдирди сирдарёлик суҳбатдошимиз.

- Бизда чегарадан ўтказаëтганда давлат божлари икки баробарга кўпайиб кетади. Бизда шундай ставкалар қўйилганки¸ олинаëтган маҳсулотга 100 фоиз¸ бўлмаса 70 фоизгача давлат божи тўланади.

Тўғри айтаяпти сирдарёлик бу суҳбатдошимиз

Масалан, президент Каримов имзолаган қарорга биноан, 2005 йилнинг 1 ноябридан бошлаб, импорт қилинадиган қатор истеъмол товарлари учун олинадиган бож ва акциз солиқлари икки бараварга оширилган эди.

Масалан, ташқаридан гуруч опкелаётган ўзбекистонлик товари қийматининг 30 фоизи ҳажмида бож, 20 фоизи ҳажмида қўшимча қиймат солиғи тўлаши керак. Энди бунга транспорт харажатлари-ю¸ йўллардаги ҳар-хил текширувчиларнинг "узат-узат"ларига қилинган жавоб-харажатларни қўшинг.

Табиийки, Ўзганда нархи икки долларга етмайдиган девзира Фарғонада 4 долларга, нарироқдаги Гулистонда эса, 5 долларга чиқади.

Бу ташқаридан олиб келинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари йўлидаги тўсиқ. Андижонлик мана бу суҳбатдошимизнинг гапига қараганда, савдогар Ўзбекистоннинг ичида ҳам бемалол ҳаракат қила олмайди.

- Икки йил олдин мен Қирғизистон чегарасидан семичка олганман. Қирғизистондан эмас¸ чегарасидан. Ўшани олиб қўйишди ва мусодара қилиб юборишди.

Озодлик: Қайси мамлакатнинг божхонаси мусодара қилди?

- Ўзимизнинг Ўзбекистонники. 1 миллион 200 минг сўмлик товарим шундай кетди.

Озодлик: Товарни Ўзбекистон ҳудудидан сотиб олгансиз?

- Ўзбекистон ҳудудидан сотиб олганман. Қирғизистоннинг семичкаси. У десак бу деди¸ бу десак у деди. Ўша ерда казармаси бор экан. Казармага машинамни олиб кириб қўйди. Сизларга арзон қилиб берамиз¸ у қилиб берамиз деди. МХХнинг рўпарасида магазини бор экан. Икки ой югурдик. Охири биз уни ëқиб юбордик¸ деди. Энди ëқдими ë бошқа нарса қилдими ўзлари билади.

Озодлик: Пулини ҳам бергани йўға?

- Қанақа пулини? Биз у пайтда 10 минг жарима тўлаганмиз¸ қоғози ҳам бир жойда турган бўлса керак. Устига яна шуни ҳам тўлаганмиз.
XS
SM
MD
LG