Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:21

Муроса томон илк қадам


Женева сўзлашувларининг иккинчи босқичида қатнашган айирмачи ўлка вакиллари журналистлар қуршовида қолдилар.
Женева сўзлашувларининг иккинчи босқичида қатнашган айирмачи ўлка вакиллари журналистлар қуршовида қолдилар.

Россия ва Грузия расмийлари 19 ноябрь куни Женевада Грузиянинг айирмачи ҳудуди – Жанубий Осетия билан боғлиқ августда юз берган қуролли тўқнашув оқибатларини муҳокама қилиш учун учрашдилар.

Москва ва Тбилиси вакилларининг 19 ноябрь кунги учрашуви икки ўртадаги келишмовчиликни бартараф қилиш йўлида қўйилган анчайин олға қадам сифатида баҳоланиши мумкин.

Чунки шу мақсадда уюштирилган ўтган ойги учрашувда томонлар ҳатто битта даврада ўтиришни хоҳламаган эди.

Озодлик радиоси грузин хизмати мухбири Окро Рухадзенинг Женевадан хабар қилишича, Грузия ва Россия делегациялари, халқаро ташкилотлар ҳамда Грузиянинг айирмачи ҳудудлари – Жанубий Осетия ва Абхазия вакиллари сешанба куни кечқурун бир дастурхон атрофида ўтириб, кечки овқат едилар.

19 ноябрь куни эса, ёпиқ эшиклар ортида сўзлашувлар бошланди.

Маълумки, Москва Жанубий Осетия ва Абхазияни мустақил давлатлар, деб тан олган ва шундан келиб чиқиб, Цхинвали ва Сухумини Женева сўзлашувларида тўлақонли иштирокчилар сифатида қатнашишини талаб қилди.

Ўз навбатида, Тбилиси бундай талабларни рад этди. Грузия реинтеграция вазири Темур Иакобашвилиi Озодликка берган интервьюсида сўзлашувларда айирмачи ҳудудларда яшайдиган сепаратчиларгина эмас, балки Тбилиси билан яқин алоқада бўлган, сепаратчи бўлмаган кучлар ҳам қатнашиши керак, деди. Августдаги 5 кунлик урушни назарда тутар экан, у:


Грузия билан Россия ўртасидаги бу уруш Грузиянинг икки ҳудуди – Абхазия ва Цхинвали минтақаси устидан бўлганини бутун дунё кўрди. Иккала ҳудудда – Абхазияда ҳам, Цхинвалида ҳам иккитадан жамоа мавжуд: бири сепаратчи, иккинчиси айримачи эмас, - деди.

Amnesty International ташкилотининг 18 ноябрь кунги хабарига қараганда, Грузия ва Жанубий Осетия ўртасидаги юридик тан олинмаган бироқ амалда мавжуд бўлган чегара ҳудудида зўравонликлар давом этмоқда ва натижада 30 минг атрофидаги киши ўз қишлоқларига қайта олмаяпти. Бу Женева сўзлашувларида тилга олинадиган бир масаладир.

Сўзлашувчи томонларнинг иккинчи гуруҳи ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувнинг Москва томонидан тўла бажаралиши масаласини муҳокама қилди. Келишувга кўра, Москва ўз ҳарбийларини 7 августгача бўлган позицияларига – уруш арафасидаги позицияларига қайтариши, ЕИ кузатувчиларига айирмачи ўлкалар ҳудудига киришига рухсат бериши керак.

Бироқ Москва билан Тбилиси урушни ким бошлади, деган масалада бир-бирига зид қарашда бўлгани учун бу муаммоларнинг ечим топиши мушкулдир.

"Грузия ҳарбийлари Жанубий Осетиянинг тинч аҳолисига ҳужум қилгани учун Россия осетияликларни ҳимоя қилишга отланди". Бу - Россиянинг позицияси.

"Жанубий Осетия ҳудудидан туриб Грузия қишлоқлари замбараклардан ўққа тутилгани учун Тбилиси Цхинвалига ҳужум қилди". Бу – Грузиянинг позицияси.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар, хусусан Amnesty International вакиллари фикрича, ҳар икки томон кучни вазиятга номутаносиб ишлатган ва гуманитар ҳуқуқларни қўпол тарзда бузган.

18 ноябрь куни Грузиянинг БМТдаги вакили Ираклий Аласания Европа Иттифоқини августдаги 5 кунлик уруш юзасидан мустақил текширув ўтказишга даъват қилди.

XS
SM
MD
LG