Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:35

Қирғизистонда жиноятчи ўзбек кўпаймоқда


Вазир Мўлдўмуса Қўнғантиев милиционерлари кейинги пайтларда жиноятда гумонланаëтган ўзбекистонликларни қўлга олиш амалиëтини анча фаоллаштириб юбордилар.
Вазир Мўлдўмуса Қўнғантиев милиционерлари кейинги пайтларда жиноятда гумонланаëтган ўзбекистонликларни қўлга олиш амалиëтини анча фаоллаштириб юбордилар.

2008 йилнинг ўтган ўн ойи мобайнида турли жиноятларда айбланган 120 га яқин ўзбекистонлик Қирғизистон ҳудудида жавобгарликка тортилган.

Контрабандачилар пора бермоқчи эдилар

19 ноябр куни Қирғизистонда милиция ходимига 5 минг доллар пора бермоқчи бўлган ўзбекистонлик фуқаро қўлга олинди.

Воқеа Боткен шаҳрида бўлиб ўтган. 18 ноябр куни Боткен вилоят ички ишлар бошқармасининг контрабандага қарши кураш бўлими ходимлари қиймати 2,5 миллон қирғиз сўмига (65790 АҚШ долларига) тенг бўлган ва Ўзбекистонга жўнатилаётган контрабанда маҳсулотларни қўлга олганлар. Юк эгаси Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди. 19 ноябр куни эса юк эгаси Боткенга келиб, воситачи орқали милиция ходимига 5 минг доллар пора таклиф қилган.

- Ўзбекистон фуқаросини қамоққа олганимиз йўқ, бироқ у тергов тугагунга қадар уйига ҳам кетолмайди, - деди бу ҳақда маълумот берар экан Қирғизистон ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Бақит Сейитов. - У қонун бўйича контрабанда маҳсулоти олиб ўтишга ҳаракат қилгани учун жарима тўлайди. Шунингдек, ундан солиқлар ҳам ундириб олинади. Пора таклиф қилгани учун қандай жазо белгилашни эса суд ҳал қилади. Ҳозир бу борада жиноят иши очилган.

Бақит Сейитовнинг айтишича, шу йил ичида Ўзбекистон фуқароси томонидан қирғиз милицияси ходимига пора таклиф қилинган иккинчи воқеадир. Бундан бир неча ой олдин Ўш вилоятининг Қорасув туманида контрабанда йўли билан Ўзбекистонга маҳсулот олиб чиқиб кетаётган андижонлик аёл қўлга олинган. У ҳам милиция ходимига 200 доллар пора таклиф қилган.

Чегарадош ҳудудлардаги йўлтўсарлик

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги маълумотларида мамлакат ҳудудида турли жиноятларни содир этган ўзбекистонликлар номи кейинги бир йил ичида тез-тез пайдо бўла бошлади. 2007 йилда Ўзбекистон фуқаролари кўпроқ чегара бузиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларда тилга олинарди. 2008 йилда эса ўзбекистонликлар томонидан Қирғизистон ҳудудида бошқа жиноятлар содир этилаётгани тўғрисидаги ахборотлар ҳам пайдо бўла бошлади. Сўнгги олти ой ичида Қирғизистон ҳудудида ўзбекистонликлар билан боғлиқ бўлган 20 га яқин жиноят содир этилган.

Ўзбекистон фуқароси томонидан Қирғизистонда содир этилган энг оғир жиноят шу йилнинг 12 июнида қайд этилган. Жалолобод вилоятининг Ахси туманида 19 ёшдаги ўзбекистонлик Қирғизистон фуқаросини пичоқлаб ўлдирган.

Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг жиноятлар қайд этиладиган ахборотномасини варақлар эканмиз, ўзбекистонликлар номлари асосан майда жиноятлар рўйхатига тиркалганининг гувоҳи бўламиз.

- Ўзбекистонликлар томонидан жиноятлар кўпроқ чегарадош ҳудудларда содир этилади. Улар асосан йўлтўсарлик, мол ўғирлиги каби жиноятларда айбланадилар, - деди Қирғизистон ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Бақит Сейитов. - Лекин, шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ўзбекистонликлар томонидан содир этилган жиноятлар Қирғизистонда содир этилган барча жиноятларнинг арзимас қисмини ташкил этади, холос.

Айни пайтда қирғизистонликлар томонидан-да Ўзбекистонда жиноятлар содир этилишини ҳам айтиб ўтиш лозим. Агар ўзбекистонликлар Қирғизистонда асосан енгил жиноятларни содир этаётган бўлсалар, Ўзбекистонда қўлга олинган қирғизистонликлар оғир жиноятларда айбланадилар. Бу борадаги ахборотларда қирғизистонликлар асосан банг моддалари савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги айтилади.

“Ўзбекистонлик” деган сўз чегарани ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ бўлган ахборотларда ҳам уч кунда бир учраб туради. Қирғизистон чегара хизмати тақдим этган маълумотда айтилишича, шу йилнинг 10 ойи ичида Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганда 390 киши қўлга олинган. Уларнинг 98 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

Омбудсменга ўзбекистонликлар шикоят қилмаганлар

Қирғиз милицияси ва чегара хизмати маълумотларидаги кўрсаткичларни жамласак, 2008 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 120 га яқин ўзбекистонлик Қирғизистон ҳудудида турли жиноятларни содир этиб, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилганига гувоҳ бўламиз. Қўлга олинган ўзбекистонликлардан қанчаси маъмурий ва қанчаси жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Лекин “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган расмийларга кўра, қўшни давлат фуқаролари оғир жиноятларни содир этмаган тақдирда, уларга нисбатан маъмурий жазо ёки жарима белгиланади, холос.

Шу ўринда “Қирғизистон ҳудудида жиноят содир этишда айбланган ўзбекистонликлар ўзларининг ноқонуний тарзда қўлга олинганлари ёки айбсиз эканларини исботлаш мақсадида давлат идораларига мурожаат этганларми?” деган савол туғилди. Бу савол билан биз Қирғизистон Омбудсмени матбуот хизматига мурожаат қилдик.

- Йўқ, бундай мурожаатлар ва аризалар қайд этилмаган, - деди Омбудсмен матбуот котиби Тўқтўғул Қақчикеев. - Қирғизистонлик ўзбеклардан аризалар бор, бироқ Ўзбекистон фуқаролари бизга қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки давлат органларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан шикоят қилмаганлар.

Тўқтўғул Қақчикеевга кўра, ўзбекистонликларга нисбатан Қирғизистон ҳудудида ноқонуний ҳаракатлар содир этилган бўлиши мумкин.

- Бироқ ўзбек халқи муросани яхши кўради, ҳуқуқлари поймол этилса ҳам, “оч қорним, тинч қулоғим” қабилида яшайди. Балки шунинг учун ҳам бундай аризалар бизга тушмагандир, - деди Тўқтўғул Қақчикеев.

XS
SM
MD
LG