Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:01

Қозоғистонда муҳожир ови бормоқда


Қозоғистоннинг аксар шаҳар ва қишлоқларидаги қурилишларда асосан ўзбекистонлик мардикорлар ишлаëтганига гувоҳ бўласиз.
Қозоғистоннинг аксар шаҳар ва қишлоқларидаги қурилишларда асосан ўзбекистонлик мардикорлар ишлаëтганига гувоҳ бўласиз.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари меҳнат муҳожирларини юртига ҳайдаш келажакда мамлакат иқтисодида салбий акс этишидан огоҳлантирмоқдалар.

Жаҳон бўйлаб молиявий бўҳроннинг авж олаётгани чет элга иш излаб кетаётган ўзбекистонликларни йўлдан қайтариб қололмаяпти. Улар пул топиш илинжида ҳамон яқин ва узоқ хорижга жўнаб кетмоқдалар. Қозоғистонда ишлаётган андижонлик суҳбатдошимиз Зафаржон ўзбекистонликларни хорижга етаклаётган сабабларга тўхталди:

- Иш билан таъминланмаганлик, ойликларнинг вақтида берилмаслиги сабаб бўлиб қолди ватандан кетишга. Ҳозир ўзбек халқига ҳавас бўлиб қолди четга чиқиб ишлаб келиш. Ўзимизда иш йўқ, шароит чатоқ - ўзингиз кўраяпсиз. Шунга бу ерларда қийналса ҳам, бирор иш қилиб, озроқ пул ишлаб, кейин боришадида ватанга, - дейди Зафаржон.

Кузатувчиларга кўра, чет эллик меҳнат муҳожирлари Қозоғистонда асосан қора ишлар, жумладан, қурилиш объектларидаги ишларга жалб қилинади. Бироқ жаҳондаги молиявий бўҳрон ва Қозоғистон иқтисодида кузатилаётган инқироз аксар муҳожирларнинг иш жойларини йўқотишларига сабаб бўлмоқда.

Ишсиз муҳожирларни “қулбозор”дан изланг

Шу боис ҳозир Қозоғистонда иш жойларидан айрилган чет эллик меҳнат муҳожирлари Олмаота шаҳри чеккасида жойлашган, кўпчилик орасида “қулбозор” деб юритиладиган мардикор бозорига келишга мажбур бўлмоқда.

Айтишларича, меҳнат муҳожирининг мардикор бозорида топадиган кунлик даромади минг танга ёки тахминан 8,5 АҚШ долларига тенг.

Аммо Қозоғистонга пул ишлаш мақсадида келган мардикорларнинг мазкур бозор орқали кўраётган кунлари ҳам узоққа чўзилмайдиган кўринади.

Муҳожир “ов”и жадаллашди

Олмаота шаҳар полицияси ноябр давомида мамлакат ҳудудида юрган ноқонуний муҳожирларни овлаб, юртига қайтариш рейдларини фаоллаштириб юборди.

Ўтган бир ҳафта давомида 360 меҳнат муҳожири юртига бадарға қилинди. Олмаота ички ишлар департаментининг келтиришича, уларнинг 90 фоизи ўзбекистонликлардир.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Қозоғистондаги меҳнат муҳожирларига қарши рейдларнинг ўтказилишига чет эллик фуқаролар томонидан мамлакат ҳудудида содир этилаётган жиноятлар миқдори кўпайгани ҳам сабаб бўлаётганини қайд этадилар.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида Олмаота вилоятида чет эллик меҳнат муҳожирлари томонидан жами 92 та жиноят содир этилган.

“Муҳожирларнинг ҳаммасини ҳайдаш керак”


Қозоғистондаги айрим жамоатчилик ташкилоти вакиллари ҳам ҳукуматнинг мамлакат ҳудудидаги чет эллик ишчилар сонини камайтириш талабни илгари сурмоқдалар. “Шанирақ” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Асилбек Хўжахметов ҳам ана шундай фикрда.

- Полиция тезкорлик билан уларни аниқлаб, Қозоғистондан бадарға қилиши керак. Миграция ҳақидаги қонунда келтирилган талабларни эса кучайтириш зарур. Бизнинг полиция муҳожирларни тутиб, уларни 15 суткага қамайди-да, сўнг улар мамлакатда яна тартиб бузиб юраверишади. Ҳозир уларнинг сони жўда кўп. Бизнинг Қозоғистонга Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган муҳожирлар керак эмас. Уларнинг аксари қурилиш ишларига жалб қилинади. Бироқ қурилиш ишларини қозоғистонлик ишчиларимиз ҳам бажаришлари мумкин, - дейди Асилбек Хўжахметов.

“Бу кунлар ўтар-кетар...”

Айни пайтда, халқаро инсон ҳуқуқлари Ҳелсинки қўмитасининг Олмаота ваколатхонаси раисаси Нинел Фокинага кўра, Қозоғистон ҳукумати мамлакат иқтисодида кузатилаётган инқирозга қарамай, меҳнат муҳожирларини ўйламай-нетмай мамлакат ҳудудидан қувиб чиқармаслиги лозим.

- Ҳукумат обдон ўйлаб, кейин қарор қабул қилиши керак. Чунки молиявий бўҳрон якун топгач, тахминан икки йиллардан сўнг¸ меҳнат муҳожирлари Қозоғистонга яна асқотиб қолиши мумкин, - деди Фокина.
XS
SM
MD
LG