Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:00

Тўражонзода дарсликлар сифатидан норози


Ҳожи Акбар Тўражонзода "Дин тарихи" дарслиги нафақат дунёвий, балки диний-илмий хатолардан ҳам холи бўлиши шартлиги урғулайди.
Ҳожи Акбар Тўражонзода "Дин тарихи" дарслиги нафақат дунёвий, балки диний-илмий хатолардан ҳам холи бўлиши шартлиги урғулайди.

Ҳожи Акбар Тўражонзода Исломга оид дарсликлар қайтадан нашр этилишини сўраб, мамлакат Таълим вазирлигига мактуб йўллади.

Тожикистондаги таниқли дин олими ва мамлакат парламенти депутати Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг Таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов ва президент маслаҳатчиси Сайидмурод Фаттоев номига юборилган очиқ хатида айтилишича, “мактаб дарсликлари муаллифларининг Ислом дини ва исломий қадриятлар ҳақидаги тушунчалари профессионал даражада эмас ва илмий асосланмаган”.

“Дин тарихи” дарслиги ёлғонга тўла

Тўражонзода ўз хатида мактаб дарсликларида Исломга нисбатан туҳмат ва таҳқирга қоришган фикрлар ҳам битилганидан норози эканини ёзади.

- Масалан, 6-синф тарих китобида Ислом дини гўё пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсий ижоди экани таъкидланган. Ваҳий мавзусида ҳикоя қилинган жойида, пайғамбаримиз Ҳиро ғорида уйқуга кетганларида ҳазрати Жаброил алайҳиссаломни тушларида кўрганлари айтилган. Ҳазрат пайғамбаримиз Ҳиро ғорига ухлаш учун бормаганлар. Пайғамбаримиз Ҳиро ғорига ибодат учун борганлари ва ҳақиқатан ҳам Жаброил алайҳиссаломни аниқ кўрганлари ҳамда Худонинг дастури билан Ерга тушган Жаброил алайҳиссалом пайғамбаримизга “Иқро”, яъни “Ўқи” дея буюрганлари ҳадисларда батафсил баён қилинган, - дейди дин олими Тўражонзода.

Унга кўра, энг хатарли жойи пайғамбаримиз қурайшийларнинг учта талабини қабул қилганларидан сўнг улар Ислом динига кирганлари борасидаги ҳикоядир.

- Бу ғирт ёлғон. Аввало шуни айтиш керакки, пайғамбаримиз ва Макка аҳли ўртасида бирорта музокара бўлмаган. Аксинча, Макка мушриклари пайғамбаримизни Исломга даъват қилишдан тийилишни талаб қилишган. Ва пайғамбаримизни жисмонан йўқ қилишга ҳаракатлар бошлангандан сўнг у киши ҳижрат қилишга мажбур бўлганлар, - дея аниқлик киритади Тўражонзода.

Тожикистонлик олим Муҳаммад алайҳиссалом Маккага қурол кучи билан эришилганига оид туҳматлар ҳатто шўролар даврида ҳам айтилмаганини уқтираркан, бу каби ёлғон маълумотларнинг тожик болалари онгига сингдирилиши уларнинг Исломга шубҳа билан қарашига сабаб бўлишидан ташвиш билдирди.

Тўражонзода таълим вазири ва президент маслаҳатчиси бу таҳлиллардан тўғри хулоса чиқариб, Ислом дини тарихини ёритувчи мактаб дарсликларини қайтадан нашр қилдиришларига ишонч билдирди.

“Имкон топсак, қайта нашр қиламиз”

Ўз навбатида, Тожикистон Таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов дин олимининг мактубига муносабат билдирар экан:

- Бундан икки ой илгари Тўражонзода билан айни масалада баҳслар бўлган эди. Менимча, у киши дарслик китобларида мавжуд айрим камчиликларни жуда бўрттириб кўрсатаяпти. Ҳозир бизнинг олдимизда турган энг муҳим масала китобларни қайтадан нашрга бериш эмас, балки мактабларни дарсликлар билан тўла таъминлаш масаласидир. Аммо, шунга қарамай, имкониятларимизни ишга солиб, айрим хатоликлар билан чоп этилган дарсликларни қайта нашр қилдираяпмиз, - деди вазир Раҳмонов.

Дарсликда нима ёзишни диндорлар белгиламайди

Айни пайтда тарих илми билан шуғулланувчи тожикистонлик айрим олимлар мамлакатдаги дарсликлар – ҳатто бу дарсликлар дин тарихига оид бўлса ҳам - дин олимлари талабларидан келиб чиқиб ёзилмаслигини қайд этадилар. Тожик-славян университети ўқитувчиси, тарихчи олим Исмоил Раҳматов Тожикистондаги дарслик китоблари диний қарашларга таянган ҳолда ёзилмаслигини, зеро бу давлат демократик ва дунёвий давлат эканини таъкидлайди.

- Оламнинг пайдо бўлиши ҳақида ҳам диний ва илмий қарашлар мавжуд. Исломий давлатларда дарслик китоблар ёзилаётганда албатта кўпроқ диний қарашларга таянилади. Аммо биз демократик, дунёвий давлатда яшар эканмиз, илмий асосланган китобларга таянган ҳолда дарсликлар ёзамиз. Дунёнинг тараққий этган давлатларида, Европа ва Осиёда бу масала қандай изоҳланган бўлса биз ҳам ўшанга таянишимиз керак. Бугун дин уламолари бу каби эътирозлар билан чиқишлари менга тушунарсиз, - дейди тарихшунос Исмоил Раҳматов.

Қайд этиш жоизки, ўрта таълим мактабларининг юқори синфлари учун “Дин тарихи”га оид фан 2006 йилда Тожикистон Таълим вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган эди, аммо мазкур фан бўйича ёзилган дарслик муаллифлари ичида дин тарихи билан махсус шуғулланган бирорта ҳам олим йўқлиги эътироф этилади.

XS
SM
MD
LG