Линклар

Панжара билан ўралган матбуот

  • Абдулла Искандар

Бундан 20 йиллар аввал аксари оқ-қора телевизорга термуладиган ўзбекистонликлар¸ "Оталар сўзи " , "Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари "¸"3- студия" каби теледастурларни орзиқиб кутишар эди.

Бундан 20 йиллар аввал аксари оқ-қора телевизорга термуладиган ўзбекистонликлар¸ "Оталар сўзи " , "Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари "¸"3- студия" каби теледастурларни орзиқиб кутишар эди.

Ўтган ой таниқли журналист Дадахон Ëқубовнинг ҳибсга олиниши кўпчилик хотирасида 90- йиллар бошида машҳур бўлган “Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувини жонлантирди; телевидениенинг нафақат юртбошига мақтов¸ балки инсонлар қувонч ва ташвишлари ҳақида ҳам гапирган кунлари эсланди.

Қувонч ва ташвишлар учун минбар

Ўша пайтда Марказқўмда инструктор бўлиб фаолият кўрсатган таниқли журналист Шароф Убайдуллаев Дадахон Ëқубовнинг Ўзбекистон телевидениесига янгича руҳ берган йигит эканлигини айтар экан, у ҳақда яхши журналист деган тасаввур қолган, дейди.

- Дадахон ўзи жуда ҳозиржавоб журналист эди. Журналистик манераси, экранда ўзининг бутун бир эҳтирослари билан алоҳида журналист эди. Ўзбекистон телевидениесига янгича руҳ берган йигит эди бу. “Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари” деган эшиттиришни олиб борарди у.

Кенг оммага сингиб кетган, одамлар телевизорда кутиб, эртасига муҳокамасини қилиб, жуда телевидениенинг обрўсини кўтарган эшиттириш эдида энди. Одамлар бу эшиттиришларни интизорлик билан кутарди. Анча адолатли олиб борилар эди. Кейин жуда ҳам долзарб бўларди. Масаланинг нуқтасига, мўлжалга теккан бўларди. Бу эшиттиришлар халққа ëқар эди.

Раҳбариятнинг муайян табақасига ëқмаганини ҳам биламан лекин ўшанда ҳам¸ масалан¸ мана Тошкент вилоятида ëмғир ëғиб, сел келиб анча мунча жойни олиб кетган эди. Ўша куннинг эртасига у телевизион гуруҳи билан етиб бориб, воқеа жойидан репортажлар олиб борган эди.

Шунга жавобгар одамларга ва муайян соҳа раҳбарларига “Сел келиши тасодиф эмаску. Мана шу жойлардаги одамларни аллақачон кўчириш мумкин эди. Шу воқеаларнинг содир бўлишига ким жавобгар” деган саволларни қўйган эди. Долзарб масалаларни қўярди у.

Озодлик: Арманистондаги зилзилани ҳам ëритган дейишади.

- Ҳа, ëритган. У менинг назаримда халқнинг дилида турган муаммоларнинг ечимини топишга ўзини сафарбар этарди. Ўша даврда “Уч Дадахон” дейиларди. Биттаси халққа машҳур ҳофиз Дадахон Ҳасан, иккинчиси Дадахон Нурий ëзувчи сифатида отилиб чиққан эди, учинчиси “Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари” эшиттиришининг муаллифи Дадахон Ëқубов. У шу эшиттириши билан ҳатто депутат бўлган эди.

Озодлик: Президент маслаҳатчиси ҳам бўлган дейишади.

- Депутат бўлгандан кейин у катта сиëсий аренага чиқиб, ўзини тўла намоëн қила олмади. Ҳозирги президентимизнинг ëрдамчиси эди. Мен у пайтда ëнма-ëн ишлаганман. Жуда яхши биламан. Бешинчи қаватнинг охирида Дадахоннинг хонаси бўларди. Биров кирмас эди, биров чиқмас эди. Шу учала Дадахонни ҳам халқ қўмсайди. Учала Дадахоннинг қаерда эканлиги мен ўзим ҳам билмайман ҳозир.

Заковатнинг “колбаса”хўрлари

Кекса журналист Шароф Убайдуллаев пайтдан фойдаланиб телевидениедаги муаммолар, эшиттиришлар, журналистларнинг савияси хусусида ҳам гапиришни лозим топди.

- Телевидениеда эшиттиришлар жуда ҳам кўп. Маълум табақалар Ўзбекистон телевидениесини кўрмайди десам ишонаверинг. Умуман Ўзбекистон телевидениеси кимга ишлайди, кимга мўлжалланган, десангиз жавоб берадиган одам йўқ. Масалан мен ўзим битта “Заковат”ни кўраман. “Заковат”ни олиб борадиган журналистнинг савияси жуда ҳам яхши.

Эшиттиришнинг йўналишини, вазифасини яхши ҳис қилади, тўғри тушунади. Бу эшиттиришнинг келажаги порлоқ. Лекин шуни ҳам ҳар сафар кўрганда кўнглингиз ҳузур топмайди. Шу маънодаки, бу эшиттиришнинг ҳомийси бир колбаса чиқарадиган Хўжаниëз ота деган одам экан. Ақлли, доно, заковатли, бутун республикани ўзининг ақли билан ўзига ром этган йигитларга бир қулоч колбаса улашиб чиқилади.

Улар ҳам энди, шу эшиттиришнинг режиссëри тайинлаган бўлиши мумкин, колбасани сўлқиллатиб бири ëнига, бири қўлига ушлаб намоëн бўлиб туришади. Энди ақл-заковат билан колбаса ëнма-ëн турадиган нарса эмас.

Озодлик: Замоннинг унсурларида бу ҳам.

- Замоннинг унсури деб буни замонга ëпиштираверсак ҳам тўғри бўлмайди. Замоннинг, телевидениенинг бошқа жуда катта имкониятлари бор. Ўша имкониятларни ишга солиш керак. Бу эшиттириш Москванинг “Что? Где? Когда?” эшиттиришидан олинган. 50 йилдан бери ота-бола Ворошиловлар олиб боради. У ерда битта савол учун бир неча минг доллар мукофот берилади. Яхши савол учун компьютер орқали 100 минг рубллаб мукофот кетади. Бу ерда саволлар кучли, кўрсатув савияси журналистик нуқтаи назардан яхши.

Шу кўрсатув орқали “Заковат”да билимдон, ақлли болалар пайдо бўлган. Ҳозирги ëшлар уларнинг чиқишини ҳавас билан кутади. Тўғри уларга онда-сонда китоб ҳам берилади. Лекин асосий ҳомий Хўжаниëз ота. Хўжаниëз отадан ўргилай, колбасаларни тўкиб ташлайди. Кўриб кўнглингиз айнийди. Хафа бўлиб кетасиз. Шу эшиттиришнинг савиясини туширади.

Энди ҳозир у бу телевидениеда колбаса улашиш... Колбаса берса бераверсин. Колбасани зукколар, заковатлилар олиб кетишга жуда қаршилик қилмайди. Уларнинг уйида ҳам колбаса кутиб турганлар бор. Энди ўйин ўйналаëтган ақл-заковатнинг майдонига корзинкада колбаса қўйиб қўяди, ҳаммаси ундан кўзини ола олмайди. Шундай зукко йигитларнинг кўзи колбасага қараб ўйнайди. Энди бунақамас-да. Режиссëр “Бирпас кўзингни олиб тур бундан. Бундан бошқа нарсалар ҳам бор” деб айтиши керак.

Сақич чайнаëтган аудитория

- Ҳатто бир Туркиянинг фирмаси бир эшиттиришга сақич олиб келиб улаштирди-да, кейин бутун эшиттириш қатнашчилари ўша сақични чайнаб бир-бирига қараб пақиллатиб.. Энди у режиссëр айтиши керак-да “Бу қандай ўзбекнинг боласи сақич кўрмаган? Сақичга ҳам зорми?” деб. Телевизорга бунақа қилиб чиқмайлик дейдиган... Бу одамларнинг савияси билан боғлиқ.

Оталар сўзи - ақлнинг кўзи

Озодлик: “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” деган эшиттириш ҳам бўларди. Менга Ҳайбат ака Алиев айтиб берган эди. Телевидениега икки қоп хат келаркан. Шунинг бир қопи “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” эшиттиришига, қолгани ҳаммага бўлар экан.

- Тўғри. Бу Тошкент телевидениесининг дастлабки эшиттиришларидан бўлган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” эшиттиришини йўлга қўйган Бурҳонов деган киши бўларди.

Озодлик: Убай ака Бурҳонов.

- Убай ака. Убай ака ўзи катта санъаткор, ҳам артист, ҳам журналист, журналистикага жуда меҳрибон одам эди. Менимча, Элбек Мусаевнинг бу ерда асосий хизмати бор эди. Элбек Мусаевнинг кучи билан бу эшиттиришлар машҳур эди.

Бу эшиттиришлар халққа жуда кўп озуқа берар эди. Бу эшиттиришлар эртаси куни бутун халқнинг, зиëлиларнинг муҳокамасига айланиб кетар эди. Қанча кўп одам кўрса, ундан шунча кўп мулоҳаза туғилади. Энди ўша қўйилаëтган масалага қараб одамни чорлайди.

Озодлик: Ўша пайтда ҳам танқид қилинарди. Айтишардики, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” эшиттиришининг савияси паст, уйдаги аëлларга мўлжалланган деб.

-Танқид бор жойда ўсиш бўлади. Танқиднинг қайсидир томонини тўла эталон қилиб қабул қилиш яхши эмас. Ўша пайтда телевидение тез-тез танқид қилинарди. Марказқўмнинг ҳамма этажларида телевидениега назорат кучли эди. Лекин шунга қарамай ўша пайтда журналистикада, тележурналистикада катта бир иқтидорли раҳбарлар, журналистлар, боринг ўша Убай ака, Элбек Мусаев, халқ яхши биладиган журналистлар бор эди.

Озодлик: “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”нинг аналоги бўлмаган дейишади. Ўша форматнинг ҳуқуқи Ўзбекистон телевидениесига оид деган тадқиқотлар бор.

- Бу эшиттиришнинг жуда ҳам катта қатлам тингловчилари, кузатувчилари бор эди.

Телевизион миниатюралар театри

Озодлик: Энди “Телевизион миниатюралар театри” ҳақида гап кетганда бу эшиттириш формат нуқтаи назаридан марказий телевидениеда мавжуд бўлган “РАЙКИН” театридан олинган дейишади.

- “Телевизион миниатюралар театри”ни менимча Эргаш Каримов олиб борарди.

Озодлик: Ҳасан Йўлдошев бўларди.

- Ким?

Озодлик: Ҳасан Йўлдошев.

- У “Телевизион миниатюралар театри”нинг савиясини кўтарган одам. У ўзи туғма талантли одам эди. Вилоятлардан кўп одамлар “Телевизион миниатюралар театри”га тортилар эди. Фарғонадан, Намангандан жуда кўп қизиқчилар, аскиячилар, боринг айтайлик сатирик саҳна усталари таклиф этилар эди. “Телевизион миниатюралар театри”ни жуда кўпчилик олиб борар эди. Кўпчилик иштирок этар эди. Ўша пайтда “Телевизион миниатюралар театри” жуда машҳур эди.

Назорат ва тасодифий одамлар

Озодлик: Ўша пайтда назорат кучли эди, шунинг учун ҳам кучли дастурлар бўлган, деяпсиз. Ҳозир ҳам назорат кучлику. Лекин яхши дастурлар йўқ дейишаяпти.

- Назорат, энди кимнинг назорат қилишига боғлиқ. Агар ҳақиқий мутахассис назорат қилса, ижодий даргоҳнинг тепасида мутахассис турса, унга яримта гап етарли. Мен бир нарсага ҳайронман: Нега касалхонанинг тепасига ҳеч қачон яхши инженерни бош врач қилиб қўймайди? Нимага касалхонага, айтайлик, жуда қаҳрамон бўлса ҳам бир ëзувчини олиб бориб, бош врач қилиб қўймайди?

Касалхонани врач бошқаради, заводни инженер бошқаради, фабрикани муҳандис бошқаради, қурилишни қурувчи бошқаради. Жуда катта ëзувчи бўлса ҳам борингки, бир иморатнинг инженерлик ечимларини ҳал қила олмаслиги мумкин. Журналистик даргоҳларда, ижодий даргоҳларда жуда тасодифий одамлар кўпайиб кетди.

Мен марказий комитетнинг собиқ, ўша сиз айтган даврдаги марказий комитетнинг бир ходими сифатида, президент аппаратининг ўша йилларда ишлаган ходими сифатида айтаман, шахсан президент мана шунақа бадбахтлик юз бераëтганини билмайди. Бу қандай гап?

Масалан айрим корхоналарни умуман қаламни умрида ушлаб кўрмаган одамлар бошқариб турибди. Бир пайтлар “Ëш ленинчи”да Жаббор Раззоқов деган фотограф бўларди. Елкасига қоқиб-қоқиб муҳаррир, муҳаррир, 30 йилдан бери турли идораларда муҳаррир, бош муҳаррир. Бу ўзи жуда яхши одам, жуда бир яхши инсон, жуда ҳам қўли очиқ, даргоҳи очиқ, одамларга яхшиликни раво кўрадиган одам. Лекин ижодкор эмас. Бир жойда бир одам Жаббор Раззоқов деган номни ўқимаган.

Озодлик: Жаббор Раззоқов “Ëш ленинчи” газетасини ўз вақтида анча машҳур қилганку.

- Уни баланд қилган Қулмон Очилов деган муҳаррир ўринбосари бор эди. Қулмон Очилов кетган куни “Ëш ленинчи” ҳам қўлтиқтаëғи йўқ одамдай йиқилди. Қулмон Очилов ҳақиқий журналист эди. Жаббор Раззоқов унга бир ëрдамчидай одам эди. У “Ëш ленинчи”да муҳаррир бўлган пайтда, мен “Тошкент оқшоми”да муҳаррир эдим. Узоқ вақт ëнма-ëн ишлаганмиз.

Мана Абдулла Орипов бошчилигида қанча ëзувчиларимиз бор. Мингга етиб қолди деб эшитдим. Лекин уларнинг ҳам боши бир жойга қовушмайди. Мен 30 йилдан бери шу уюшманинг аъзосиман. Мустақиллик йилларида Абдулла Орипов бирон марта ëзувчилар уюшмасининг йиғилишини ўтказгани йўқ. Доим мажлис беради, қанақадир тасодифий одамлар ўтиради. Абдулла Ориповнинг ëнида юрадиган битта-иккита одамлар кўриниб қолади. Қолган ҳаммаси кўчадан кириб қолган тасодифий одамлар. Семичка чақиб ўтиради.

Озодлик: Ҳозир “Туркистон” газетаси қандай?

- Ҳозир ҳамма газеталар бир-биридан зўр. Ҳаммаси баб-баробар: ҳеч ким ўқимайди.

Совун кўпиклари

Озодлик: Телевидениега қайтсак яна. Совет пайтида ҳам сериаллар бўларди. “Баҳорнинг 17 лаҳзаси”, “Қилич ва қалқон” ëки “Қисмат” деган фильмни мана Ўзбекистон телевидениеси қўйган. Сериаллар бугун ҳам Ўзбекистон телевидениесида бор. Бир муқояса қилинг.

- Биронта сериал кўрадиган даражада эмас. Майли балки мен тушунмасман, балки савиям етмас, бирон-бир одам “Ўзбекистон телевидениесида мана бу сериални бераяпти. Ҳозир бориб кўришим керак. Кечикиб қолдим. Кеча бу сериал бунақа бўлган эди” дейдиган муҳокамасини эшитганим йўқ.

Лекин Туркиянинг, Япониянинг, Жанубий Кореянинг сериаллари кетаëтганини эшитаман. Буларнинг ишқибозлари бор. Бу қанча вақт давом этиши мумкин? Бизнинг ўзбек деган миллатимиз бор, ўзимизнинг халқимиз бор. Ўзимизда сериал бўладиган кўп воқеалар бор.

Озодлик: Совет даврида қўйилган “Баҳорнинг 17 лаҳзаси”, “Қилич ва қалқон” каби сериаллар эсингиздами? “Чолиқуши”ни ҳам ўша пайтда қўйишган эди.

- Сиз айтган сериалларнинг ҳаммаси машҳур эди. Булар жаҳон адабиëтидан олинар эди. Ўзбек адабиëтининг ўзидан олинган Навоий, Бобурга бағишланган қолаверса, Одил Ëқубов, Пиримқул Қодиров асарлари билан қўйилган. Энг охирги сериаллардан бири раҳматли Ўктам Усмонов қаламига мансуб “Гирдоб” асари асосида ишланган сериал жуда машҳур бўлган. Ҳозирги адабиëт асари асосида, ўзи ҳозирги адабиëтнинг ўзи жуда мункиллаб қолди, оқсаб қолди. Сиз сериал сўраяпсиз, сериал бўлишидан олдин асар бўлиши керак. Асар кўпчиликнинг назарига тушган бўлиши керак. Ўшандай асарлар жуда ҳам камку ҳозир.

Совет даври шу қадар ëмонмиди?

Озодлик: Ўша пайтда мана “Алишер Навоий”, “Бобур” видеоспектакллари қўйилган экан. Бугунги кунда совет даврида маънавиятга, миллий қадриятларга қаралмаган деган жиддий қарашлар ҳам бор. Демак бу қарашлар ҳам дарз кетаяптида энди.

- Ўтмишдаги ҳамма нарсани қоралаш осон. Лекин ўтмишга ҳам ўша куннинг кўзи билан қараш керак. Агар биз ўтмишни ҳамма томондан қоралайверсак, ҳаммаси айланиб келиб, ахир ўтмиш бизнинг кечаги кунимиз, оталаримиз, боболаримиз, момоларимиз. Энди ҳозир бизнинг боболаримизнинг ҳаммаси ярамас бўлса, ҳаммаси ўзининг маънавиятига эга бўлмаган шахслар бўлса, у ахлоқсиз, маънавиятсизлардан ким пайдо бўлади? Биз ўзимизнинг илдизимизга болта урган бўлмаймизми?

Кечаги кунга муносабатда айрим хатоликлар, айрим тушуниб бўлмайдиган нималар пайдо бўлган ҳозир. Ўтмишнинг яхши томонларини олиш керак. Унинг оти социализмми, унинг оти коммунизмми яхши томонларини олиш керак. Ибратли томонлари бор эди, лекин албатта ўтмишнинг ҳам оғир қисматлари бор эди, оғир занжирлари бор эди. Улардан бугун сабоқ чиқариш керак.

Оловли йўллар

Озодлик: Совет пайтида Шуҳрат Аббосов ишлаган “Оловли йўллар” фильми “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетасида танқид ҳам қилинди. Бу ҳам бўлаверар эди, танқид ҳам.

- “Оловли йўллар” бўйича мен бир нарсанинг гувоҳиман. Мен Шуҳрат Аббосов билан бир пайтда, у “Ўзбекфильм”га директор бўлиб, мен “Тошкент оқшоми”га муҳаррир бўлиб, тасдиқдан ўтганмиз. Шароф Рашидов “Тошкент оқшоми”га қўйиладиган вазифани менга икки оғиз жумла билан айтди. Шуҳрат Аббосовни ярим соат уялтирди. Бу йиғилишда Оқил Умурзоқович Салимов ва маданият бўлимининг мудири Азиз Опоқович Тўраев ўтирувди.

Мен кейин ҳам Шуҳрат акага шу мавзуда гапирганимда, Шуҳрат ака ўзини жуда олиб қочди. Лекин айтишим керак Шароф Рашидов ўз даврида “Оловли йўллар”дан ниҳоят даражада хафа экан. Ўшанда “Оловли йўллар”нинг иккитами, тўрттами серияси чиққан эди. Шароф Рашидов икки, уч марта столга уриб Шуҳрат Аббосовга “Мана сиз “Ўзбекфильм”га бораяпсиз. Мен сизга битта гап айтай. Сиз “Оловли йўллар”да Ҳамзани қанақа одам қилиб қўйдингиз? Бу бизнинг тасаввуримиздаги Ҳамза эмаску бу!?” деб айтди. Энди ҳозир бу гапнинг ўрни эмас. Айтмоқчиманки...

Танқид

Озодлик: Танқидга ўрин бўларди.

- Айрим нималаримизда чегарадан чиқишлар ҳам бор эди. Лекин шунга яраша танқид ҳам бор эди. Энди бу танқидлар билан¸ масалан¸ Шароф Рашидов Шуҳрат Аббосовни танқид қилаяпти, айни пайтда “Ўзбекфильм”га директор қилиб юбораяпти. Демак¸ ўшанинг савияси, даражаси ўша пайтда тан олинган эди. Энди унга ўзига яраша юқори талаб қўйилаяпти.

Демоқчиманки, ҳозир ҳам танқид бор лекин Хўжаев деган одам телерадиокомпаниянинг раиси деб эшитаман. Энди мен ҳам 30, 40 йил ишладим журналистика оламида, ҳаммани биламан деб ўйлайман. Хўжаев деган одамни сира.. Кимдан сўрасам билмайди. Журналистик оламга мутлақо ëт, ижодий оламга мутлақо ëт.

Ëки журналистлар уюшмасининг раиси Ғуломов деган одам. Журналистик оламга мутлақо ëт. “Правда востока”нинг муҳаррири Аббосхон Усмонов. Журналистик оламда биров билмайди. Менимча ҳаммаси тепага, Оқ уйга қараб туради. Оқ уйда¸албатта¸ кимдир халқни, ижодни ўйлаб гапирса яхши. У ëқдан келаëтган гапларни бажараман деса, халқдан телевидение тобора узоқлашиб бораверади.

Оч журналистлар

Озодлик: Энди ўзбекларда “Очдан қоч” деган мақол бор. Мен кўп тадбиркорлардан “Телевидение ходимлари камерани қаратиб, экиб қўйган тарвузимиздан, картошкамиздан, пиëзимиздан бир арава олиб кетди. Очоофатлар¸” деган шикоятларни эшитаманда! Ҳозир ҳам шу ҳолат борми ëки тузалиб қолдими?

- Бу шахснинг ўзига боғлиқ. Тўқчилик замонда ҳам очкўз очкўзлигича қолган. Бу энди ўша одамнинг савияси, даражаси, ўзининг ахлоқий тарбияси билан боғлиқ. Ҳозир ҳам ҳар қанча оч бўлса ҳам бундай майда нарсалардан баланд турадиган журналистлар телевидениеда ҳам, газетада ҳам бор. Албатта¸ энди замон оғирлашса, уларнинг сафи камайиб бораверади.

Лекин у илгариги замонда ҳам бўлган. Бошқа соҳаларда ҳам бор. Бу нарсада журналистларни айбласак жуда қаттиқ нообъектив бўлади. Бу соҳада қанча муттаҳамлик, қанча таъмагирлик бўлса, орган ходимларидан ортмайди. Журналистларга таъна қилмасак ҳам бўлади.

Энди журналистларни жуда туширавериб ҳадеб нима қилавериш, мана сиз ҳам муҳокама қилаяпсиз. Журналистларни¸ дейлик¸ сиз ҳам “Униси йўқ, буниси йўқ, картошкани олиб кетади, сабзини олиб кетади” деб танқид қиласиз. Бу аҳволда бундан ҳам баттар бўлиши мумкин. Туманлардаги газеталарнинг аҳволини кўрсангиз!? Биноларини кўрсангиз!? Айрим газеталарнинг бинолари ҳалиги нима дейди, инсон шу ерда газета чиқади деб ўйламайди.

Орқага қараб айланаëтган чархпалак

Озодлик: Домла¸сиз эски коммунистсиз. Мен ҳам КПСС тарихини ўқиганман. Бизни ўқитган домла “Тараққиëт спиралсимон бўлади” деган. Спирал бир баланд кўтарилиб, бир пастга тушади лекин кейинги спиралда бир қарич бўлса ҳам баландлик бўлади. Ҳозир Ўзбекистон журналистикаси спиралнинг баландидами ëки пастидами?

- Энди ўша тарихчининг гапи ҳам ëлғон бўлиб қолади. Спирал ҳамиша қаëққа айланишига боғлиқ. Спираллар орқага айланса, пастга тушиб кетади. Энди агар журналистиканинг савияси пастми, баландми десангиз, мен ўтмиш журналистикасида ишладим, ҳозирги даврда ҳам ишладим, ўзимни у томонга ëки бу томонга мансуб деб билмайман. Мен ўзимни журналистикага мансуб деб биламан.

Ўзи мингта кўзи битта

- Қадимда “бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз бунча” деган гап ҳеч қаерда йўқ эди. На Рашидов, на бошқаси Ўзбекистонда ОАВлар 400та ëки 500та деб мақтанмас эди. Ҳар бир газета-журнал ўзининг адади (тиражи) билан баҳоланар эди. Бугун газеталаримиз мингтадан ошди деган ахборот пайдо бўлган. Олдин 500та, кейин 700та деб ëзиб юрилди. Ҳозир мингтадан ошди деган рақам фақат дастак қилинади.

Хўп мингтадан ошди, қайси газета-журналнинг савияси ошди, деб сўрайдиган одамнинг ўзи йўқ. Мингтадан ошган ОАВларнинг ҳаммасини олиб келсангиз, адади собиқ “Ленин учқуни” газетасининг бир кунлик ададига етмайди. Бир кунлик ададига етмайди. “Ленин учқуни” ҳар куни 1,5 миллион ададда чиқар эди.

Энди савиясини конкретлаштирадиган бўлсангиз, сиз мендан сўранг: қайси журналистни халқ кутади, халқ ўқийди, халқ айтайлик орқасидан қувгиси келади? Бизлар Аҳмаджон Мухторов, Саъдулла Кароматов деган муҳаррирларга ҳавас билан қарар эдик. “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетасида Одил Ëқубов муҳаррир эди. Унинг ҳар бир сўзи бутунлай бошқача эди. Одил Ëқубовни бугунги Аҳмаджон билан таққослаб бўладими?

Қолаверса Ориф Юнус, Худойберди Тўхтабоев, Ҳабиб Нўъмон деган журналистлар бор эди. Эътибор Охунова, Холбек Ëдгоров, Самад Қодиров. Худойберди Тўхтабоевларнинг фелъетонлари бўйича бутун Ўзбекистон шов-шув бўлиб кетарди. Ориф Юнусни биз ўзимиз кўрганмиз. Биз у пайтда талаба эдик. Ориф Юнусни кўрдим деган одамни бориб кўргиси келарди одамни. Бугун одамнинг қайси журналистни кўргиси келади?

Панжара билан ўралган матбуот

Озодлик: Телевидениенинг атрофида катта-катта панжаралар ўрнатилган. Яқинига ҳам йўлаб бўлмайди.

- Темир панжаранинг ичида борингки, ижод бўлмаса, ижодий жараëн бўлмаса, ижодий муҳит бўлмаса, бу у панжарадан кўра даҳшатлироқ. Журналистиканинг цензураси телевидениенинг ичига, редакциясига, эшиттириш олиб борадиган ходимларнинг юрагига кўчган бўлса, у панжара янада даҳшатлироқ.
XS
SM
MD
LG