Линклар

logo-print

Маҳкама адвокатсиз ҳукм чиқарди

  • Сарвар Усмон

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг тинимсиз чақириқларини назарга илмаган Ўзбекистон ҳукумати Солижон Абдураҳмоновга берилган 10 йиллик қамоқ жазосини кучда қолдириш ҳақида кўрсатма берди.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг тинимсиз чақириқларини назарга илмаган Ўзбекистон ҳукумати Солижон Абдураҳмоновга берилган 10 йиллик қамоқ жазосини кучда қолдириш ҳақида кўрсатма берди.

Адвокат Тўлаганов Солижон Абдураҳмоновнинг шикоят аризаси кўриб чиқилган суд мажлисига Нукусга чипта йўқ¸ деган баҳона билан самолётга қўйилмагани учун боролмади.

Қорақалпоғистон Олий суди 19 ноябр куни мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмоновнинг шикоят аризасини кўриб чиқиб¸ уни қаноатлантирмагани тўғрисида ўз вақтида хабар берган эдик.

Нукус шаҳрида бўладиган ўша кунги мажлисда иштирок этиш учун 19 ноябрь куни саҳар соат 6 да инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромов Тошкент аэропортига борди.

Икромовнинг айтишича, кассирлар билет борлигини айтган, бироздан сўнг шериги – адвокат Тўлаганов етиб келади ва вазият ўзгариб қолади.

- Хўп деб турган одам мен келганимдан кейин бирдан “Билет йўқ. Самолëт тўлди” деган баҳона билан самолëтга миндиришмади. Мен Нукусга 22 марта учган бўлсам¸ бирор марта ҳам самолëт тўлмаган. 10та¸ 15та¸ узоғи билан 20тадан ошмаган. АН-24 самоëтида 48 ўрин бор. Ҳеч қачон тўлган эмас¸ дейди адвокат Рустам Тўлаганов.

Шундан сўнг адвокат Тўлаганов Қорақалпоғистон Олий судига шошилинч телеграмма юборди.

- "Дарҳол тўхтатинглар. Билет йўқ бўлганлиги сабаби билан бугун уча олмадик. 25 ноябрга қодиришингизни сўрайман” деб телеграмма юборганман. Квитанцияси ўзимда турибди.

Лекин Олий суд адвокатнинг телеграммасини инобатга олмади. Солижон Абдураҳмоновни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Тошкентдан Нукусга Сурат Икромов ҳамда Рустам Тўлагановларсиз учган самолётда камида 10та жой бўш эди.

“Бу ҳақда мен ўша самолётда учган ғарблик дипломатлардан биридан, 20 ноябрь куни Тошкентга қайтиб учиб келгач¸ сўраб билдим”, - деди Сурат Икромов.

- Бугун эрталаб “Сизлар учган самолëтда қанча бўш жой бор эди?” деб сўрадим. “Анчагина бўш жойга кўзим тушди” деганидан кейин 100 фоиз ишондимки¸ булар кузатув олиб борган. Натижада бизларнинг боришимизни билган. Булар¸ албатта¸ телефонларни эшитишади¸ кузатишади. Кейин улар бизларга мутлақо билет сотмаслик тўғрисида буйруқ берган.

Эслатиб ўтамиз, Солижон Абдураҳмонов жорий йилнинг 7 июн куни қўлга олинган; ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган; дастлаб у гиёҳвандликда айбланган, кейинчалик унга банг моддаси сотишга ҳаракат қилганлик айби тиркалган эди. 10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар суди Солижон Абдураҳмонов 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Судланувчи адвокатининг иштирокисиз ҳам судловнинг ўтказиб юборилгани¸ Ўзбекистонда адвокатура институти ислоҳоти тўғрисидаги жорий йил баҳоридан буён давом этаётган гап-сўзларни ёдга солади.

2008 йилнинг 1 майида Ўзбекистон президенти “Ўзбекистон республикасида адвокатура институтини ислоҳ қилиш чоралари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.

Фармонда бир қатор чиройли гаплар, жумладан “адвокатларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш” лозимлиги уқтирилган.

Сал кейинроқ, 27 май куни Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамаси “Адвокатлар палатаси фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ўшандан бери адвокатура ислоҳоти тўғрисида кўп гапирилаяпти, дейди Сурат Икромов:

- Ўзбекистоннинг матбуотида¸ агар эшитиб кўрсангиз¸ ислоҳотлар тўғрисида жуда кўп гапирилади. Лекин бирор-бир ислоҳотнинг бўлаëтгани маълум эмас. Мисол учун адавокатурани ислоҳ қилиш мақсадида янги структуралар ташкил қилинган лекин бу структуралардан ҳеч қандай фойда бўлмаяпти. Ҳеч қанақа самара йўқ.

Шуниси қизиқки, боя тилга тилга олинган икки ҳужжат – президент фармони ва ҳукумат қарори мазмун моҳиятига кўра, бир-бирига зиддир. Ҳар ҳолда Ўзбекистон адвокатлари ассоциацияси Тошкент шаҳар бўлими фикри ана шундай.

Мазкур бўлим вакиллари бу ҳақда ЕХҲТнинг 29 сентябрдан 10 октябргача Варшава шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида махсус маъруза билан чиқиш қилган эдилар.

Ўзбекистонлик яна бир адвокат Руҳиддин Комилов ҳам, адвокатура ислоҳоти тўғрисидаги гаплар хўжакўрсинга қилинаётган иш, деган фикрда:

- Ҳеч нарса ислоҳ қилингани йўқ¸ ислоҳ қилинаëтгани ҳам йўқ. Шакл борку¸ мазмун йўқ. Фақат шакл ўзгарди.

Озодлик: Шаклда нима ўзгарди?

- Адвокатлар палатаси бўлди¸ палатага мажбурий аъзолик бўлди. Бошқа ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

Озодлик: Агар мазмун ўзгармайдиган бўлса¸ шакл ўзгаришининг кимга¸ нимага кераги бор?

- Биз ҳам шуни тушуна олмасдан бошимиз гаранг. Нима кераги бор экан бунақа аъзоликнинг ëки палата ташкил қилишнинг? Гапнинг очиғи¸ шунақа нарсалар охирги пайтда кўпайиб кетаяпти.

Одатий бир тенденция мавжудку: бир ташкилот тугатилади¸ ўрнига бошқаси тузилади. Президент фармонида адвокатурани ислоҳ қилишга қаратилган жуда чиройли гаплар гапирилган. Лекин кўрмоқ бору¸ емоқ йўқ. Ҳаммаси шунга бориб тақалаяптида. Амалда ҳаммаси бошқача.

Унинг фикрларига 10га яқин бўш ўрин билан Нукусга учаётган самолётга адвокат Рустам Тўлагановнинг чиқарилмагани ёрқин далил бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG