Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:30

Ҳукм қатъий¸ шикоят давом этади


Солижон Абдураҳмонов Каримов режими Ғарб билан олиб бораëтган ўзаро савдосининг яна бир қурбони сифатида кўрилмоқда.
Солижон Абдураҳмонов Каримов режими Ғарб билан олиб бораëтган ўзаро савдосининг яна бир қурбони сифатида кўрилмоқда.

Қорақалпоғистон Олий судининг мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновга белгиланган ўн йиллик қамоқ жазосини кучда қолдириши унинг сафдошлари норозилигига сабаб бўлаётир.

Ҳуқуқ фаоллари Солижон Абдураҳмоновнинг узоқ муддатга қамалишини унинг касбий фаолияти билан боғлар экан, буни Каримов режимининг эркин фикрли шахсларга нисбатан тоқатсизлигининг яна бир исботи сифатида баҳолашмоқда.

Мухолифатдаги Эрк партияси бош котиби Отаназар Орипов Солижон Абдураҳмоновнинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан халқаро ҳамжамият учун ҳадя сифатида гаровга олинган шахс эканлигини айтади.

- Солижон Абдураҳмоновнинг умуман жинояти йўқ. У жиноятчи эмас. Жиноятчи бўлмаган одамни қамаб қўйган одамлардан одамгарчилик кутиб бўладими? Абдураҳмонов ҳам, Аъзам Турғунов ҳам ҳукумат томонидан гаровга олинган одамлар. Манфаатлироқ таклиф чиқса гаровдан озод қилади. Фақат улар эмас, амалда бутун ўзбек халқи гаровда ўтирибди. Кўраяпти-да кимга кўпроқ эътибор бўлаяпти¸ ким орқали кўпроқ ва каттароқ нарса ундириш мумкин? Энди ундириш деганда сиëсий капитал бўлиши ҳам мумкин, иқтисодий капитал ҳам бўлиши мумкин, - дейди Отаназар Орипов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси, ҳозирда Францияда яшаётган Толиб Ёқубов ҳам Солижон Абдураҳмоновнинг бошига тушган кўргуликларга унинг касбий фаолияти сабаб бўлган¸ деб ҳисоблайди.

- Жуда кўп марта Қорақалпоғистонга борганман ва у ердаги ҳуқуқ-тартибот идоралари, МХХ системасини, суд системасини жуда ҳам яхши кузатганман¸ ўрганганман. Шуни қўрқмасдан айтишим мумкинки, Қорақалпоғистон Ўзбекистондаги қароқчилар тўдасининг ошиëнларидан бирига айланган. Солижон айнан мана шу қароқчиларга қарши курашаëтган оз сонли одамлардан биттаси¸ илғори эди. Албатта, қароқчилар бу нарсани ўзига сингдира олмайди¸ ҳазм қила олмайди. Солижонга ўхшаган одамлар уларнинг йўлига ғов бўлиб туради. Шунинг учун улар ўзларининг усулларини қўллайди. Уларнинг усули - ўлдириш¸ қўрқитиш¸ қамаш ва ҳоказо, - дейди Толиб Ёқубов.

Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Солижон Абдураҳмонов сингари ҳақиқатни истаган ҳар бир шахс Каримов режимининг қурбонига айланиши мумкин.

- Солижон Абдураҳмонов ҳам ватанимизнинг эрки¸ миллатимизнинг ҳуррияти учун курашган журналистлардан эди. Айниқса, тажрибали, билимдон журналистлардан бири эди. Шу нуқтаи назардан мен ўйлайманки, шунақа илғор одамга эртага навбат келади, эртага бўлмаса кейинги кун навбат келади.

Бу Франц Кафканинг “Жазо колониясида” ҳикоясидаги офицер ихтиро қилган машинасини эслатади. Яъни ўша машина қачонки одам топилмай қолса, ўзини еб кетади. Худди шунга ўхшаб энди бу режим ҳеч тўхтамайди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида жуда кўп зиëлилар бир чеккада турди, яъни курашмади. Ўша четда турганлар ҳам энди омон қолмади.

Кейин 1996-1997 йилларда ҳукуматни мақтайдиган бир тўлқин чиқди. Ҳатто ўша мақтайдиганларни ҳам ҳозир қамашаяпти. Яъни сен яхши мақтай олмаяпсан, деган маънода.

Умуман, диктатор режимларнинг моҳияти шундан иборат. Қачонки у ўзининг маромига етиб¸ пишиб ағдарилмайдиган бўлса, бу судлар, маҳкамалар, терговларнинг ҳаммаси нисбий бўлиб қолади. Кимки бош кўтарса, қамалади, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Лондондаги Ўзбекистон ташаббус гуруҳи раҳбари, таниқли журналист Шоҳида Ёқуб эса Солижон Абдураҳмоновнинг тақдири борасида халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиши шарт, деб ҳисоблайди.

- Солижон аканинг жазоси шуни кўрсатадики¸ Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳеч қанақа силжиш йўқ. Ўзбекистонда умуман мустақил журналистлар қолмади. Солижон аканинг бемаъни айбловлар билан ҳибсга олиниши ва қамалишини, умуман, ҳаддан ташқари бедодлик, дейиш мумкин. Бошқа нарсаси йўқ. Нима учун БМТдаги, ЕИдаги, ЕХҲТдаги одамлар жимжит? Умуман олганда, ҳамма ҳозир шов-шув кўтариши керак. У албатта озод қилиниши лозим, - дейди Шоҳида Ёқуб.
XS
SM
MD
LG