Линклар

Россия ҳали-ҳамон бирлашган

  • Фаррух Юсуфий

Устоз ва шогирд ҳозирча таҳлилчилар огоҳлантираëтган молиявий ва сиëсий инқироз хавфидан пинак бузмаëтган кўринади.

Устоз ва шогирд ҳозирча таҳлилчилар огоҳлантираëтган молиявий ва сиëсий инқироз хавфидан пинак бузмаëтган кўринади.

20 ноябр куни Россиянинг иқтидордаги “Бирлашган Россия” партияси ўзининг ўнинчи қурултойини бошлади. Қурултой очилишида Россия Президенти ва Бош вазири сўзлаган нутқ миллий телеканаллар орқали эфирга берилди.

Нутқи давомида, Россия етакчиларининг иккаласи ҳам аҳолини, мамлакатда авж олишда давом этаётган молиявий инқирозга қарамай, ҳукумат ўз зиммасига олган ижтимоий мажбуриятларини бажаришига ишонтиришга уринди.

- Тўпланган жамғармалар, жаҳондаги нефт нархи ва биз одатда экспорт қиладиган бошқа товарларнинг нархидан қатъи назар, олдимиздаги йилларда Россия бюджет тизимининг барқарорлигини таъинлайди. Яъни, бюджет ходимлари маошлари, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар вақтида бериб борилади. Ижтимоий ёрдам тизимларининг нормал ҳолда ишлаши таъминланади. Мавжуд муаммоларни, бюджетда пайдо бўлган камомадларни фуқаролар ҳисобидан ҳал қилиш ниятида эмасмиз, - деди бош вазир Путин.

Медведев ҳам, Путин ҳам президентнинг Федерал мажлис олдида 5 ноябр куни қилган мурожаатида қайд этилган ислоҳотлар амалга оширилишини яна бир бор таъкидлашди. Бу ислоҳотларга президент ваколати муддатини 4 йилда олти йилга, парламент ваколатини эса, 5 йилга узайтириш, Федерация кенгашини ислоҳ қилиш, минтақалардаги мажлисларда кўпчиликка эга партияларга губернаторларни тайинлаш ваколатини бериш каби ўзгартишлар киради.

Мазкур ислоҳоталар амалга оширилса, Давлат думаси ва минтақалардаги парламентларда кўпчиликни ташкил қилувчи “Бирлашган Россия” партиясининг қудрати янада ошади.

Бу ислоҳотлар ташаббуси эндигина илгари сурилгани ва уларни амалга ошириш бошланғич босқичда бўлишга қарамасдан, Путин ўзи етакчилик қиладиган партия “мақсадларини рўёбга чиқариш учун барча сиёсий шарт-шароитлар яратилганини” ишонч билан гапирди.

Путин ўз нутқининг асосий диққатини мамлакат иқтисодини рағбатлантириш ва аҳолини молиявий инқироздан ҳимоялашни кўзда тутувчи чоралар мажмуасига қаратди.

У мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, ҳукумат ўз зиммасига олган ижтимоий мажбуриятларини бажариши ва миллий лойиҳалар, деб аталаётган тадбирларни амалга ошира олишига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.

“Бирлашган Россия”нинг бу каби йиғинлари учун анъанавий бўлиб қолган бирлик ва барқарорликка оид хитоблар ҳам янгради.

- Биз, ўтмиш муаммолари, ўтмиш инқирози мамлакатимизда такрорланмаслиги учун қўлмиздан келганини қиламиз, қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз. Фуқароларимизнинг банклардаги жамғармаларини ҳимоя қилиш, уй-жой қурилишига ўз пулларини қўйганларнинг қонуний манфатларини таъминлаш, 1991 ва 1998 йилдаги иқтисодий инқирозларнинг такрорланмаслигини кафолатлаш учун имконимиздаги барча чораларни кўрамиз, - дея таъкидлади Путин.

Россиялик таҳлилчилар президент Медведевнинг сиёсий ислоҳотларга оид ташаббуслари тезкорлик билан қонун лойиҳаларига айлантирилиб, уларнинг шоша-пиша амалга оширила бошлашига ҳокимият элитасининг мамлакатда авж олаётган молиявий инқироздан норозилиги ошаётгани сабабдир, дейишмоқда.

Россия энергия вазирлигининг собиқ ўринбосари Владимир Милов “Газета.ру” да эълон қилинган мақоласида “Ҳукумат обрўсининг путурдан кета бошлаши ва аҳоли норозилиги ошиши билан президент ваколатининг конституциядаги ифодасига оид масаланинг долзарблиги ҳам йўқолади”, деб ёзди.

“Бу вазиятда ҳокимият билан аҳоли ўртасидаги ўзаро муолқотнинг мутлақ ўзгача механизмлари пайдо бўлади. Ҳокимият алмашинувининг самарали, амалда ишлайдиган механизмларининг йўқлиги, улар ўртасидаги қарама-қаршиликнинг танглик ва ҳатто зўравонлик тусига ўтиб кетиши муқаррар бўлиб қолади”, - деб ёзди Милов жумладан.

Путиннинг чиқишидан, унинг Россия сиёсий тизимидаги воқелик ва ҳокимият алмашинувининг самарали, амалда ишлайдиган механизмларининг йўқлигига парво қилмаслигини кўриш мумкин.

Халқаро ҳамжамият нодемократик, деб атаган сўнгги сайловлар - ўтган йилнинг декабридаги парламент сайловлари ва жорий йил март ойида Медведевни президентликка олиб келган сайловлар ҳақида гапирар экан, Путин:

- Ўтган бир йил давомида "Бирлашган Россия" партияси бир нечта муҳим сайловолди кампаниясини ўтказди ва Россияда ҳокимиятнинг мерос бўлиб ўтиши ва барқарорлигини таъминлади, - деди.

Таҳлилчилар фикрича, Кремлнинг сиёсий ислоҳотларга оид ташаббусининг моливий бўҳронни ҳал этиш уринишларидан кўра шиддатлироқ амалга ошаётгани Россия ҳокимият элитаси бир пайтнинг ўзида иккита инқирозга юз тутаётгани ифодаси бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG