Линклар

logo-print

"Мен тақдирдан ҳеч нолимайман... "

  • Абдулла Искандар

90-йиллар бошида Ўзбекистондаги энг машҳур эстрада хонандаларидан бири Садо гуруҳининг собиқ аъзоси Кумуш Раззоқова эди.

90-йиллар бошида Ўзбекистондаги энг машҳур эстрада хонандаларидан бири Садо гуруҳининг собиқ аъзоси Кумуш Раззоқова эди.

Инсон умри поëнли, қўшиқ умри поëнсиз. Қўшиқ қандай яралади? Қай синоат боис қўшиқ эл оғзига тушади? Нега биз эски оҳанглардан айрилгимиз келмайди, нега уларни доимо ичимизда хиргойи қиламиз? Чодирхаëлнинг “Таниш қўшиқлар” деб номланган саҳифасида ана шулар ҳақида гапирамиз.

Бугунги саҳифамизга Кумуш Раззоқова ижросидаги бир қўшиқ мавзу бўлди.

Ëмғир ëғди майда-майдалаб
Майда-майда бўлди юрагим
Тонг отгунча қайта-қайталаб
Севасанми дея сўрадим.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида оғизга тушган қўшиқ шеъридан парча бу. Шоир Усмон Азим шеърини бастакор Дилором Омонуллаева қўшиқ қилди. Кумуш Раззоқова бу қўшиқни куйлади. Қўшиқ миллионлаб қалблардан ўрин олди. Аммо мен бу қўшиқнинг бу қадар оммалашувини ўйламаган ҳам эдим, дейди Кумуш Раззоқова.

Кумуш Раззоқов
а: Ростини айтсам, мен бир нарсани айтиб ўтишим керак. “Ëмғир ëғди” қўшиғини менга Дилором Омонуллаева кўрсатганларида, кейин бу қўшиқлар бир туркум бўлган. Фақатгина ўша “Ëмғир ëғди” эмас. Ўзи биринчи “Мен сени ҳеч кимга бермайман” деган қўшиқни ижро этганман. Иккинчи бўлиб “Ëмғир ëғди” қўшиғини ижро этганман.

“Мен сени ҳеч кимга бермайман” ашуласининг шлягер бўлишини бизнинг раҳбаримиз Владимир Барамоков дарров тушунган. Мана шуни айтгин, деб туриб олишган. Мен бунга “Қанақадир енгил-елпи қўшиқ” деб эътибор ҳам бермаганман. Лекин улар ўз сўзларида мана шуни айтасан деб қаттиқ туриб олишди.

Айтганимдан кейин бу жуда шлягер бўлиб кетган эди. Кейингиси эса “Ëмғир ëғди” қўшиғи. “Ëмғир ëғди” ўзи оғир қўшиқ. Нима дейди, тез бориб етмайди. Айтилгандан кейин бир йил ўтиб, шов-шув бўлиб кетган эди.

Кумуш Раззоқованинг эл оғзига тушган аксар қўшиқлари муаллифи Усмон Азимдир.
“Ëмғир ëғди” шеърининг муаллифи Усмон Азим бу қўшиқдан рози.

Усмон Азим: Ҳамма шеъримни бўлмаса ҳам нимагадир шу шеъримнинг қачон ëзилганини биламан. Шоир Хуршид Давроннинг квартирасида ëзганман. У бир шеър ëзган, мен шу шеърни ëзганман. Кейин бу шеър китобга кирган. Китобга киргандан кейин бу шеърни, ўша пайтда мен танимас эдим, бизнинг машҳур бастакоримиз Дилором Омонуллаева ўқиб келган.

“Шунақа шеърлар бўлмайдими? Қўшиқ қилиш керак. Мен қўшиқ қилишим керак” деб юрганлар. Икки, уч йиллардан кейин бир туркум қўшиқлар қилганлар. Жумладан “Сиз ëққансиз менга ҳамиша”, “Мен сени ҳеч кимга бермайман”, “Саратоним кетди”, “Боғ қўйнида икки дарахт” ва мана шу “Ëмғир ëғди”ни ҳам киритганлар. Менинг эсимда бори китобларни ўқиб, шеърдан ҳаяжонланиб қўшиқ қиладиган ягона бастакор Дилором Омонуллаева.

У киши узоқ вақт ижрочисини топа олмаганлар. Унга бермоқчи бўлганлар, бунга бермоқчи бўлганлар. Битта-яримтаси айтмоқчи ҳам бўлган. Охири Кумушхонга айтиб, ундан жуда рози бўлганлар. Ўша йилларда бу қўшиқ жуда русум бўлиб кетди. Бозорга борсам ҳам, магазинга кирсам ҳам ҳамма ерда шу қўшиқ. Бу¸ албатта¸ Кумушхон ижросининг ва Дилором Омонуллаева мусиқасининг яхшилигидан бўлса керак.

Мен қўшиқнинг тақдиридан жуда розиман. Кумушхон жуда ҳам маданият билан, ўзининг бор-йўғини бериб айтадиган, қўшиқни олдинда, ўзини орқароқда қўйиб айтадиган камдан-кам санъаткорларимиздан бири. Мана шу томонлари менга жуда ëққан. Мен бу қўшиқдан жуда розиман. Ўзи мен камдан-кам рози бўламан.

Озодлик: Усмон ака, бунда баъзи бир ўзгаришлар бор экан. Сизнинг шеърингизда “Ëмғирларда ивиган шаҳар” дейилган. Қўшиқда эса “Ëмғирлардан чарчаган шаҳар” дейилган. Буни сиз ўзгартириб бердингизми ëки Дилором опа ўзгартирдими?

Усмон Азим: Булар ўша пайтда баъзи жойларига халққа тушунарли бўлсин деган маънода шу сўзларни киритишган. “Ивиган” деган сўзнинг ўрнига жарангдорроқ сўз бўлсин деган маънода қилишган эди. Бунақа нарсалар қўшиқда бўлади. Қайсидир ҳарфлар айтилмайди, мусиқага яхши тушмай қолади. Шунақа нарсалар бўларкан уларда. Мен ўшанда биринчи марта сезганман. Мен розиман бу қўшиқдан. Жуда яхши қўшиқ бўлган.

Таниш оҳанглар. Қулоғимиз тагида жаранглаëтган қўшиқ. Кумуш Раззоқова ижросидаги қўшиқ тўқсонинчи йиллар ифорини биз томон элтади.

Қийналади офтобни кутиб
Ëмғирларда ивиган шаҳар...
...Ухлаб қолдинг, йиғлаб, қон ютиб,
Кўринганда уфқда саҳар.

Кумуш Раззоқова: Ўзи Усмон Азимнинг шеърлари бошқалардан фарқ қилади. Билмадим ë мен шунақа сезаманми. Ўзлари тошкентлик бўлмасалар ҳам, сўзлари шаҳарлик қанақадир. Ўзимизнинг шарқона усулдаги шеърдан озгина ажралиб туради.

Шарқона шеъриятда кўпроқ аëлларнинг гўзаллиги, табиатнинг гўзаллиги, боғлар аро, кўзларингдан, кокилингдан каби сўзлар бўлиб, драматургияси бор. Усмон Азимнинг шеърларида ҳам драматургия бор. Шунинг учун ҳам Усмон Азимнинг шеърлари менга қанақадир бошқача кўринади.

Масалан битта қўшиқнинг сўзларини олиб қарасангиз, драматургияси бор. Уч минут кетадиган битта қўшиқ мобайнида одамларнинг тақдирини кузатиб бориш мумкин. Шунақа шеърлар менга кўпроқ ëқади. Ичида ҳаëт бор, ҳодисалар бор. Икки-учта сўз билан ярим умрни кўрсатиб берадиган ҳодиса бор. Бу биргина менга боғлиқ эмас эди. Балки Дилором Омонуллаевага ҳам шу тарафлари ëққандир. Дилором опага ҳам бўш шеърлар ëқмайди. Дилором опа билан шеърга қарашимиз жуда ўхшаш.

Озодлик: Шу қўшиқни айтаëтган пайтингизда сизнинг ҳаëтингиз билан боғлиқлик бўлдими? Чунки жуда ҳиссий айтилганда.

Кумуш Раззоқова: Ростини айтсам, мен ўша пайтда айтганимда мен ўзим билмаган ҳолда буни тақдиримга юқтирдимми, айтишадику, нима тўғрисида ўйласанг шу нарса ўз ҳаëтингда пайдо бўлади деб. Тўғрисини айтсам мен ўзим тўғримда айтаяпман деб ҳеч ҳам ўйламаганман. Лекин ўзим айтган кўп қўшиқларим ўзимнинг ҳаëтимда ҳам рўй берган.

Билмадим айтганим учун рўй берганми ëки ҳаëтимда рўй беришини билиб туриб айтганманми. Чунки бу ички дунëга боғлиқ бўлган бўлса керак. Энди ҳозир орқага қараб ўз қўшиқларимни эшитсам, ҳамма қўшиқларим ўзим ҳақимда экан дейман.

Усмон Азим: Яхши шеър, яхши адабиëт ҳамманинг тақдири ҳақида бўлади. Буни ичига тушиб англаган одам топади. Ҳар бир яхши шеър чиндан ҳам яхши бўладиган бўлса, кўпчиликнинг тақдири ҳақида бўлади. Чунки ҳамма воқеалар бошимиздан бараварига ўтаяпти. Бундан ташқари одам ўз тақдирига ўхшаш нуқталарни, оҳангларни албатта топади.

Қийналади офтобни кутиб
Ëмғирларда ивиган шаҳар...
...Ухлаб қолдинг, йиғлаб, қон ютиб,
Кўринганда уфқда саҳар.

Мен тақдирдан ҳеч нолимайман,
Гар алмашди шомга тонгимни.
Олиб кетди бу оқшом билан
Узоқларда қолган жонимни.

Менинг сарсон умримга ойдин
Ривож тилаб у чекди фиғон.
Оëғини тавоф қилдим мен –
Дунëда энг омадсиз ўғлон.

У ҳеч нарса қилмади талаб,
Минг ўргилди қошу кўзимдан.
Унинг қаро сочларин силаб,
Бу тун кечдим ҳатто ўзимдан.

Ëмғир ëғди майда-майдалаб
Майда-майда бўлди юрагим
Тонг отгунча қайта-қайталаб
Севасанми дея сўрадим.

Қийналади офтобни кутиб
Ëмғирларда ивиган шаҳар...
...Сен кетасан қайга қон ютиб,
Мени қайга бошлайди саҳар?
XS
SM
MD
LG