Линклар

Пахта сиëсати ўзгарди

  • Гулнора Равшан

Сувсизлик, ўғит етишмаслиги, ер шўрланиши, пахтадан келадиган даромаднинг камлиги Тожикистонда пахта майдонлари қисқаришига сабаб омиллар сифатида эътироф этилмоқда

Сувсизлик, ўғит етишмаслиги, ер шўрланиши, пахтадан келадиган даромаднинг камлиги Тожикистонда пахта майдонлари қисқаришига сабаб омиллар сифатида эътироф этилмоқда

Тожикистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, 2009 йилда пахта майдонлари ўтган йиллардагига қараганда 250 минг гектарга қисқартирилади.

Тожикистон Қишлоқ хўжалик вазирлигининг Ўсимликларни парвариш қилиш бошқармаси бошлиғи Саидмурод Баҳриддиновнинг билдиришича, 2008 йилда Тожикистондаги 253 минг гектар майдонга чигит экилган, аммо кўп жойларни сел ювиб кетгани туфайли 237 минг гектар майдондангина пахта ҳосили олинган.

Натижада кўзланган 552 минг тонна ҳосил ўрнига тахминан 331 минг тонна пахта ҳосили олинган. Ўтган йил эса бу кўрсатгич тахминан 420 минг тоннани ташкил этганди.

Соҳа мутахассиси мамлакатда пахта етиштириш йил сайин камайиб бораётганини асосан сув муаммоси билан боғлайди.

- Тожикистон об–ҳаво шароити пахта етиштириш учун жуда қулай. Аммо сўнгги йилларда пахтачилик соҳасига аҳамият камайгани ва минтақада сув тақчиллиги республикада пахта майдонларининг камайишига сабаб бўлаётир, - деди Қишлоқ хўжалик вазирлиги расмийси Саидмурод Баҳриддинов.

Вазирлик масъули пахта етиштиришдаги бошқа муаммоларга ҳам тўхталди.

- Жорий йил пахтакорлар учун энг катта муаммо ўғит бўлди. Шунинг учун ҳам кўзланган ҳосил олиш имкони бўлмади. Аввалги йилларда тупроқ картограммаси назарга олинган ҳолда, ҳар гектар майдонга ўрта ҳисобда 1 тоннадан ортиқроқ ўғит берилар эди. Ҳосилнинг 50 фоизи ўғит ҳисобидан эканини мутахассисиларимиз яхши билишади. Ҳозир ўша ўғитнинг ўзи йўқ республикада. Ўғит республикага ташқаридан, асосан, қўшни Ўзбекистондан олиб келинади. Сўнгги йилларда йўл оворачиликлари сабабли минерал ўғитлар - азот, фосфор, калий нархи ошиб кетиб, уни ҳамма деҳқонлар ҳам сотиб ололмай қолди, - деди Баҳриддинов.

Соҳа мутахассисининг таъкидлашича, айна мана шу муаммолар боис деҳқонлар жорий йил ҳар гектар майдондан 16 центнердан ҳосил олганлар.

Аммо қишлоқ хўжалиги бўйича таҳлилчи Муҳаббат Холназаров нафақат сув ва минерал ўғитлар муаммоси, балки ерга ишлов беришни билмаслик ҳам пахта ҳосилининг камайишига олиб келганини таъкидлайди.

- Деҳқонларимиз ерга ишлов беришни билишмайди. Тўғри келган одамга ер берилиб, пахта экиш топширилди, - дея куйинади Муҳаббат Холназаров. - Экин майдонларида бир неча йил кетма-кетига пахта экиш, кўллатиб суғориш ҳам тупроқ таркибини бузиб юборди. Тожикистонда мелиорация қоидаларига умуман риоя қилинмайди. Шунинг учун ҳам ер тагидаги сувлар юзага чиқиб, шўр ерлар кўпайиб кетди. Айни пайтда Тожикистоннинг 110 мингдан ортиқ гектар майдони шўр ерлардан иборат. Вақтида олимлар Тожикистон шароитида пахтани чаккилатиб суғоришни йўлга қўйишни таклиф қилишганди. Аммо олимларнинг бу таклифига амал қилмаслик бугун бизни мана шундай аҳволга солиб қўйди.

Бошқа бир таҳлилчи Ваҳоб Воҳидов эса Тожикистон ерлари агротехника нуқтаи назаридан ҳақиқий шудгор кўрмаётганини таъкидлайди.

- Тожикистонда уруғ етиштириш паст даражада. Бизда уруғ етиштирувчи корхоналар устидан назорат йўқ. Албатта, Тожикистонда сифатли уруғ етиштирувчи махсус хўжаликлар мавжуд. Аммо улар ўз маҳсулотини ёғ ишлаб чиқариш хусусий корхоналарга катта пулларга сотишади. Чунки сифатли чигит таркибида 17-18 фоизгача ёғ мавжуд. Бу эса ўша корхона эгаларига катта фойда келтиради, - деди таҳлилчи Воҳидов.

Унга кўра, қишлоқ хўжалиги соҳа мутахассислари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири яхши ҳосил берадиган маҳаллий уруғлар етиштиришдир.

- Пахта Тожикистоннинг энг асосий стратегик хом ашёси эканини унутмаслигимиз керак, - дея таъкидлади таҳлилчи. - Шу важдан пахтачилик соҳасини юқори даражага кўтариш учун барча чора-тадбирларни ишга солиш вақти етган. Бугунда пахтанинг ҳар тоннасидан ўртача 80 доллардан 110 долларгача даромад кўрилаётир.

Бошқа бир гуруҳ таҳлилчиларга кўра эса Тожикистонда пахта етиштиришга етарли аҳамият берилмаётганига деҳқонларга бериладиган иш ҳақининг жуда озлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, қишлоқ хўжалиги мутахассисларига берилаётган 60 сомоний ёки 18 АҚШ доллари миқдоридаги маош билан рўзғор тебратиш имконсиз. Шунинг учун ҳам деҳқонлар камдаромад пахта ўрнига сабзавот ва полиз экинлари экишни маъқул кўраяптилар.

XS
SM
MD
LG