Линклар

Ўзбек сўми қадрини йўқотмоқда


Мамлакатда инфляциянинг кучайиши ва сўм қурбига ишончсизлик аксар ўзбекистонликларнинг бор маблағни АҚШ долларида жамғариш ҳавасини кучайтирмоқда.

Мамлакатда инфляциянинг кучайиши ва сўм қурбига ишончсизлик аксар ўзбекистонликларнинг бор маблағни АҚШ долларида жамғариш ҳавасини кучайтирмоқда.

Йил охиригача бир АҚШ долларининг қора бозорда 1800 сўмгача кўтарилиши кутилмоқда. Айни пайтда¸ Тошкент инфляцияга қарши ўзига хос чора қўлламоқда.

Доллар нархи ошишининг инфляция даражасининг кўтарилишига, нарх-навонинг қимматлашишига сабаб бўлиши кутилаётир.

АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 2009 йилга ўтиб яна кўтарилиши, бир АҚШ доллари 2000 сўмдан ҳам ошиши мумкинлиги ҳақида ёзади uzmetronom.com интернет сайти. Ушбу сайтда эълон қилинган “Ўзбек сўми пул эмас - оддий қоғоз” номли мақолада ёзилишича, бир ой аввал Ўзбекистон “қора бозор”ида бир АҚШ долларининг нархи 1360 сўм атрофида бўлган бўлса, ҳозирда 1460 сўмга кўтарилган.

Биз суҳбатда бўлган ўзбекистонликлар ҳам “қора бозор” да доллар нархининг қимматлаганини тасдиқлашди.

- Ҳа, доллар яқин орада кўтарилиб кетди, - деди суҳбатдошларимиздан бири.

- Доллар кўтарилибди, деб эшитдим, лекин сабаби нима эканлигини билмайман, - деди бошқа бир суҳбатдош.

Ҳозирда АҚШ долларининг давлат томонидан белгиланган қиймати “қора бозор”га нисбатан анча арзон.

Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган нарх бўйича 2008 йилнинг 18 ноябрида бир АҚШ доллари 1361,12 сўмга тенг. Лекин долларнинг давлат томонидан белгиланган қийматида ҳам аввалги ойга нисбатан маълум миқдордаги ўсиш кузатилади.

Ўзбекистон миллий банкининг собиқ ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳар жиҳатдан АҚШ долларига боғлиқлиги мамлакатда доллар қийматининг бетўхтов кўтарилишига сабаб бўлишини айтди.

- Ўзбекистон экспорти фақат АҚШ долларида амалга оширилади. Шу боис давлатга фақат АҚШ валютасида даромад келади. Мамлакат импорти ҳам нақд долларда амалга оширилади. Импорт экспортдан кўра кўпроқ бўлганлиги сабабли АҚШ валютасига талаб ошиб бораверади. Шунинг учун долларнинг кўтарилиши фақат мамлакатдаги вазият билан боғлиқ бўлиб қолаётир¸ - дейди Ўзбекистон миллий банкининг собиқ ходими.

Мамлакатда доллар қийматининг тинимсиз кўтарилиши баробарида ўзбек сўми билан боғлиқ муаммолар ҳам кўпаяётгани ҳақида маълумотлар бор. Кейинги ойда Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги кузатилаётир. Айни муаммо боис айрим жойларида нафақа пуллари, ойлик маошлари ўз вақтида берилмаяпти.

“Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам пул тақчиллиги юзага келди. Октябр ойининг нафақалари кечикиш билан берилди”.

“Самарқандда бир ҳафта¸ 10 кун кечикиб олаëтганлар бор. Баъзи жойларда 20 кунгача кечикаяпти”.

“Фарғонада нақд пулнинг йўқлиги валюта “қора бозор”ида билинаяпти. Ўзбек сўми йўқ дейишаяпти”.

Бу Ўзбекистонда нафақа ва маошларнинг кечикиб берилишини изоҳлаган айрим ўзбекистонликлар фикрларидир.

Хоразмдаги банклардан бирида ишлайдиган манбанинг айтишича, бу ҳолат ҳақиқатан ҳам банкларда нақд пул миқдорининг камлиги билан боғлиқ бўлиб, ҳар йили пахта терими мавсумида нақд пул муаммоси кузатилади.

Лекин айрим кузатувчилар бу ҳолатни дунё бўйлаб кузатилаётган глобал молиявий инқирознинг Ўзбекистондаги илк таъсири сифатида баҳолашади.

Ўзбекистон Банк-молия академияси ходими Тўлқин Бобоқуловга кўра, ҳозирча Ўзбекистонда молиявий инқирознинг таъсири сезилмаяпти. Унинг айтишича, бу таъсир сезилган тақдирда ҳам Европа давлатларига нисбатан анча паст бўлади.

- Чунки бизларнинг банк тизимимизда хорижий банкларнинг иштироки паст. Масалан, Польшада 53 фоиздан ошиқ экан. Уларга таъсири жуда ҳам кучли бўлади. Бизда хорижий банкларнинг банкимиздаги активларининг салмоғи кичик. Ўзбекистонда бор-йўғи тўртта хорижий капитал иштирокидаги банк бор. Ҳозир бешта бўлди. Улар қанақа? Булар - қўшма банклар. Уларнинг активлари жуда кичик. Уларники жами банк активларининг 10 фоизини ҳам ташкил қилмайди. Шунинг учун бизларда шарқий ва ғарбий Европа мамлакатларига қараганда молиявий инқирознинг таъсир даражаси жуда ҳам паст бўлади, - деди Тўлқин Бобоқулов.

Иқтисодий таназзулнинг Ўзбекистонга таъсир даражаси Европага нисбатан кам бўлиши башорат қилинаётган бир пайтда мамлакатда АҚШ долларининг қиймати кўтарилишда давом этаётир.

XS
SM
MD
LG