Линклар

logo-print

Мусулмонлар сиëсатга кирмоқчи


"Мусулмонлар иттифоқи" ҳамраисларидан бири Нурлан Мўтуев аввал ҳам ғайриоддий чиқишлари билан қирғизистонликларни ҳайратга солиб келган.

"Мусулмонлар иттифоқи" ҳамраисларидан бири Нурлан Мўтуев аввал ҳам ғайриоддий чиқишлари билан қирғизистонликларни ҳайратга солиб келган.

Собиқ Омбудсмен Турсунбой Бакир ўғли ҳамраислигида иш бошлаган “Мусулмонлар иттифоқи” қирғиз фуқароларини сиëсий фаолликка ундамоқда.

Қирғизистон мухолифатидаги “ЭрК” партияси раиси, “Мусулмонлар иттифоқи” ҳамраиси Турсунбой Бакир ҳаракатни ташкил қилишга ундаган сабабларга тўхталди:

- Қирғизистон аҳолисининг 85 фоизи ўзини мусулмон деб ҳисоблайди. Аммо ҳукумат "Ҳизбут-Таҳрир"га қарши кураш баҳонасида бегуноҳ мусулмонларни ҳам қақшатмоқда. Иккинчидан, бугунги кунда дунёнинг ривожланган давлатларида покиза, иймонли одамлар ҳокимият тепасига келмоқдалар. Қирғизистонда эса ҳокимият мунофиқлар қўлига ўтиб бормоқда. Улар халқни эмас, ўз чўнтакларини ўйлаб, мамлакатни қашшоқлик гирдобига ташламоқдалар. Мана шундай шароитда мусулмонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, мамлакатни турли инқирозлардан сақлаш учун “Мусулмонлар иттифоқи”ни ташкил этдик, - дейди Турсунбой Бакир ўғли.

Айни пайтда, “Мусулмонлар иттифоқи” ҳамраиси, “Жўмард” ватанпарварлик ҳаракати раҳбари Нурлан Мўтуев янги тузилган иттифоқ сиёсатга фаол аралашиши, парламентнинг тарқатилиши ва ҳукуматнинг истеъфоси учун кураш олиб боришини айтди.

Нурлан Мўтуевга кўра, декабр ойида мухолиф кучлар томонидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари ўтказилади. “Мусулмонлар иттифоқи” мана шу намойишларни қўллаб-қувватлайди ва уларда иштирок этади.

Бироқ, сиёсатшунос Асилбек Жўўданбеков тахминига кўра, мухолифатнинг арзимас бир қисми ва уларга қўшилган “Мусулмонлар иттифоқи” уюштирган норозилик намойишлари натижа бермайди:

- Улар республика миқёсида халқни ўз сафларига жалб қила олмайдилар. Натижада ҳукуматни ҳам сезиларли ижобий қадамлар ташлашга мажбур қилолмайдилар, - дейди сиёсатшунос.

Шу билан бир қаторда, Қирғизистон Омбусмени Турсунбек Акун ва бир қатор дин уламолари “Мусулмонлар иттифоқи”ни ташкил этиб, ундан сиёсий мақсадларда фойдаланиш мамлакат қонунларига зид эканини, Ислом динига зиён етказишини таъкидламоқдалар. Жумладан, Қирғизистондаги таниқли уламо Содиқ қори Камолов мана буларни айтди:

- Диннинг ўз сиёсати бор. Бу Аллоҳ томонидан белгиланган энг юксак савиядаги самовий сиёсатдир. Мана шундай буюк сиёсатни ер юзидаги одамлар олиб бораётган сиёсатга аралаштириш динимиз учун, Ислом жамияти учун яхши оқибатларни келтириб чиқармайди, -дейди Камолов.

Бироқ, “Мусулмонлар иттифоқи” ҳамраиси Турсунбой Бакир ўғли бу фикрга қўшилмайди. Унга кўра, бугунги кунда мусулмонларнинг сиёсий ташкилотига эҳтиёж бор:

- Биз диний ташкилот эмасмиз - бунинг учун Қирғизистонда муфтият бор. Биз сиёсий ташкилотмиз. Бизнинг мақсадимиз мусулмонларни бирлаштириб, сиёсатга олиб кириш. Сиёсий фаоллик билан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ўргатишдир. Агар бу ишни биз қилмасак, “Ҳизбут-Таҳрир” партияси қилади, - дейди Турсунбой Бакир ўғли.

XS
SM
MD
LG