Линклар

logo-print

Юклар карвони Марказий Осиëга келмоқда

  • Абдулла Искандар

Ғарб ва Россия ўртасидаги совуқлашувга қарамай¸ Берлин Москва шикоятига қулоқ осиб келаëтган ишончли ҳамкор бўлиб қолмоқда.

Ғарб ва Россия ўртасидаги совуқлашувга қарамай¸ Берлин Москва шикоятига қулоқ осиб келаëтган ишончли ҳамкор бўлиб қолмоқда.

Пайшанбадан бошлаб Германия Афғонистонга ҳарбий юк жўнатиш учун Россия темир йўллар тармоғидан фойдаланишга изн олган биринчи НАТО давлати бўлди.

Грузия низоси боис НATO ва Россия ўртасидаги алоқалар ëмонлашгани фонида бу ҳолат яхшилик ишоратидай кўринмоқда.

НАТО мулозимлари ҳам рус-немис ҳамкорлигини хайрли ишорат сифатида баҳолашди.

Тарихда илк бора Россия НАТОга аъзо давлатга ўз темир йўлларидан фойдаланиш рухсатини берди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда¸ Афғонистонда барқарорлик ўрнатишга қаратилган ҳамкорлик олқишланиши айтилади. Шу йилнинг апрел ойида Бухарестдаги НАТО йиғинида имзоланган келишувга кўра¸ Россиянинг бундай изн бергани айтилади.

Аммо Россиянинг Афғонистонга туташ сарҳадлари йўқ¸ шу боис Марказий Осиë мамлакатлари билан ҳам келишув лозим¸ дейди НАТО матбуот вакили Кармен Ромеро Озодлик мухбирига.

- Эндиликда бизда Россия ҳудудидан Афғонистонга юборилаëтган юклар учун фойдаланишга изн бор. Бу келишув апрел ойида Бухарестда юқори бир даражада имзоланган эди. Аммо бу келишувнинг ишлаши учун биз уч Марказий Осиë давлати Ўзбекистон , Қозоғистон ва Туркманистон билан ҳам келишмоғимиз керак. Ҳозир биз бу давлатлар вакиллари билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Яқин орада улар билан бир битимга келамиз¸ деган умид бор.

Энг муҳими Кремлдан рухсат бор¸ дейди НАТО мулозими.

Албатта¸ Афғонистон барқарорлиги Кремл учун ҳам муҳим. Россиянинг ўзида 20 миллиондан зиëд мусулмон истиқомат қилади. Афғонистон барқарорлиги Марказий Осиëдаги энергия заҳиралари ташиладиган йўл барқарорлиги ҳам демакдир. Шу тариқа Россия НАТО га аъзо давлатга “қурол¸ ҳарбий аслаҳа ва ҳарбий товарларни” ташишга рухсат берди.

Шу пайтгача Афғонистонга етказилаëтган НАТО юкларининг 75 фоизи Покистон орқали ўтаëтган эди.

Покистондаги нобарқарорлик ва толибларнинг фаоллашуви бу йўл салоҳиятига путур етказгани ҳисобга олинса¸ Россия темир йўлларидан фойдаланишнинг НАТО учун нечоғлик муҳимлиги аëн бўлади.
XS
SM
MD
LG