Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:08

Тергов чалғитмоқда


Собиқ вазир Аликбек Жекшенқулов ўз ўғлига қўйилаётган айбловлар амалдаги расмийларнинг сиёсий буюртмаси эканини урғуламоқда.
Собиқ вазир Аликбек Жекшенқулов ўз ўғлига қўйилаётган айбловлар амалдаги расмийларнинг сиёсий буюртмаси эканини урғуламоқда.

Қирғизистон ИИВ таниқли ўзбек журналисти Алишер Соиповнинг ўлимида собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқуловнинг ўғли гумонланаётганини билдирди.

Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Дмитрий Федоровга кўра, собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда эса мухолифат лидерларидан бири бўлган Аликбек Жекшенқуловнинг ўғли Бекқул Бишкекдаги Боулинг марказида Алишер Соипов отиб ўлдирилмиш қурол ишлатилган зиддият иштирокчиси бўлган.

- Экспертиза бу қуролнинг Алишер Соипов отиб ўлдирилган қурол эканини исботлади, - деди Дмитрий Федоров.

Расмийга кўра, терговда Алишер Соиповнинг қотилларининг фотосуратлари мавжуд, шунингдек, у отиб ўлдирилмиш қурол ҳам топилган. Қотиллар қидирувга берилган. Бироқ қидирувдаги қотилларнинг қўлга олинмаётгани сабабли тергов вақтинча тўхтатилган эди. Мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловнинг ўғли билан содир бўлган воқеадан сўнг, Алишер Соипов ўлими юзасидан очилган жиноят иши қайта қўзғатилган. Айни пайтда Бекқул Жекшенқулов милиция томонидан текширилмоқда.

Лекин журналистнинг ўлимида гумон қилинаётган шахснинг отаси, Қирғизистон собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов ўғлига нисбатан билдирилган айбловларни туҳмат, деб ҳисоблайди. Унга кўра, бу йўл билан ҳукмат унга босим кўрсатиб, мухолифатдаги фаолиятини тўхтатишга ҳаракат қилаётир.

- Дискотекада ёш йигитлар қизиққонлик қилиб муштлашиб кетадилар. Шундан сўнг ўғлим у ердан кетади. Дискотекада ўқ отилганида ўғлим у ерда эмасди. Шунинг учун уни айблаш асоссиздир. Бу туҳмати учун ички ишлар вазирлигини судга бермоқчимиз, - деди Аликбек Жекшенқулов.

Бишкекдаги “Очиқ сиёсат” газетаси бош муҳаррири Бобурбек Жээнбеков ҳам мухолифатнинг таниқли намояндасига мана шу йўллар билан тазйиқ ўтказилмоқда, деб ҳисоблайди.

- Бугунги кунда мухолифат раҳбарлари “ҳокимиятни ағдарамиз” деса, халқ уларни оммавий равишда қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун ҳукумат мухолифат лидерларига турли йўллар билан босим кўрсатмоқда. Масалан, кимнингдир қариндошларини ишдан олмоқдалар, кимларгадир эса ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан босим кўрсатилмоқда.

Бироқ Қирғизистон Ички ишлар расмийлари жиноий ишларни олиб боришда сиёсатдан узоқ эканликларни таъкидламоқдалар. Шу билан бир қаторда, Ички ишлар вазири ўринбосари Дмитрий Федоров Алишер Соипов сиёсий сабаблар билан ёки жиноий гуруҳлар томонидан ўлдирилган, деган тахмин ҳам асоссиз, деб қаралаётганини билдирди.

Алишер Соиповнинг ўлимида Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли бор, деган тахмин ҳам тергов томонидан кўриб чиқилмаяпти. Дмитрий Федоров “шундан келиб чиққан ҳолда, Алишер Соипов касбий фаолияти учун ўлдирилган”, деган тахмин тўғрилигини таъкидлай олмаслигини ҳам айтган.

Ички ишлар вазирлиги расмийсининг бундай баёноти бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасини ташвишга солди. Қўмита бу масала юзасидан махсус баёнот ҳам тарқатди.

“Биз қирғиз ҳукумати Алишер Соипов ўлимига унинг касбий фаолияти сабаб бўлганини рад этаётганидан ташвишдамиз. Соипов ўзбек президенти Каримов режими инсон ҳуқуқларини бузаётганини танқид қилаётган журналистлардан бири эди. Қирғиз ҳукумати нега бундай ҳаракат қилаётганини жамоатчиликка тушунтириб бермоғи лозим”, дейилади журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси тарқатган баёнотда.

XS
SM
MD
LG