Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:55

МДҲ божхоначилари ахборот алмашади


Тожикистонлик тижоратчилар бундан буён тожик-ўзбек чегарасидан юк олиб ўтишда муаммолар камайишига умид боғламоқдалар
Тожикистонлик тижоратчилар бундан буён тожик-ўзбек чегарасидан юк олиб ўтишда муаммолар камайишига умид боғламоқдалар

Санкт-Петербургда МДҲ чегараларидан товар ва транспорт воситалари олиб ўтилишига доир ахборот алмашинувини йўлга қўйиш тўғрисида баённома имзоланди.

Мазкур баённома Россия, Озарбайжон, Белоруссия, Молдова, Украина, Арманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон божхона раҳбарларининг 21 ноябр куни бўлиб ўтган 48-йиғилишида имзоланган.


МДҲга аъзо давлатлар божхона раҳбарлари имзо чеккан баённоманинг асосий мақсади чегаралардан ўтувчи юклар жойлашуви ва ҳолатидан бир-бирларини огоҳлантириш экани айтилмоқда.


Соҳа мутахассислари бу ҳамкорлик ягона божхона иттифоқи тузиш томон қўйилган илк қадам, дея таъкидлашади.


Тожикистон божхона хизмати ходимларидан бири биз билан ўзаро суҳбатда эндиликда МДҲ ҳудудида яшовчи фуқаролар, хусусан, тижорат билан машғул кишиларнинг бир давлатдан иккинчи давлатга юк ташишидаги мавжуд муаммоларга барҳам берилишини билдирди.


Суҳбатдошга кўра, “айни шу ҳамкорлик ортидан чегаралардан ўтувчи юклар хавфсизлигини таъминлаш учун назорат кучайтирилади. Бу эса, ўз навбатида, юкларнинг чегараларда асоссиз мусодара қилиниши, номаълум сабабларга кўра йўқолиши хавфини камайтиради”.


Айни пайтда қўшни республикалар ва хориждан Тожикистонга юк ташувчи тижоратчилар бундай ҳамкорликни олқишлашларини билдирдилар. Кўп йиллардан буён Россия, Озарбайжон ва Ўзбекистондан Тожикистонга турли хилдаги товарлар ташиб турган тижоратчи Насибахон ҳам МДҲ божхоначилари қароридан мамнун:


- Ўзбекистондан Тожикистонга келаётганимизда божхонада тушунмовчиликлар бўлади. Бундан тўрт йил аввал юк билан Бокудан Ўзбекистонга ўтиб, ундан Тожикистонга келишим керак эди. Ўшанда ҳам ҳужжатлардаги тушунмовчиликлар боис ўзбекистонлик божхоначилар юкларимни мусодара қилишганди. Сўнг қимматбаҳо кийим-кечак жойланган икки сумка юким йўқолган эди. Ҳеч кимга айтолмайсан, исбот қилолмайсан. Энди юклар тўғрисида информация бериладиган бўлса, жуда яхши бўлибди. Демак, юкларимиз компьютерда қайдга олинади. Йўқолса, топиш осон бўлади. Энди ишларимиз яхши бўлади, деган умиддаман, - деди тижоратчи Насибахон.


Бироқ таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов бу ҳали шунчаки қоғозда қайд этилган қуруқ гап эканини таъкидлади:


- Аввало, айтиш керакки, бу шунчаки протокол. МДҲга аъзо давлатлар чегараларидан юк ташишда мавжуд муаммоларнинг узил-кесил ҳал бўлиши учун аввало бундай келишув МДҲ давлат раҳбарлари томонидан имзоланиши керак. Мен бу давлатлар протокол талабларини бирдай бажаришларига шубҳа билан қарайман. Хусусан, яқиндагина Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти аъзолигидан чиқиб кетган Ўзбекистон томони Тожикистон билан бундай ҳамкорликни йўлга қўйиши амримаҳол. Аввал ҳам бундай ҳолатларни тажрибада кўрганмиз, - деди Шокиржон Ҳакимов.


Таҳлилчи сўнгги вақтларда Ўзбекистон-Тожикистон чегараларидан ўтувчи юк поездлардан юклар йўқолаётгани ва икки давлат темирйўл идора масъулларининг интернет-сайтлар орқали бир-бирларини айблашларини ҳам эслатиб ўтди.

“Аммо, - дея қўшимча қилади таҳлилчи, - барча давлатлар фуқароларининг яшаш шароити яхшилаш ва бозорлардаги нарх- навонинг чўнтакка тўғри келишини таъминлаш учун тезроқ ягона божхона иттифоқини тузиш зарур”.

XS
SM
MD
LG