Линклар

logo-print

Мамадали Маҳмудов оиласига босим кучайган


Ўзбек милицияси йилларча қамоқхоналарда азоб чекаётган сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудовнинг оиласига ҳам тинчлик бермаяпти.

Ўзбек милицияси йилларча қамоқхоналарда азоб чекаётган сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудовнинг оиласига ҳам тинчлик бермаяпти.

Куни-кеча сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудовнинг оила аъзолари Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимига мажбуран олиб кетилган.

Мамадали Маҳмудов рафиқаси Гулсара Маҳмудованинг Озодлик радиосига маълум қилишича, уларни ички ишлар бўлимига мажбуран олиб кетганлар.


- Эрталаб соат 6.30 да келишди. Биз бормаймиз десак ҳам, соат 10 гача уйнинг олдида ўтиришди. Бормаганимизга қўйишмади. Охири ўғлим Бобур билан бирга Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимига бордик. Баҳона қилишаяпти. Эмишки, ички ишлар бўлими раҳбари янги бўлибди ва у рўйхатда турадиган шахслар билан шахсан танишиш ниятида экан. Яна қайтадан ёздириб, расмга тушириб, компьютерга киритиб қўйишди, - дейди Гулсара Маҳмудова.

Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимидан бу борада маълумот олиш имкони бўлмади.

Мухолифатдаги Эрк партияси бош котиби Отаназар Орипов эса буни ҳайит яқинлашаётгани билан изоҳлади.

- Мамадали Маҳмудовнинг ўғли ички ишлар бўлими ҳисобида туради. Отаси қамалгандан кейин уни ва умуман, Мамадали оила аъзоларининг барчасини мунтазам назоратга олишган. Тинч қўйишмайди ишқилиб. Сал бирор гап бўлса олиб кетаверишади. Менга хабар қилишларича, икки кундан буён уйи олдида машинада қоровуллаб ўтиришганмиш. Участка нозири ҳам чақирган экан. Мана, Қурбон ҳайити келаяпти. Шунақа байрамлар арафасида рўйхатга олинган одамларнинг барчасига нисбатан назорат кучаяди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда барча назоратда дейиш мумкин, - дейди Отаназар Орипов.

Мамадали Маҳмудов 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган. Суд қарорига кўра, у Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик, Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик каби айбловлар билан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Отаназар Ориповга кўра, Мамадали Маҳмудов сохта айбловлар билан қамалган.

- Мамадали Маҳмудовга қўйилган айбларнинг барчаси уйдирма. Тошкентдаги портлашлар 1999 йилнинг 16 февралида бўлган бўлса, 19 февралда Мамадалини орган ходимлари ўғирлаб кетишган. Бир ярим ойгача унинг қаерда эканлигини ҳеч ким топа олмай юрди. Орадан бир ярим ой ўтгач, ички ишлар бўлимига олиб келиб, ҳибсга олишни расмийлаштиришди. Ўша бир ярим ойнинг ичида қанча қийноқларни бошидан кечирган, қанча азобларга бардош беришига тўғри келган. Бу қийноқлар ўлимдан ҳам баттар экан, “ўлимни ҳам афзал кўрдим”, деганди унинг ўзи кейин. Мамадали Маҳмудовнинг энг катта хизматларидан бири шуки, у Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар мавжудлигини ошкор қилди. У маҳкама жараёнларидаги чиқишларида ҳам, кейинчалик қамоқхоналардан чиқарган хатлари орқали ҳам қийноқлар ҳақида маълум қилди, - дейди Отаназар Орипов.

Шу каби қийноқлар натижасида Мамадали Маҳмудов соғлигини йўқотган. Икки ой аввал Чирчиқдаги қамоқхонага бориб эри билан учрашиб қайтган Гулсара Маҳмудованинг айтишича, Мамадали Маҳмудов ўз аҳволидан шикоят қилган.

- У фақат дори-дармон билан жон сақлаяпти. Операция қилишгандан кейин ҳам соғлиги ўнгланмади. Бурни битиб қолади. Нормал нафас олиши учун дориларни етказиб турамиз. Нафаси қайтиб қолса, аҳволи жуда оғирлашади. Фақат дори орқалигина тирик. Юраги, ошқозони оғрийди.

Озодлик: Ўзлари нима дейдилар, қамоқхонада уларга нисбатан муносабат қандай экан?

- Қамоқхонага янги бошлиқ бўлганидан буён муносабатлар бироз яхшиланган. Аввалги бошлиқ пайтида ноҳақдан тез-тез жарима изоляторига ташлашарди, қўпол муносабатда бўлишарди, - дейди Гулсара Маҳмудова.

Мамадали Маҳмудов қамалганидан буён кўплаб маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар унинг озод қилинишини сўраб келмоқда. Бироқ, Отаназар Ориповнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати бу каби сўровларга эътибор қилиш ниятидан йироқ.

- Мамадали Маҳмудовни ҳеч қачон амнистияга туширишмайди. У шахсан Президент Ислом Каримовнинг назорати остида бўлган шахс. У доимий назоратда, ҳар амнистия эълон қилинишидан аввал унга қанақадир айблар топиб, ҳайфсан эълон қилишади. Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган сиёсий маҳбуслар орасида энг кўп қийналгани Мамадали Маҳмудов бўлади. У қамоқни азобини, қийноқларни азобини жуда кўп тортган одам. Ҳозирда уни қамоқхонада сақлаб туриш, бу қонунга ҳам, ҳеч қандай инсонийликка ҳам тўғри келмайди, - дейди Отаназар Орипов.

Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилган Мамадали Маҳмудов 68 ёшни қаршиламоқда. У “Менинг Боғдоним”, “Боғдон бўриси”, “Бургут қаноти” каби асарлар муаллифи.

Уни Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ëрқин сиëсатчилардан бири сифатида эътироф этишади. М

амадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” асари совет даврида таъқибга учраган. Маҳбуслик даврида ёзаётган “Муқанна” романи эса¸ Гулсара Маҳмудованинг айтишича¸ қамоқхона мутасаддилари томонидан тортиб олиниб, қайтариб берилмаяпти.

XS
SM
MD
LG