Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:43

Погон ва хотинбозлик


Мустақил манбалар ва жабрланувчилар¸ милиция ходимларининг Ўзбекистонда энг зўравон хотинбозларга айланиб бораëтганини қайд этмоқдалар.
Мустақил манбалар ва жабрланувчилар¸ милиция ходимларининг Ўзбекистонда энг зўравон хотинбозларга айланиб бораëтганини қайд этмоқдалар.

"Юқори лавозимли милиция зобитларининг хотинбозлиги, уларнинг ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмаслиги Ўзбекистонда одатий ҳолга айланиб қолган, милиция зобитининг погонидаги юлдузча кўпайган сари хотинлари ҳам кўпаяверади."

Сеҳрли овоз соҳибаси, “Шарқ булбули”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонованинг фожеали вафот этганига бир йилдан ортди.

Эндигина 31 га кирган, санъатию тақдирига бутун Ўзбекистон ҳавас қилган қизининг ўз жонига қасд қилганига қўшиқчининг онаси, андижонлик Октябрхон опа ишонмайди.

Мана бу бошқа аёл.

- 4 ой ичида бизнинг тортган азобимизни кўринг. Кейин бизга қўзғатилган жиноий иш тўхтатилдида, аризачи Шиняевнинг опасининг эри Илëсов Олег Иззетович бор, у биз тўғримизда туҳмат ëзган. Кейин жиноий ишни унинг ўзига қўзғатишди ва бизни жабрланувчи қилишди.

Бу Комила Содиқова, 41 га кирган аёл. У марҳума Дилнура Қодиржонова билан ҳеч қачон учрашмаган. Қўшиқларини эшитган бўлиши мумкин, лекин шахсан таниш бўлмаган.

Лекин иккала аёл учун бир муштарак жиҳат бор: иккаласи ҳам юқори лавозимли милиция офицерларининг ғайриқонуний хотинлари. Комилахон, айтишича, ҳатто, собиқ эрининг бешинчи хотини бўлган.

Бу икки аёлни бирлаштирадиган яна бир жиҳат бор. Тўғрироғи, бир баёнот. Лекин уни кейинроқ, мавриди билан айтамиз.

Умуман эса, ҳар иккала оилада бўлган жанжалга тўхталамиз. Жанжалга тўхталамиз, деяпмиз. Жанжални бутун икир-чикири билан ёритмоқчи, бир томон айблию иккинчи томон ҳақ, демоқчи эмасмиз. Зеро “Жамият ва қонун” эшиттириши ҳукм чиқарадиган суд эмас.

Гап, ваколатлари чексиз, қўли бениҳоя узун бўлган ўзбек полицияси катта зобитларининг ҳар доим, ҳар қандай шароитда ҳақ бўлиб чиқиши тўғрисида.

Биринчи жанжал.

Биринчи жанжал Ўзбекистон ИИВ масъул ходими, полковник Сергей Шиняев билан боғлиқ. Бу ҳақда 17 ноябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти хабар қилди.

Ташкилот баёнотномасида айтилишича, полковник Шиняевнинг бир эмас, икки эмас, 5 хотини бор. Афтидан шу кунда 4 та қолган. Чунки бешинчи хотини Комила Содиқова билан уруш ҳолатида.

Биз Комилахон билан боғландик. Айтишича, собиқ эри, полковник Шиняев унинг устидан икки марта жиноят иши қўзғаттирган.

- Биринчиси 2006 йил 16 ноябр. Шаҳар прокуратурасида Зуҳрахоним деган битта озарбайжон бор. Ўша орқали фирибгарлик йўли билан менга, синглимга ва укамга жиноий иш қўзғатибди. Биз Шиняевнинг опасининг уйини фирибгарлик била тортиб олган эканмиз. Энди қаранг, нотариалный тасдиқланган уйни биз қанақа қилиб фирибгарлик билан тортиб оламиз? Кейин жанжал қилиб уни иккинчи марта экспертиза қилиб топширгунимизча 4 ой ўтди.

Биз гумондор бўлиб қолдик. Бизга прекрашение қилишди ҳалиги жанжаллардан кейин. Экспертизани такроран қилдирдикми, бу 4 ойнинг ичида бизнинг тортган азобимизни кўринг. Кейин бизга қўзғатилган жиноий иш тўхтатилди-да, аризачи Шиняевнинг опасининг эри Илëсов Олег Иззетович бор, у биз тўғримизда туҳмат ëзган, кейин жиноий ишни унинг ўзига қўзғатишди ва бизни жабрланувчи қилишди.

Мен кейин яна ëзишда давом этавердим. “Шиняевнинг ўзига жиноий иш очиш керак. Мана унинг жинояти. Санкт-Петербургга бориб келган. Мана билетлари. Текширинглар” деб ëзаверсам, Собир Раҳимов тумани прокурори Тожиқулов менга туҳмат моддаси билан жиноий иш қўзғатибди.

Мен “Кимга туҳмат қилдим? Нимага жиноий иш қўзғатдингиз?” десам, “Полковник Шиняевга ноқонуний паспорт билан Ленинградга бориб келган деб туҳмат қилаяпсиз” дейди. “Ахир бу ростку. Мен ўзим бирга борганман” десам, “Йўқ, билет топилмади. Сиз туҳмат моддаси билан айбланасиз” дейди. “Ўзим топиб келсам нима бўлади?” десам, “Боринг қўлингиздан келса топиб келинг” деди. Бир ой сарсон бўлиб бу билетни топдим.

Хуллас, Комила Содиқованинг айтишича, эрининг бир вақтнинг ўзида иккита паспорти бўлган, эгаллаб тургани лавозимда туриб тадбиркорлик билан шуғулланган ва ҳоказо, ва ҳоказо. Лекин, бугун биз учун бу гаплар муҳим эмас. Муҳими олдинда турибди.

Полковник Шиняев билан ҳам боғландик. Шошиб турганини рўкач қилиб, асосий саволларимизни айтишимизга ҳам қўймади. Бироқ ҳар ҳолда мана бу гапни айтди.

- Да.

Озодлик: Ало, Сергей Васильевич.

- Да.

Озодлик: Здравствуйте.

- Быстро говорите. Я убегаю на совещание.

Озодлик: Я звоню с радио “Озодлик” по поводу жалобы вашей бывшей жены Садиковой Камилы.

- Это не моя жена, это провокация просто. Это уже длится три года и я написал во все инстанции. Всë это ерунда. Это уже провокация для того, чтобы забрать дом моей сестры. Вот всë в общих чертах. Всë остальное, что она говорит там - были хорошими друзьями, всë нормально. У неë есть свой муж, свои дети, у меня своя семья. Всë остальное - провокация. Вы будьте осторожны. Если хотите мы с вами потом поговорим подробно.

Озодлик: А вы с ней не жили?

- Мы дружили семьями. Мои родственники, еë родственники.

Озодлик: Она говорит, что у неë есть ребëнок от вас.

- Это не мой ребëнок. У неë есть законный муж, пускай разбираются сами. Это провокация, ещë раз говорю. Будьте осторожны. Сейчас у меня нет времени с вами разговаривать. Перезвоните позже или в другой день. Мы с вами спокойно поговорим.

«Комила Содиқова менинг хотиним бўлган эмас, боласи ҳам мендан эмас, унинг ўз эри бор, 3 йилдан бери менга туҳмат қилиб юрибди», деди полковник Шиняев.

Бу гапдан кейин Комила Содиқованинг синглиси билан боғландик.

Озодлик: Мен ҳозир Шиняев билан гаплашдим. Шиняев “Комила ҳеч қачон менинг хотиним бўлган эмас. Унинг туққан боласи ҳам менинг болам эмас” деяпти. Сиз синглиси сифатида нима дейсиз?

- Қоғозга ўраб гапирганда .......нинг каттасини ебди шу одам. Агар шунақа деган бўлса. Ҳамма расмларни исбот қилиб ҳамма ëғини нима қилиб қўйганмиз. Уни Комиланинг ўзи сизга гапириб беради. Комила ҳаммасини сизга исбот далили билан кўрсатиб беради.

Яшаганми Шиняев Комила билан, яшамаганми – бу ҳам муҳим эмас.

Муҳимига мана энди етиб келдик.

Эътиборимизни ўзига тортган нарса – полковник Шиняевнинг Комила Содиқованинг онаси Намуна ая Мамажоновага “Матлубовлар артистка Дилнура Қодиржоновани қандай ўлдирган бўлса, қизингни ҳам шунақа йўқ қиламан” деб таҳдид қилганидир.

Мана Намуна аянинг ўзи:

- «Кишлачный баба. Я твой дочке как друзя мои убили, вот так буду убит» деб қўлини найза қилиб кетди.

Намуна ая Мамажонова манфаатдор томон. Балки қизи учун Шиняевдан ўч олиш учун шундай деяётгандир? Бўлиши мумкин. Лекин гап бунда эмас.

Гап Дилнура Қодиржонованинг ўлими халқ орасида шу қадар гап бўлиб кетганида, бу иш бўйича марҳуманинг яқинларини қониқтирадиган даражада ўрганилмаётгани устидадир. Ҳар ҳолда Дилнуранинг онаси, андижонлик Октябрхон опа ҳануз ҳақиқат излаб сарсон.

Иккинчи жанжал

Аслида жанжал эмас, фожиа.

“Шарқ булбули”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонованинг фожеали вафот этганига бир йилдан ортди.

Келинг, шу ўринда, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 3 ноябрь куни тарқатган хабарномадан бир парча эшитайлик:

“Хушовоз хонанданинг ўлими сабабларини Ўзбекистон телевидениеси, қатор маҳаллий нашрлар бошқача талқин қилишаëтган эди: гўë санëаткорнинг юраги бехосдан тўхтаб қолган эмиш! Марҳуманинг яқин қариндошларига, Дилнурани билганларга эса мутлақо бошқа ҳолат айтилди – ўзини осиб ўлдирди, санъаткорнинг шаънини сақлаш учун матбуотга ëлғон хабар берилди, дейилди.

Аслида эса Дилнурадан узоқда, Андижонда бўлган ота-онани тинчлантириш, жамоатчилик ўртасида ортиқча шов-шувларнинг олдини олиш учун тўқилган ëлғонларнинг барчаси¸ муайян жиноятни яширишга қаратилган ҳаракатлар бўлиб, хонанда ваҳшиëна қотилликнинг қурбони бўлган эди. Мамлакатда катта-катта раҳбарларнинг оиласи, болалари билан боғлиқ жиноятлар йиллаб очилмай ëтгани каби, Дилнуранинг фожеали ўлими сабаблари ҳам очилмаслиги эҳтимол.

У Ўзбекистон ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовнинг укаси – Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи Жамшид Матлубовнинг иккинчи хотини эди. Айтишларича¸ айнан Дилнура ўлдирилган кунлари Баҳодир Матлубов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга бу ҳақда ахборот берган. Ҳодиса тафсилини ўз талқинича тушунтирган. Бу қўшхотинли уканинг акаси мавқеи ҳукуматда сақланиб қолар экан, адолатни қарор топтиришга умид боғлаш мушкул”, деб ёзди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик жамияти” 3 ноябрь куни.

Дилнура Қодиржонованинг онаси Октябрхон опа ўша адолатни ҳануз изламоқда. Мана у киши мурожаат қилган идоралар:

- Бош прокуратурага, сенатга, президент аппаратига, МХХга 10 мартача бордим. Икки марта Омбудсменга бордим. Ҳаммасида бир хил жавоб. Биронта сўзи бир-биридан фарқ қилмайди. “Биз текшираяпмиз, биз ундан сўрадик, адолатли ҳукм чиқардик, тергов олди суриштирдик” дейди.

Нимани сўради? Бизнинг олдимизда ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамадию! Кейин бутун тушунтириш хатлари бизга қаратилганки, ҳаммаси туҳмат. Буларнинг ўзлари тайëрлаган. Булар прокурорни қўлга олган. Биронтаси менинг бир оғиз гапимга қулоқ солмади.

Октябрхон опа қизининг ўз жонига қасд қилмаганига, у ўлдирилганига қатъий ишонади. Бундай ишонч учун асосларим етарли, дейди опа.

- Ҳамма нарсаси етарли бўлган аëл қандай қилиб учта боласи билан ўзини ўлдиради? Қайтадан очилганда, қизимнинг жасади ëрилмасдан кўмилган эди, кейин бизни уч ой судраб, қоралаб, қабрда қизининг жасадини қўзғади деб туриб, очилдида. Ўша очганда бизга фақат яланғоч аëлни кўрсатди. Қизимни ағдарганда танидим.

Кейин ўша ерда ичида ҳеч нарса йўқ, ëрилган бўлиб чиқди. Ювганлар ҳам, бошқалар ҳам чиройли жасад ëтганини кўрган. Холи кесилмаган, мия олинмаган. Нима учун тўлиқ ҳолда кўмилган болам, уч ойдан сўнг ичида ҳеч нарса йўқ бўлиб чиқди? Қорнида ҳеч бир аъзоси йўқ. Шунга мен ҳозиргача қарши бўлиб келаяпман. Улар қабрни озод қиламиз деб бир неча ой ўша ерда иш бўлди. Буларнинг мақсади бошқа экан.

Лекин Дилнура Қодиржонованиннг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғаш учун унинг онаси келтираётган бу аргументларга ҳеч ким қулоқ солмаяпти.

Опа қизи Дилнура Қодиржоновани Жамшид Матлубовнинг биринчи хотини ва ўғли ўлдирган, деб қатъий ишонади.

- Мен қизимнинг ўзини осиб ўлдиришига ишонмаганлигимдан, унинг ваҳшийларча ўлдирилганлиги, хотини қотил, ўғли қотил деб ëзганман.

Лекин, дейди Октябрхон опа, жиноятчилар Баҳодир Матлубов ички ишлар вазири бўлгани учун жазосиз қолмоқда.

Биз Жамшид Матлубов билан ҳамкасби полковник Шиняев билан гаплашганчалик ҳам гаплаша олмадик. У кишини топишнинг иложи бўлмади.

Хўш, юқори лавозимли милиция зобитлари Матлубов ва Шиняевларнинг хонадонларида юз берган фожеаю жанжаллар нимадан дарак?

Юқори лавозимли милиция зобитларининг хотинбозлиги, уларнинг ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмаслиги Ўзбекистонда одатий ҳолга айланиб қолган, деган фикрни билдирди милиция ходимларининг туриш-турмушидан яхши хабардор, исминию касбини айтмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб берар экан бир тошкентлик.

Унинг фикрича, милиция зобитининг погонидаги юлдузча кўпайган сари хотинлари ҳам кўпаяверади.

- Фақатгина Шиняев эмас, балки бошқа катта офицерлар, менинг билишимча ва эшитишимча, Матлубов атрофидафи офицерлар, Наркотикларга қарши кураш бўлими бошлиғи, терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи, ўринбосарлари ва ҳаммасининг ҳар хил вилоятларда 5-6 тадан хотинлари бор.

Чунки улар ИИВ структурасида тепага чиққунча ҳар хил вилоятларда ишлаб келишади. У ëқда оила яратиб боқиб келишади. Бу албатта қонунбузарлик. Шу қонунбузарликка булар боради¸ чунки елкасида погони бор, қўлида давлат бериб қўйган рухсати бор. Маблағлари бор, имкониятлари бор. Қонундан ташқари иш олиб боришга, ҳатто, 5тадан хотин олишга ҳам имкониятлари бор.

Тошкентлик кузатувчининг фикрича, юқори лавозимли милиция зобитининг қўлидан ҳар иш келади.

- Нафақат Матлубовнинг укаси ўлдириб юборган бўлиши мумкин, бутун республика бўйича булар ўзининг қариндошларини қўйишган. Қариндошларини ўзбошимча деса бўлади. Ўзбошимчалик қилиб доим аëлларнинг шаънига тегади. Бизнесмен аëлларга ҳам, эри йўқ аëларга ҳам, талаба қизларга ҳам тегажоқлик қилишади. Шунақа ҳолатлар жуда кўп. Вилоятларда ҳокимлар, милициялар ўзини қирол деб ўйлайди.
XS
SM
MD
LG