Линклар

Молиявий инқироз баҳона

  • Сарвар Усмон

Россиялик иш берувчилар молиявий инқирозни дастак қилишиб, фирибгарлик йўлига ўтмоқдалар

Россиялик иш берувчилар молиявий инқирозни дастак қилишиб, фирибгарлик йўлига ўтмоқдалар

Россиялик иш берувчиларнинг марказий осиёлик меҳнат мигрантларидан қарзи бир неча миллиард рублни ташкил қилиши мумкин.

Москвадаги инсон ҳуқуқлари "Мемориал" маркази ходими Баҳром Ҳамроевга кўра, “глобал молиявий инқироз бу мамлакатдаги мигрантларни ишлатувчи корхона ва ташкилотлар раҳбарлари учун иш ҳақи тўламасликка яхши баҳона бўлди”.

Унинг айтишича, меҳнат мигрантларига иш ҳақи тўламаслик ҳолатлари ҳар доим бўлиб келган, бироқ кейинги ойларда бу ҳолат оммавий тус ола бошлади.

- Ҳозир асосий иш берувчилар кўзбўямачиликка ўтдилар. Улар молиявий инқирозни баҳона қилишиб, меҳнат муҳожирларининг маошларини бермаяптилар. Бу муаммони Москва шаҳрининг жуда кўп тармоқларида сезиш мумкин, - деди Баҳром Ҳамроев.

Хўш, иш ҳақини ололмаётган меҳнат мигранти кимга арз қилиши мумкин? Унинг пулини ким ундириб бера олади? Бу саволларга Баҳром Ҳамроев:

- Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, ҳаммага бўлмаса ҳам, кўп мигрантларнинг пулини олиб беришга ёрдам қилишаяпти. Биз ҳам ташкилотимизга мурожаат қилган кўпчиликнинг пулини олиб бердик. Аммо банк ходимлари йўл қўяётган хатолар туфайли бу муаммо бундан буён ҳам мураккаблашиб бораверади, - дея жавоб берди.

Агар Россия ҳукумати меҳнат мигрантларининг иш ҳақларини ундириб бериш механизмларини яратмаса, шу кундаги ҳолат кутилмаган оқибатларини келтириб чиқариши мумкин.

- Меҳнат муҳожирларига берилмаётган маош миқдори тахминан бир неча миллиард рублни ташкил қилади. Агар бу пуллар Россия ҳукумати томонидан қайтарилса, мигрантлар ўзларининг анча-мунча муаммоларини ҳал қилиб олган бўлардилар. Акс ҳолда, бу ҳолат бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, - деди Москвадаги инсон ҳуқуқлари "Мемориал" маркази ходими Баҳром Ҳамроев.

Суҳбатдошимиз айтаётган муаммолар, афтидан, Россия расмийларини, журналистларини ҳам ташвишга сола бошлаган кўринади.

Масалан, шу пайтгача марказий осиёлик меҳнат мигрантлари ҳақида улар у ёки бу жиноятни содир этгандагина гапириб келган “Биринчи канал” жума кунги "Янгиликлар"ида меҳнат муҳожирларига иш ҳақи берилмаётгани тўғрисида гапирди.

- Россияга пул топиш учун келган муҳожир кўпинча текинга ишлаб беришига тўғри келаяпти. Фирибгарлик йўсини ҳам жўнгина. Бунда иш берувчиларга жаҳон молиявий инқирози хусусидаги гап-сўзлар қўл келмоқда, - деди “Биринчи канал” журналисти.

"Независимая газета"нинг 21 ноябрь кунги сонида берилган мақола муаллифи эса: "Меҳнат мигрантларининг ишсиз қолиши, уларга иш ҳақларининг вақтида тўланмаслиги жиноятчиликнинг ортиб кетишига сабаб бўлиши мумкин", дея ташвиш билдирди.
XS
SM
MD
LG