Линклар

logo-print

Инқилобий Грузия: кеча ва бугун

  • Алишер Сиддиқ

Инқилобдан сўнг Грузиянинг янги президенти Михаил Саакашвили Ғарбга яқинлашиш сиёсатини тутди

Инқилобдан сўнг Грузиянинг янги президенти Михаил Саакашвили Ғарбга яқинлашиш сиёсатини тутди

Якшанба куни Грузияда “Атиргул инқилоби”нинг 5 йиллиги нишонланди.

Беш йил аввал мамлакат бўйлаб зўравонликларсиз ўтган норозилик намойишлари сабабли Грузиянинг собиқ раҳбари Эдуард Шеварнадзе ҳокимятдан четлаштирилган эди.

“Атиргул инқилоби” деб номланган ушбу ҳодисалар тўлқинида ёш демократ Михаил Саакашвили мамлакатнинг янги президенти бўлди. Бироқ 2003 йилда берилган ваъдаларнинг кўпи ваъдалигича қолиб кетди.

Россия билан уруш мамлакат иқтисодиётини, авторитаризм кўринишлари эса мамлакат демократиясини таҳдид остига қўйгандай бўлаяпти.

2003 йил 22 ноябр куни 35 ёшли ҳуқуқшунос, сиёсатчи ва моҳир нотиқ Михаил Саакашвили Грузия парламенти биноси олдида туриб намойишчиларга мурожаат қилаётган эди.

Улар бўлиб ўтган сайловлар президент Эдуард Шеварнадзе фойдасига сохталаштирилганига қарши намойиш ўтказаётган эди.

Телевидение орқали тўғридан-тўғри мурожаат этган Саакашвилли ўзидан 40 ёш катта собиқ совет раҳбарига ультиматум қўйди. “Шеварнадце айнан ҳозир истеъфога кетиши шарт”, - деди у.

Шеварнадце бу талабга бирдан кўнмади. Сўнг юзлаб намойишчилар Шеварнадзе сайловдан сўнг биринчи парламент сессиясини ўтказмоқчи бўлиб турган парламент биноси ичига кириб борди.

Улар стол-стулларни остин-устун қилиб, Шеварнадзенинг истеъфосини талаб қилишар ва ўзларининг янги лидери “Миша”ни олқишлашар эди.

“Атиргул инқилоби” деб ном олган мазкур ҳодисалар Жанубий Кавказдаги бу кичик мамлакат келажагини кескин ўзгартириб юборди.

"Ҳозир бўлаётган жараёнлар қон тўкишсиз тугамаслигини англадим. Мен ўз халқимга доимо содиқ бўлдим ва ҳозирги вазиятда мен бу жараёнга нуқта қўйиб, президент истеъфога чиқса,Ю яхшироқ бўлишини эълон қиламан”, - деганди ўшанда собиқ президент Эдуард Шеварнадзе.

Бу баёнотдан икки ой ўтиб Саакашвили Грузияга раҳбарлик қила бошлади. У Грузияда зудлик билан ислоҳотларни бошлашга киришди.

Саакашвили Грузияни Россиядан узоқлаштириб, уни тобора НАТО ва Европа Иттифоқига яқинлаштириш йўлидан борди.

2003 йил 23 ноябр куни Михаил Саакашвилли Россияга нисбатан ҳали мулоҳаза билан ёндошар эди. Ўшанда у ҳатто Грузияда ҳокимият алмашиш жараёнига аралашмаган Россияга миннатдорчилик билдирганди.

- Иванов бизга Россиянинг Грузия ички ишларига аралашмаслигига кафолат берди. Бу эса 1990 йилдаги вазиятдан тубдан фарқ қилади. Уларнинг ўз сўзида туришига умид қиламан, – деганди Саакашвили.

“Атиргул инқилоби”дан беш йил ўтиб, вазият яна бошқа томонга ўзгарди.

Эҳтирослар ўтмишда қолди ва инқилобнинг беш йиллиги янги умидлар билан эмас, балки халқ бирлиги шиори остида нишонланмоқда.

Грузияликлар хотирасида энди беш йил аввалги “Атиргул инқилоби” эмас, балки шу йилнинг воқеалари муҳрланиб қолди.

2008 йил август ойида Москва ва Тбилиси ўртасида узоқ йиллар давом этган сиёсий тортишув урушга айланди.

Беш кунлик уруш давомида Грузияга жуда кучли ҳарбий ва гуманитар зарба берилди. Бу эса мамлакатнинг сиёсий йўналиши ва “Атиргул инқилоби”нинг мероси борасида янгидан ўйланиб кўришга ундайди.

XS
SM
MD
LG