Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:09

Президентнинг ўғли жиноятга дахлсиз


Қирғизистон МСК собиқ раисаси Клара Қобулова ўзига давлат раҳбарининг ўғли Максим Бакиев томонидан босим кўрсатилгани учун мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлгани ҳақида икки ой муқаддам баёнот тарқатган эди.
Қирғизистон МСК собиқ раисаси Клара Қобулова ўзига давлат раҳбарининг ўғли Максим Бакиев томонидан босим кўрсатилгани учун мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлгани ҳақида икки ой муқаддам баёнот тарқатган эди.

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакат президенти ўғлининг МСК ишига аралашганига оид даъво тасдиғини топмаганини билдирди.

Бундан икки ой муқаддам Қирғизистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Клара Қобулова президентнинг ўғли Максим Бакиев ўзини ҳақорат қилгани ва комиссия ишига қўпол равишда аралашаётгани тўғрисида видеобаёнот тарқатган ва бундай баëнот оқибатларидан чўчиб¸ мамлакатни ташлаб чиқиб кетган эди. Бош прокуратура кўп ўтмай бу баёнот юзасидан жиноят иши очди.

Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Учқун Каримовнинг айтишича, бу борада очилган жиноят иши вақтинча тўхтатилган.

Жиноят ишининг тўхтатилиш сабаларини шарҳлар экан, Бош прокурор ўринбосари Учқун Каримов президентнинг ўғли Максим Бакиев ва президент маъмурияти раҳбари Медет Садирқуловлар терговга чақирилганлари, лекин уларнинг ҳатти-ҳаракатларида жиноят унсурлари топилмаганини айтди:

- Уларнинг гуноҳлари нима экани аниқлангани йўқ. Албатта¸ бу сўроқ вақтида аён бўлди. Агар баёнот эгаси Клара Қобулова ҳозир бу ерда бўлганида, бу масалага аниқлик киритган бўлар эдик. Афсуски, у бир неча ойдан бери тергов билан ҳамкорлик қилишни истамаяпти. Шунинг учун ҳам жиноят иши вақтинча тўхтатилди. Агар Клара Қобулова Бош прокуратурага кўрсатма бериб, ҳамкорлик қилса, бу жиноят иши яна қўзғатилади, - деди Учқун Каримов.


Қирғизистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Клара Қобулованинг видеобаёноти қирғиз мухолифати томонидан 26 сентябр куни жамоатчиликка ошкор қилинган эди. Клара Қобулова бу баёнотида президентнинг ўғли Максим Бакиев ва президент маъмурияти бошлиғи Медет Садирқуловларни сайлов комиссияларига босим ўтказаётганликда айблаганди.

- Мен президентнинг ўғли Максим Бакиев томонидан ҳақорат қилиндим. У менга таҳдид ҳам қилди. Бу воқеа мухолифатчи Ишенбай Қадирбеков Бишкек шаҳар кенгаши депутатлигига номзод этиб тасдиқланганидан сўнг юз берди, - деб билдирган эди Клара Қобулова ўз баёнотида.
Шунингдек, у ўз ҳаёти хавф остида эканини, мана шу сабабли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганини ҳам билдирганди.

Шундан сўнг қирғиз мухолифати вакиллари Клара Қобулова билан Москвада учрашгандилар. МСКнинг собиқ раисаси уларга сайловлардаги қонунбузарликлар ҳақида барча маълумотларни ошкор қилишини билдирган. Бироқ шу кунгача бундай баёнот амалга кўчганича йўқ.

Қирғиз мухолифатидаги “Ақ шумқар” партияси раиси Темир Сариевга кўра, орадан икки ой ўтган бўлса-да, Марказий Сайлов Комиссияси собиқ раисаси баёнотига сиёсий баҳо берилган эмас. Унинг фикрича, агар парламент бу воқега сиёсий тус берса, Бош прокуратура жиноят ишини тўхтатишга жазм қила олмас эди.

- Клара Қобулованинг айтишича, референдум ва парламент сайловларида бир қатор қонунбузарликлар бўлган. У бу ҳақда ҳам махсус баёнот тарқатмоқчи эди. Лекин бу баёнотларга сиёсий баҳо берилмаётгани учун айбдорлар жазосини олмаяпти, - деди Темир Сариев.

Айни пайтда Марказий Сайлов Комиссиясининг собиқ аъзоси Ақилбек Сариевнинг айтишича, Клара Қобулова сиёсий ўйинлар қурбони бўлган.

- Ўзи қилган қонунбузарликларни тан олиш ҳар қандай одамнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бундай ишга журъат қилиш учун инсон ўз ортида ишончли суянчиғи борлигини аниқ билмоғи лозим. Менимча, мухолифат Клара Қобулова учун суянчиқ бўлмоқчи эди. Бироқ у сиёсий ўйинлар қурбони бўлди, - деди Ақилбек Сариев.

XS
SM
MD
LG