Линклар

Ўзбекистон - бангфурушлар учун яшил йўлак

  • Гулнора Равшан

Афғон афюнининг арзонлагани банг харидорларини жонлантириб юборди.

Афғон афюнининг арзонлагани банг харидорларини жонлантириб юборди.

Тожик расмийларига кўра, мамлакатда йирик наркогуруҳ қўлга олиниб, жиноятчилардан 20 килограмм героин мусодара қилинган.

Тожикистон банг моддаларини назорат қилиш агентлиги матбуот хизмати вакили Бобожон Шафиевнинг Озодлик мухбирига маълум қилишича, кўп йиллик тажрибага эга бу йирик наркогуруҳ аъзолари Тожикистоннинг Ҳисор туманида қўлга олинган:

- 3 ойдан буён бу жиноий гуруҳни ушлаш амалиётига тайёрланиб келган агентлигимиз ходимлари 21 ноябр куни уларни қўлга олди. Амалиёт чоғида жиноятчилар агентлик ходимларига қаттиқ қаршилик кўрсатганлар. Аммо, шунга қарамай, бу гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, улардан 20 килограмм героин мусодара қилинди, - деди наркотикларни назорат қилиш агентлиги расмийси Шафиев.

У шунингдек¸ қўлга олинган гуруҳнинг наркотикларни хорижий давлатларга олиб чиқиш учун асосан Ўзбекистонни яшил йўлак қилиб олганини ҳам қайд этиб ўтди.

“Аммо гуруҳ аъзоларининг ҳаммаси ҳам қўлга олингани йўқ. Ҳозирда агентлик махсус бўлими ходимлари мазкур жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини тутиш борасида зурур чора-тадбирлар кўраётир”, дея қўшимча қилди Тожикистон наркотикларни назорат қилиш агентлиги масъули Шафиев.

Айни пайтда¸ Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари афғон наркотик моддалари миқдорининг йил сайин ортиб бораётгани ва аввал граммлаб олиб ўтилган банг моддалари эндиликда тонналаб минтақага олиб кирилаётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Жумладан, шу йил 28 август ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида қатнашган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Афғонистонда ишлаб чиқарилган банг моддалари миқдорига тўхталар экан: “Афғонистонда етиштирилаётган банг моддалари кўлами 8 тоннадан ошади. Бугунги кунда наркотрафик нафақат Афғонистон, балки минтақа давлатларидаги вазиятни издан чиқариш ниятида бўлган жангариларнинг асосий даромад манбаига айланиб қолаётганини эътибордан соқит қилмаслик керак”, - деган эди.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистонга жанубий ва шимолий томондан қўшни бўлган Ўзбекистон икки давлат ўртасида мавжуд виза тартибини бекор қилмаётганидаги асосий сабаб ҳам Тожикистондан ўтаётган банг моддалари ҳажмининг тобора ошиб бораётганидадир.

Тожикистон наркотик моддаларни назорат қилиш агентлигидан олинган маълумотларга кўра, шу йилнинг ўтган 10 ойи давомида бу мамлакат ҳудудида 5 тоннадан ортиқ банг моддаси қўлга олинган, бу эса ўтган йилгига қараганда, икки-уч баравар кўп деганидир.

Айни пайтда, БМТнинг жиноятчилик ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш бўйича Римдаги идораси бошлиғи Антонио Мария Коста “Озоди” радиоси билан суҳбатда Афғонистонда озиқ-овқат маҳсулоти нархининг бир неча баробар ошиб кетганлиги сабабли бу мамлакат бозорларида банг моддалари нархи тушиб кетганини таъкидлаган.

- Сўнгги бир йил мобайнида Афғонистонда буғдой нархи 3 бараварга ошган. Қорадори эса бу мамлакат бозорларида кўплиги сабабли унинг нархи кейинги тўрт йил ичида ҳар йили 20 фоизга арзонлаган. Натижада буғдой банг моддасига нисбатан даромадлироқ маҳсулот бўлиб қолгани боис, афғон деҳқонлари банг моддалари етиштиришдан кўра, ўзларига тегишли ерларга дон экишни афзал кўрмоқдалар, - деди БМТ расмийси.

Мустақил таҳлилчи Шоҳазим Қурбонов фикрича, афғон афюни нархининг арзонлашуви минтақада яширинча фаолият олиб бораётган бангфурушлар учун айни муддао бўлган:

- Афғон қорадориси нархининг сезиларли даражада арзонлашиши Тожикистондаги айрим доиралар, хусусан, бу мамлакатда фаолият юритаётган йирик наркогуруҳларга қўл келмоқда. Шу сабабли наркотик савдосидан миллиардлар долларлаб фойда кўраётган бу гуруҳлар афғон тупроғида етиштирилган наркотикларни килолаб эмас, тонналаб олиб чиқмоқда. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, қўлга олинган жиноий гуруҳлар жорий қонунлар доирасида жазо олишмайди. Кўп ҳолларда улар қўйиб юборилади. Чунки улар фаолиятидан республикадаги, қолаверса, минтақадаги айрим сиёсий доиралар манфаатдор. Айнан мана шунинг учун ҳам наркотиклар оқими ортиб, жиноий гуруҳлар болаламоқдалар, - деди мустақил таҳлилчи Шоҳазим Қурбонов.

XS
SM
MD
LG