Линклар

Гап унда эмас¸ буғдойда...


Ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан ўтувчи фуқаролар бу ердаги оворагарчиликлардан безганлар.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан ўтувчи фуқаролар бу ердаги оворагарчиликлардан безганлар.

Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасида замонавий чегара ва божхона назорат масканларининг барпо қилинаётгани оддий фуқарога енгиллик яратаётгани йўқ.

18 ноябр куни Тошкент вилоятининг Тошкент туманида қайта қурилган “Навоий” чегара ва божхона назорат маскани фойдаланишга топширилди.

Чегара маскани очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Нодирхон Хонов ва Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Заутбек Турисбековлар “Навоий” чегара ва божхона назорат маскани қайта қурилиб, барча керакли техника билан жиҳозланганини қайд этдилар.


Мазкур чегара ва божхона назорат масканида 2007 йилдан бери таъмирлаш ишлари олиб борилаётган эди.

Маълум бўлишича, реконструкция чоғида божхонада юкларни расмийлаштириш учун ва алоҳида йўловчилар учун янги терминаллар, юкларни вақтинча сақлаш учун омборлар, итхона, гараж ва бошқа иншоотлар фойдаланишга топширилган.

Бироқ Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасидан ўтиб турувчи одамларнинг аксарияти таъмирлаш тадбирлари билан чегарадаги аҳвол ўнгланиб қолмаётганидан нолиб гапирмоқдалар.

Ўзбек-қозоқ давлат чегарасидаги “Май” чегара-назорат масканида учратганимиз қозоғистонлик суҳбатдош бу ҳақда мана буларни айтди.

- Мана бу божхонадан ўтишнинг ўзи бўлмайди. Ишлаган пулингнинг ярмини мана шу ернинг ўзида олиб қўяди. Мен ўзим беш кун аввал ўтдим, шу ернинг ўзидан ўтгунча қанча қийналдим. Яхшиям, пулим бор экан, шуни бериб ўтдим. 100 доллар бердим. Бори шу эди, - дейди суҳбатдош.

Биз ундан чегарадан ўтаётган одамлардан пулни қайси тараф чегара посбонлари олаётганини сўрадик.

- Қозоғистон олди, Ўзбекистон олмади. Ўзбекистон индамади. Мен бундан аввал ҳам неча маротаба ўтганман-да. Туғилган еримиз Қозоғистон бўлгандан кейин неча маротаба ўтганмиз. Ўзбекистонда барибир тушунадиган, инсофликлари бор. Лекин қозоғистонликлар куни кеча худди уларнинг ота-онаси йўқдек иш қилишди. Майли пул қўлнинг кири экан, лекин инсон инсонлигини йўқотиши керакмас экан пулни деб, - дейди суҳбатдош.

“Навоий” маскани очилиш маросимида иштирок этган икки давлат чегара ва божхона бошқармалари расмийлари мазкур пунктнинг халқаро талабларга жавоб берадиган даражада таъмирланганидан ташқари чегара ва божхона назорати маскани ходимларининг самарали иш фаолияти учун барча қулайликлар, жумладан, дам олиш ва ўқув хоналари, спорт майдончаси ва ошхона ишга топширилишини алоҳида таъкидлаб ўтгандилар.

Бироқ, ўзбек-қозоқ давлат чегарасида учратган ҳамсуҳбатимизга кўра, чегара назорати маскани ходимлари, ўзлари учун яратилган барча қулайликларга қарамай, ҳаттоки чегарадан ўтаётган ёши улуғ одамларга ҳам беҳурматлик кўрсатган ҳоллар ҳам учраб туради.

- Бир қари одам ишлаб келаётган экан. “Деҳқончилик қилиб келаяпман”, деб айтиб турибди. Унинг айтишича, ҳатто деҳқончилиги бўлмай, пул ҳам тополмаган, аммо унинг ҳам бор пулини шилиб олишди, - дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошларимизга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари чегара ва божхона масканларида мавжуд коррупцияни жиловламас эканлар, бу пунктларнинг замонавий услубда жиҳозланишидан давлатга ҳам, халққа ҳам манфаат етмайди.

XS
SM
MD
LG