Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:46

Каримов ваъдасини бажарибди...


Ўзбекистонда маош олувчилар хорижий валютага ҳам бемалол чақса бўладиган даражада ойлик олиб яшаëтган экану¸ бундан ўзлари бехабар экан.
Ўзбекистонда маош олувчилар хорижий валютага ҳам бемалол чақса бўладиган даражада ойлик олиб яшаëтган экану¸ бундан ўзлари бехабар экан.

Тошкент расмийлари тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистонда октябр ойида ўртача иш ҳақи 300 минг сўмни ташкил қилган. Бу хабарни эшитиб¸ аксар ўзбекистонликлар ҳайрон қолмоқдалар.

Президент Ислом Каримов сентябр ойидан бошлаб, Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 221 АҚШ долларига етишини ваъда қилган эди.

Расмий иддаога қараганда¸ Ислом Каримов ҳақиқатдан ҳам сўзининг устидан чиқибди.

Реал ҳаëтдачи¸ ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда ўртача маош 300 минг сўм¸ яъни 220 доллардан ошдими?

Қашқадарёлик Санамжон опа вилоятдаги болалар боғчаларидан бирида хўжалик мудири лавозимида ишлайди. Санамжон опа Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 300 минг сўм экани ҳақидаги хабарни эшитиб, кулгусини яшира олмади.

- 300 минг сўм. 300 минг сўмни энди милиция ходимлари олиши мумкин. 300 мингни ҳозир ўқитувчилар ҳам¸ тиббиëт ходимлари ҳам ололмайди, - деди Санамжон опа.

Хўжалик мудираси ўз ойлиги ҳақида ҳам гапирди:

- Ойлигим 65 минг сўм. Қўлга тегадигани 50 минг¸ 52 минг атрофида. Энг яхши иш ҳақи оладиганники 100 мингдан ошади, - деди суҳбатдошимиз.

Сирдарёлик ўқитувчи Исроил Ризаев ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ҳам 300 минг сўмдан анча паст эканлигини айтади.

- Бунақа ойликлар умумтаълим мактабларида умуман йўқ. Чунки мен ўзим мана 26 йилдан бери ўқитувчилик қилиб келаман. Фақатгина бошланғич синф ўқитувчиларининг дарс соатлари икки соатга ортиқчалик қилади. Ўшаларнинг ойликлари 120 минг сўм. Лекин тўққизинчи синфгача дарс берадиган мутахассис ўқитувчиларнинг ойликлари ҳозирги кунда ўртача 50 минг¸ 60 мингни ташкил қилади, - деди Исроил Ризаев.

Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси томонидан 21 ноябр куни маҳаллий матбуот орқали эълон қилинган маълумотда қайд қилинишича, ўтган йилга нисбатан ўртача ойлик тахминан 57,4 %, ўртача нафақа пуллари 71,7 %, аҳолининг реал пул даромадлари миқдори эса 24,4 % га ошган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Комрон Алиевга кўра, бу рақамларнинг ўқитувчилар синфига¸ врачлар ва маошини асосан давлат бюджетидан олаëтганларга алоқаси йўқ.

- Фойда учун ишлайдиган ҳар хил акционерлик жамиятлари бор¸ фирмалар бор. Масалан¸ буларнинг маошларини каттароқ қилиб белгилаш имкониятлари бор. Мана шуларнинг ҳисобига ишлаëтганларнинг олаëтган ойлик маошлари 300 мингга борган бўлиши мумкин, - дейди Комрон Алиев.

Лекин кўпчилик фикрича¸ мамлакатда ўз ҳисобидан кунини кўраётган хорижий ва маҳаллий фирма, ширкат, корхоналарда ишлаётганларнинг ойлик маошларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам 220 долларлик ўртача ойлик маоши келиб чиқиши маҳол.

Ўзбекистон молия вазирлигида ишлаётган мутахассиснинг Озодлик радиосига билдиришича, бунда чет элларда ишлаб, электрон пул ўтказиш тизимлари, асосан “Вестерн Юнион” орқали ўзбекистонлик гастербайтерлар жўнатган маблағлар қўшиб ҳисобланган.

Ўзбекистонлик кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, ўзбек расмийларининг “мамлакатда ўртача иш ҳақи 220 доллар”, деган даъвоси халқаро ҳамжамиятни алдаш учун қилинаëтган навбатдаги кўзбўямачилик.

- Халқаро ҳамжамият олдида Ўзбекистон расмийларининг мажбурияти бор. Айнан шуларнинг бажарилаëтганини кўрсатиш учун хўжакўрсинга бўлса ҳам рақамларни бўрттириб кўрсатишган.

Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа чораси қолмаган. Ўзбекистонни халқаро ҳамжамиятга тараққий этганлардан бири этиб кўрсатишнинг ягона йўлларидан бири шу.

Ўзбекистон иқтисодиëт вазирлиги ва расмийлар айтаëтган гапларнинг ҳаммаси бўрттирилган. 300 минг сўм ойликни ҳукуматни бошқарувда ушлаб турилишига ҳисса қўшаëтганлар олаëтган бўлиши мумкин, лекин муаллимлар¸ ҳамширалар¸ қурилишда ишлаëтганлар ва бошқа мутахассислар бу миқдорда ойлик олишолмайди, - деди Тўрабек Сано.

XS
SM
MD
LG