Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:41

Ташаббус Россиядан чиққан кўринади


Россиядаги мусулмонлар орасида ҳукумат рағбатини қозонмаган имом-хатиблар эътиборининг ошаëтгани¸ хавфсизлик идораларига янги таҳлика манбаи бўлиб кўринмоқда.
Россиядаги мусулмонлар орасида ҳукумат рағбатини қозонмаган имом-хатиблар эътиборининг ошаëтгани¸ хавфсизлик идораларига янги таҳлика манбаи бўлиб кўринмоқда.

Россиянинг Улан-Удэ шаҳрида ҳибсга олинган имом Бахтиёр Умаров Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши ва қатор оғир жиноятларда айбдор топилиши мумкин.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Елена Рябининанинг Озодлик радиосига айтишича, Улан-Удэ шаҳридаги мусулмонлар жамоати раҳбари, имом-хатиб Бахтиёр Умаров Ўзбекистон томонининг илтимоси билан 15 ноябр куни Россия хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қамоққа олинган.

Бахтиёр Умаровга Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, диний ташкилотлар тузиш, уларда қатнашиш каби анъанавий айблар қўйилган.

Андижон вилоятининг Қорасув шаҳридан бўлган Бахтиёр Умаров 2002 йилдан буён Улан-Удэ шаҳрида яшайди.

Ўтган олти йил давомида маҳаллий мусулмонлар орасида у эътибор топиб, мусулмон жамоатининг имом-хатиби этиб сайланди. Шу йилнинг 11 июлида эса, Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечиб, Россия фуқаролигини қабул қилди.

“Мемориал” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев Бахтиёр Умаровнинг қамоққа олинишини Россия хавфсизлик хизматларининг навбатдаги фитнаси сифатида баҳолайди:

- Россия хавфсизлик хизматининг илтимосига биноан Ўзбекистон томони унга нисбатан қидирув эълон қилган. Аслида¸ бу киши Ўзбекистонда ҳеч қачон қидирувда бўлмаган. Мен буни Россия хавфсизлик хизмати қилаëтган фитна, деб ўйлайман. Чунки у киши ҳозиргача Россия ëки Ўзбекистон ҳукуматига хавф соладиган бирор-бир хатти-ҳаракат қилмаган ëки қанақадир сиëсий чақириқлар амалга оширмаган, - дейди Баҳром Ҳамроев.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина ҳам Бахтиёр Умаровнинг қамоққа олиниши Россия Федерал хавфсизлик хизматининг ташаббуси бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди:

- Биринчидан, Бахтиёр Умаровга 11 июлда берилган Россия паспорти сентябр ойида олиб қўйилди. Гўёки бу паспорт ФСБ рухсатисиз берилган экан. Бундай бўлиши мумкин эмас. Иккинчидан, Бахтиёр Умаров 2005 йил май ойининг охирида Андижон вилояти ИИБдан судланмаганлиги, жиноий жавобгарликка тортилмаганлиги, умуман тоза одам экани ҳақида маълумотнома тақдим этган.

Энди ўйлаб кўринг, 2005 йил Андижон воқеалари 13 майда бўлган эди. Лекин у маълумотномани ойнинг охирида олган. Бундай оғир кунларда, ҳар бир одам Андижонда “террорчи” деб гумонланиб турган бир пайтда, унга бундай маълумотномани ким ҳам берарди? – дея савол ташлайди Елена Рябинина.

Инсон ҳуқуқи фаоли Баҳром Ҳамроев эса унинг қамоққа олинишига оид яна бир тахмин келтиради:

- Бу кишининг ҳибсга олинишининг сабаблари бор. Саид деган одам Чеченистонга жиҳодга борганидан кейин Бурятиядаги мусулмонларга Россия хавфсизлик хизмати тарафидан босим бошланди, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Елена Рябинина тахминича эса, Бахтиёр Умаровнинг ҳибсга олинишига унинг имом-хатиб сифатида обрўси ошиб бораётгани ва Улан-Удэ шаҳридаги биринчи масжид қурилишига бош-қош бўлаётгани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бу одамнинг ҳатти- ҳаракатлари шунчаки Россия хавфсизлик хизматларига ёқмай қолган ва шунинг учун ҳам улар ўзбек касбдошларидан бу одамга қидирув эълон қилишларини сўраган бўлиши мумкин.

- Ўзбек томони эса бундай имоларга маҳтал бўлиб туради ва “жон” деб яна бир ўзбекистонликни қайтариб олиб келиш ва қамоққа ташлашга доим тайёр. Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кучлари ўз мақсадларини амалга ошириш учун ҳеч нарсадан қайтмайди, - деди Елена Рябинина.

Ҳозирда Бахтиёр Умаров Улан-Удэ шаҳар тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Елена Рябининанинг айтишича, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар унинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юборилишидан ташвиш билдирмоқдалар.

- Ҳозирча биз уни сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солмоқдамиз. Агар бу имкониятлар иш бермаса¸ биз Страссбургдаги Европа Иттифоқи судига мурожаат қиламиз, - дейди инсон ҳуқуқи фаоли.
XS
SM
MD
LG