Линклар

Хорижлик куëв - нажот шуъласи

  • Барно Анвар

Таиланд¸ Ҳиндистон¸ Жанубий Кореянинг аксар шаҳарларида фоҳишалар мавзелари бор. Бу ерда ўз хизматини таклиф қилаëтганлар орасидаги ўзбек қизлари сони кун сайин кўпаймоқда.

Таиланд¸ Ҳиндистон¸ Жанубий Кореянинг аксар шаҳарларида фоҳишалар мавзелари бор. Бу ерда ўз хизматини таклиф қилаëтганлар орасидаги ўзбек қизлари сони кун сайин кўпаймоқда.

“Оққўрғон туманидан келганман. Оиламда онам бор. Оилада тўртта қиз¸ бир ўғилмиз”. “Исмим Мадина. Ëшим 25да”. Бу корейс веб-сайтларидан бирида куёв излаëтган ўзбек қизи айтаëтган гаплар.

Хомаки, аксари сифатсиз бўлган 15-20 секундлик видеотасвирларда, асосан, 20-25 ёшлар атрофидаги пардоз-андозни жойига қўйган ўзбек қизлари ўзининг исми-шарифи, оиласи ҳақида қисқача маълумот беради¸ ҳамда ўзини бутун бўйи-басти билан намойиш қилади.

Ўзбекистон давлат телевидениеси эртаю-кеч корейс сериалларини намойиш қилиш билан банд бўлган бир пайтда¸ ўзбек қизлари орасида кореялик куёвларга иштиёқмандлар сони ортмоқда.

Видеотасвирларнинг қисқалиги ва хонадонда олинганидан унинг ижодкорларида вақт жуда тиғизлигини, энг муҳими, бу тариқа совчилик яширин тарзда қилинаётганини англаса бўлади. Бироқ, бундай совчиларнинг қўлидан ўтиб, хорижга турмушга чиққан қизлар кўп ҳолларда савдогарларнинг қўлида товарга айланиши бугун ўзбекистонликлар учун ҳам одатий манзарага айланиб қолди.

Эндиликда Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мамлакат оммавий ахборот воситаларида хорижга турмушга чиқиш, хориждан яхши маошли иш таклиф қилиш мазмунидаги эълонларга чеклов жорий қилиш билан аёллар савдоси олдини олиш ва бундан фуқароларни огоҳлантиришни мақсад қилмоқда.

Аммо, расмий оммавий ахборот воситаларида “Сизга хориждан куёв топамиз”, “Хориждан яхши иш таклиф қиламиз” мазмунидаги эълонлар деярли учрамайди. Ўзбек қизларини Корея, Саудия Арабистони, Туркия ёки бошқа хориж ўлкаларига узатаётган яширин совчилар, бундан ташқари, хориждан яхши иш таклиф қилаётган ишбилармонлар ўз эълонларини электрон сайтларга жойлаштирмоқда.

- Бундан ташқари, айниқса¸ кўча-кўйларда¸ шаҳар марказларида¸ туман марказларидаги кўпгина жойларда кўчадаги устунларга¸ деворларга мана шунақа мазмундаги эълонлар ëпиштириб кетилаяпти¸ дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов.

Суҳроб Исмоиловга кўра, фуқароларни алдаб¸ яқин хорижга олиб кетаётганлар ва у ерда уларни қул сифатида 5-6 ой ёки 1-2 йилга пуллаётганлар ҳозир Ўзбекистонда кўпайган. Улар бемалол, очиқ-ошкор иш қилмоқда.

- Одам савдоси билан шуғулланадиган кишиларни¸ масалан¸ битта қишлоқ ëки туманда бўлса уйини¸ манзилини¸ телефон рақамларини маҳаллий аҳоли билади. Ҳозир бизнинг кузатишимиз бўйича¸ ўзбекистонлик фуқароларнинг ичида бошқа бир гуруҳ ўзбекистонлик фуқароларни алдаб¸ олиб бориб иш берувчига сотиб келиш ҳолатлари кўпаяяпти.

Аслида, ҳукумат ҳақиқатда ҳам одам савдосига қарши курашишга астойдил киришган бўлса, кўчадаги эълонларнинг эгаларини қидириши лозим ва уларни топиш мутлақо осон, дейди ҳуқуқ фаоли.

Афтидан¸ ҳукуматда бундай истак йўқ кўринади.

- Умуман давлат сиëсатида битта хато нуқтаи назар бор. Инсон савдоси муаммоси сунъий равишда торайтирилди. Фақатгина бориб танафурушлик билан шуғулланадиган аëллар гуруҳига тегишли қилиб олинди. Минглаб меҳнат муҳожирларининг инсон савдоси қурбонига айланаëтгани ҳолатлари яширилмоқда ëки уларга кўз юмилмоқда.

Қийноқларга тезкор жавоб бериш гуруҳи вакили Суҳроб Исмоловнинг сўзларини ўзбекистонлик ёш журналист Шоҳиста Каримова ҳам тасдиқлайди.

- Ҳозир Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситалари одам савдоси қурбонига айланган аёллар ҳикояларини тез-тез тақдим қилмоқда ва шу йўл билан, гўёки, одам савдосига қарши курашилмоқда. Аммо, Ўзбекистон расмий ахборот воситаларининг ўзбекистонликларнинг одам савдоси қурбонига айланаётганининг асл сабаблари умуман тилга олинмайди. Хусусан, фоҳишахоналарга пулланган аёллар ҳақида гап кетганда, айбдор ўша аёлнинг ҳуқуқий саводсизлиги-ю, маҳалланинг лоқайдлиги бўлиб чиқади холос, - дейди журналист.

- Жуда кўп кўрсатувларда айбдор ана шу аëлларнинг ўзи бўлиб қолаверади. Лекин Ўзбекистон жамиятидаги ижтимоий¸ иқтисодий¸ қолаверса¸ сиëсий вазият¸ ўша аëл ëки эркакни шу ишни қилишга мажбур қилган вазият ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Шоҳиста Каримовага кўра, мамлакатда ҳозир хорижликка турмушга чиқасиз, хорижда тарбиячилик қиласиз, пулдор хонадонларда хўжалик бекаси бўласиз, дейилган таклифларнинг аксари алдов эканини ўзбекистонликлар анча тушуниб қолган.

Бундан ташқари, Россия ёки Қозоғистонда фалон нефт трестда ишлаб яхши ойлик оласиз, дейилган янги-янги таклифлар ҳам ёлғон бўлиши мумкинлигини одамлар билади. Шунга қарамасдан, миллионлаб ўзбек ҳар қандай йўл билан бўлса-да, мамлакатдан чиқиб кетишга уринмоқда.

Шундай экан, ҳозирга келиб бу муаммони маслаҳат ёҳуд огоҳлантирув билан ҳал қилишнинг имкони йўқ, дейди ўзбекистонлик журналист.

- Бундай оғир вазиятга тушган одамга аниқ амалий ëрдам керак. Унга пул керак. Унга маслаҳат¸ кимнингдир ақл ўргатиши керак эмас. Тайин амалий кўмак керак. Лекин на истиқболли авлод¸ на меҳнат миграцияси билан шуғулланувчи ташкилотлар унга бунақа ëрдам бермайди. Ваҳоланки¸ бунақа мардикорлар миллионни ташкил этади. Қайси бирига ëрдам беради¸ деган масала ҳам бор.

Журналист Шоҳиста Каримовага кўра, миллионлаб ўзбек мардикор йигитлари ва аёлларини қулликдан сақлашнинг ягона йўли, гарчи кўп вақт талаб қилса-да, мамлакат ичкарисидаги аҳволни ўнглашдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG