Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:24

Қирғизлар ўзбеклардан ўрганмоқчи


Қирғизистонлик тартиб посбонларининг экстремистларга қарши курашда ўзбекистонлик ҳамкасбларига бўлган ҳаваси тобора ортиб бормоқда.
Қирғизистонлик тартиб посбонларининг экстремистларга қарши курашда ўзбекистонлик ҳамкасбларига бўлган ҳаваси тобора ортиб бормоқда.

Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида ўзбек ва қирғиз махсус хизматлари вакилларининг хавфсизлик мавзуидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Боткен вилоят ҳокимиятининг мудофаа ва хавфсизлик бўлими бошлиғи Тоштемир Эшалиевнинг айтишича, Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Боткен вилояти ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бўлимлари раҳбарлари учрашувида икки давлат чегарасидаги ҳудудлар хавфсизлиги масаласи муҳокама этилган.

- Учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди, унга бегоналар киритилгани йўқ. Хавфсизлик хизматларининг ўзаро ҳамкорлик бўйича махсус дастурлари бор. Мана шу дастур асосида режалаштирилган ишларни биргаликда амалга ошириш ҳақида гап бўлди. Асосий диққат диний экстремизмга қарши ҳамкорликда курашни кучайтириш масаласини муҳокама этишга қаратилди, - деди Тоштемир Эшалиев.

Расмийнинг билдиришича, диний экстремизмга қарши кураш бўйича “Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон махсус хизматларининг ҳамкорлик қилиш борасида битими бор”.

1 октябрь куни мингдан ортиқ диндор Новқат туманида Рамазон ҳайитининг шаҳар марказий майдонда нишонланишига рухсат берилмагани учун норозилик билдирган эдилар.

Расмий ахборотга кўра, ўша куни Ҳизбут-Таҳрир аъзолари Новқатда оммавий тартибсизликларни уюштирганлар. Айни пайтда уларнинг 32 нафари устидан Ўш вилоят судида маҳкама жараёни бошланган. Мана шу воқеадан сўнг қирғиз расмийлари мамлакатда диний-экстремистик ҳаракат кучайиб бормоқда, дея ташвиш билдирган эдилар. Ўш шаҳар милицияси эса Қирғизистон парламентига экстремистларга қарши курашда Ўзбекистондан ўрнак олиш ҳақида мурожаат жўнатган эди:

- Масалан, Ўзбекистонни оладиган бўлсак, у ерда “ҳизбчиман” деган одам ўша ернинг ўзида қамоққа олинади. Бизда эса бундай қонунлар мавжуд эмас. Бундан эса Ҳизбут-Таҳрир вакиллари кенг фойдаланиб, мамлакатда эркин харакатланмоқда. Шу сабабли биз вазирликка, парламентга қонуннинг кучайтирилишини сўраб мурожаат қилдик, - деди Ўш вилоят милицияси расмийси Жанибек Сағинбаев.

Қирғизистонлик кузатувчиларга кўра, Новқат воқеаларидан сўнг қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари билан диний экстремистларга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш, Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга катта қизиқиш билдира бошлаганлар. Парламент депутати Алишер Мамасолиевга кўра, Қирғизистон ҳам Ўзбекистон каби диний ташкилотлар жиловини ўз қўлига олиши керак.

- Новқат воқеасини биласиз. Унда иштирок этганларнинг 80 фоизи ёшлар бўлган. Бу эса диний-экстремистик ташкилотлар ўз сафларига айнан ёшларни жалб этаётганининг белгисидир. Биз яқинда дин тўғрисидаги қонунга, жиноят ва маъмурий кодексларга жиддий ўзгартишлар киритамиз. Вазиятни назоратга олиб, диний ташкилотларнинг жиловини тортамиз, - деди Алишер Мамасолиев.

Лекин сиёсатшунос Қодир Маликов фикрича, диний муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланиш Қирғизистон учун ўринсиз бўлар эди.

- Агар ҳукумат уларга қарши кескин таъқиқ усулини танласа, масалани ҳал эта олмайди. Чунки диний ташкилотлар яширин ишлашга ўтадилар. Бу эса мамлакатни ич-ичидан емиради, - деди Қодир Маликов.

Айни пайтда¸ Қирғизистоннинг айрим вилотяларида вилоят губернаторлари томонидан анъанавий ислом тарғиботчилари фаолияти ҳам таъқиқлангани тўғрисида хабарлар бор. Масалан, Иссиқкўл туманида губернатор даъватчилар ҳаракатини таъқиқлаб қўйган.
XS
SM
MD
LG