Линклар

Ўзбекистон дарвозасини яна ëпди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон - Тожикистон чегарасидан ўтказиш пунктларида шу кунларда темир тўсиқлар ўзбек томони ташаббуси билан тушириб қўйилган.

Ўзбекистон - Тожикистон чегарасидан ўтказиш пунктларида шу кунларда темир тўсиқлар ўзбек томони ташаббуси билан тушириб қўйилган.

Ўзбекистон икки кундан буён бир томонлама қарор асосида Тожикистоннинг Сўғд вилоятига туташ чегара постларидан қўшни давлат фуқароларини ўтказмай қўйди.

Ҳатто паспортида расмий визаси бўлган тожикистонликлар ҳам Ўзбекистонга ўтказилмаяпти. Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ҳам бунинг сабабларини айтиб беролмаяпти.

Хўжандлик Дилмурод икки кундан буён Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги “Ойбек” постига қатнайди. Унинг қўлида Ўзбекистонда бўлиш ҳуқуқини берадиган беш кунлик визаси бор. Лекин Дилшод ва у каби бошқа ўнлаб тожикистонликлар икки кундан буён Ўзбекистонга ўтказилмаяпти.

- Бизни умуман Ўзбекистонга ўтказмаяпти. Сабабини ҳам айтишмаяпти. Дарвозаларни ёпиб, қулфлаб қўйишган. Ҳеч қандай маълумот ҳам, ҳеч қандай изоҳ ҳам йўқ. Фақат битта гапни гапиришади: “Мумкин эмас! Тамом!”. Бошқа давлатларнинг фуқаролари эса бемалол ўтиб кетаяпти, - деди Дилмурод.

Ўзбекистонга чегарадош Мастчох туманида яшовчи Абдураҳмоннинг айтишича, уларнинг қўшни Ўзбекистон туманига беш кунга визасиз ўтиб келиш рухсати бор. Лекин улар учун ҳам чегара эшиклари ёпилган:

- Икки кундан буён “Ойбек” постида турибман. Ўзбекистонда яшайдиган опам оғир касал бўлиб қолган экан. Лекин ўзбек чегарачилари ўтказмаяпти. Ваҳоланки¸ бизнинг қонуний ўтиш ҳуқуқимиз бор. Чегарада юзлаб одамлар тўпланиб қолди. Ҳатто бизга нега бундай бўлаётганининг сабабини ҳам айтишмайди, - деди Абдураҳмон.

Одамларнинг айтишларича, Сўғд вилоятининг Ўзбекистонга туташ бошқа чегараларида ҳам аҳвол мана шундай. Фарғона вилоятининг Бешариқ туманига чегарадош Тожикистоннинг Патар постида ҳам икки кундан буён аҳвол мана шундай, деди конибодомлик Мақсуд Жўра:

- Мен конибодомликман. Менга Бешариқдан бизга ўтиб ишлайдиган мардикорлардан икки-уч нафари керак эди, шунинг учун “Патар” чегара постига бордим. Одатда¸ бу ерда ўзбекистонлик мардикорлар бозори бўлади. Лекин ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит. Сўраб-суриштирсам, икки кундан буён Ўзбекистон томони тожикистонликлар ва ўзбекистонликлар учун чегараларни ёпиб қўйибди, - деди конибодомлик суҳбатдошимиз.

Биз бу масалага муносабат олиш мақсадида Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш давлат қўмитасига мурожаат қилдик. Қўмита матбуот хизмати бошлиғи Хушнуд Раҳматуллаев бу ҳолатни тасдиқлади:

- Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон томони чегараларни бир томонлама ёпиб қўйган. Лекин бу ҳақда бизни огоҳлантиришгани йўқ. Сабаби ҳозирча номаълум. Биз бу ҳақда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасига мурожаат қилдик. Лекин ҳозирча аниқ жавоб олганимиз йўқ, - деди Хушнуд Раҳматуллаев.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги консули Миродил Абдураззоқов эса Озодлик радиосига бу ҳақда гапирар экан:

- Бизга ҳам бу ҳақда одамлар мурожаат қилишяпти. Лекин менда бу хусусда информация йўқ. Бизда ҳаммаси жойида, фуқароларга визалар беряпмиз, - деди.

XS
SM
MD
LG