Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:46

Ўзбеклар куни яна шамга қолди


Бу кетишда шам ўзбекистонликлар учун нафақат ëруғлик¸ ҳатто иссиқликнинг ҳам ягона манбаига айланадиган кўринади....
Бу кетишда шам ўзбекистонликлар учун нафақат ëруғлик¸ ҳатто иссиқликнинг ҳам ягона манбаига айланадиган кўринади....

Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида қишнинг ҳозирги қора кунларида электр энергияси олдиндан айтилмай туриб¸ кунига 14 соатдан узиб қўйилмоқда.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси маълумотига кўра, электр энергиясидаги чеклашлар “Ўзбекэнерго” ташкилотининг маҳаллий ҳокимликлар билан келишуви асосида амалга оширилаяпти.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида электр энергияси вақти-вақти билан узиб қўйилаётир. Суҳбатдошларимиз мамлакатнинг Самарқанд, Қашқадарё, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида яшовчи фуқаролар.

- Самарқандда чироқ ҳар кун ўйнаб¸ кунига 10-15 марта ўчиб ëнади, - деди самарқандлик суҳбатдошимиз.

- Қашқадарëда ҳозир чироқ масаласи оғирлашиб қолган, - дея тасдиқлади қашқадарёлик суҳбатдош.

- Бизларнинг қишлоқда ҳозир на газ бор¸ на чироқ бор, - дея нолиди қорақалпоғистонлик ҳамсуҳбатимиз.

- Айрим жойларда умуман йўқ. Масалан, чироқ Хива туманининг 50 фоиз жойида ҳар кун 2-4 соатдан ўчиб туради. Менинг яшайдиган жойим Қосимобод деб айтилади ва ҳар кун ҳеч бўлмаса 2 соат чироқ бўлмайди, - дея маълум қилди хивалик суҳбатдошимиз.

Шу пайтгача ҳукумат мамлакатда электр энергияси таъминотида тақчиллик борлигини инкор қилиб келаётганди. Куни кеча Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси электр энергияси таъминоти бўйича мониторинг натижаларини маҳаллий матбуот орқали эълон қилди.

Қўмитанинг расмий сайтида хабар қилинишича, жорий йилнинг 20 ноябрига қадар қўмитанинг жойлардаги ходимлари томонидан 33 та хўжалик юритувчи субъектлар, 81 та маҳалла ва қишлоқлар, 105 та ўқув муассасалари ва шифохоналарда мониторинг ўтказилган.

Қўмита мутасаддисининг Озодлик радиосига маълум қилишича, 95 та электр узатиш корхоналарида камчиликлар аниқланиб¸ уларнинг айримларига нисбатан иш қўзғатилган.

- Ҳозирча 200 дан ортиқ факт аниқланди. Шундан адашмасам, 50 дан ошиғига иш қўзғатдик. Ҳамма вилоятларда давом этаяпти бу, - деди давлат қўмитаси ходими.

Жорий йилнинг 16-17 октябр кунлари Самарқанд вилоятига қарашли Ургут туман электр тармоқлари корхонаси томонидан тумандаги Бешёғоч, Ватан, Қўзибек ҳамда Калдивожар қишлоқларида бир суткада 12 соатлаб электр қуввати узатилмаганлиги кузатилган.

Самарқанд вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ходими Шоназар Ҳайитовга кўра, Самарқандда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар анчагина.

- Жомбой туман Жомбой шаҳри Галакапа кўчасида бир корхона бор экан. Бир кунда чироқ уч ярим¸ тўрт соатга ўчар экан. Корхонага етказилган зарар суммаси 63 минг 800 сўм, деб ҳисобланаяпти. Камчиликлар аниқланган электросеть тармоғи Жомбой шаҳар электр тармоғи деб ëзилган. Жомбойда яна Саригашма деган қишлоқ. У ерда 10 соатдан 15 соатгача ўчган деб кўрсатилган, - дейди Шоназар Ҳайитов.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси ўтказган мониторинг натижаларида қайд қилинишича, “Ўзбекэнерго” Давлат акционерлик ташкилоти билан жойлардаги вилоят ҳокими ўринбосарлари ўртасидаги ўзаро келишув асосида электр қувватини чеклаш жадваллари тасдиқланган ва жадвал бўйича жойларда 2 соатдан 14 соатгача чироқ ўчирилиши йўлга қўйилган.

Айни ҳолат бўйича “Ўзбекэнерго” ташкилотига мурожаат қилганимизда¸ ташкилот ходимидан аниқ жавоб ола олмадик.

Озодлик: Нима учун чироқ ўчирилаяпти?

- Чироқ ўчирилаяпти деган ҳам сал нотўғри нарса-да. Нимага деганда, чироқлар ўз-ўзидан ҳеч қачон ўчмайди-ку.

Озодлик: Демак, уни кимдир ўчиради.

- Кимдир ўчирмайди. Аварийный ситуацияда ўчиши мумкин.

Озодлик: Демак¸ ҳамма жойда авария ҳолатида экан-да.

- Ҳамма жойда авария ҳолати эмас. Фақат авария ҳолатидагина ўчиши мумкин. Бундан ташқари, автоматик системадан ўчиши мумкин. Тўғрисини айтсам, мен ҳозир бир нарса, дея олмайман. Менга бунақа топшириқ берилгани йўқ, - деди “Ўзбекэнерго” ходими.

Шу билан бирга, “электр энергиясидаги чеклашларнинг асл сабаби нимада?” деган саволимиз жавобсиз қолди.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш қўмитаси мутасаддиси эса электр энергияси таъминотидаги тақчиллик қиш мавсумида ҳам давом этишини таъкидлади.

- Бир ойдан кейин телефон қилсангиз, жуда кўп материал бўлади. Чунки бу бошланишида. Ўчириш пойгаси совуқ тушгандан кейин бошланади. Ҳозирча ҳали чидагудай. Лекин ҳали булар ҳолва бўлиб қолади, - деди қўмита ходими.

Ўтган қиш мавсумида жойларда 2-3 кун давомида 20 соатгача электр узилишлари кузатилганди. Жорий йилда ҳам айни ҳолат такрорланиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG