Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:43

Ҳамасга ëрдам бериш - жиноят


Ҳамаснинг муҳожиратдаги етакчиси Холид Машъал¸ ўз гуруҳи фаластинликлар манфаатини ҳимоя қилишини айтади.
Ҳамаснинг муҳожиратдаги етакчиси Холид Машъал¸ ўз гуруҳи фаластинликлар манфаатини ҳимоя қилишини айтади.

АҚШнинг Техас штатида фаолият юритган “Муқаддас замин” номли хайрия жамғармаси Ғазони ўз тасарруфига олган Ҳамас экстремистик ташкилотига 12 миллион доллар ёрдам берганликда айбланди.

Суднинг бу қарори АҚШ президенти лавозимини тарк этаётган Буш маъмуриятининг терроризмга қарши курашда қўлга киритган охирги ютуқларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

- Миллий хавфсизлик масалалари бўйича АҚШ Бош прокурори ёрдамчиси Патрик Рован¸ суд қарорини¸ терроризмнинг молиявий илдизларини қирқиш йўлида эришилган “муҳим воқеа” деб атади. Бу маҳкама террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлашда гуманитар ёрдамлардан ниқоб сифатида фойдаланиш¸ АҚШ ҳукумати томонидан қатъий жазоланишини кўрсатди¸ – дейди Озодлик радиоси мухбири Лоренс О’Рурк.

Исломий жамғарма тарафдорлари суд қарори юзасидан юқори маҳкамага шикоят аризаси билан мурожаат қилишни режаламоқда. Жамғарма тарафдорлари вакили Халил Меек¸ суд жараëни қонун доирасида бўлган хайрия фаолияти “жиноятлаштирилганини” кўрсатишини айтди.

Адвокатлар эса Исроил босқини остида оғир шароитда яшаётган фаластинликларга ёрдам етказиш билан қонуний равишда шуғулланган бу жамғарманинг сиёсатга алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.

“Муқаддас замин” номли хайрия жамғармаси 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирилганидан кейин Буш маъмурияти томонидан экстремистик ташкилотларга маблағ йиғиш билан шуғулланганликда айбланиб¸ фаолияти тўхтатилган гуруҳлардан бири эди.

Даллас шаҳрида ўтказилган маҳкамада “Муқаддас замин” жамғармаси террорчилик фаолиятини маблағ билан бевосита таъминлаганликда айбланмаса-да¸ гуманитар ёрдамлардан Ҳамас гуруҳининг мавқеини ошириш, ўз маблағлари ижтимоий дастурлардан жанггарилик фаолиятига буриб юборилишига йўл қўйганликда айбланди.

- Ўтган йилги маҳкамада ҳакамлар ўзаро келиша олмай¸ бу иш юзасидан ҳукм чиқаришга муваффақ бўлмаганидан кейин федерал прокурорлар хайрия ташкилотига нисбатан янги соддалаштирилган айбловлар эълон қилди. Биринчи маҳкамада ташкилотга 200га яқин айблов эълон қилинган эди. Бу галги маҳкамада чалкашликка йўл қўймаслик учун аввалги далиллар асосида айбловлар сони 108тага камайтирилди¸ – дейди Лоренс О’Рурк.

Маҳкамада жавобгарликка тортилган Шукри Абу Бакир, Муҳаммад Эл-Мезаин, Ғассан Элаши, Муфид Абдулқодир ва Абдулраҳмон Одеҳдан ташқари яна икки шахсга нисбатан ҳакамлар сиртдан айблов эълон қилди.

Хайрия ташкилоти раҳбарлари бўлган Бакир ва Элаши умрбод қамоқ жазосига, бошқа айбланувчиларнинг эса 15 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги айтилмоқда. Суднинг якуний ҳукми қачон эълон қилиниши ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG