Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:06

Ўзбек деҳқони хонавайрон бўлмоқда


Яқинларгача ери ва еридаги оғир меҳнати боқиб келган минглаб кичик фермер хўжаликлари бугун ўз эртасини нима бўлишини билолмай ҳайрон.
Яқинларгача ери ва еридаги оғир меҳнати боқиб келган минглаб кичик фермер хўжаликлари бугун ўз эртасини нима бўлишини билолмай ҳайрон.

Ерларни бирлаштириш ҳақидаги қарор ўзбекистонлик минглаб фермерларни айни қиш остонасида ишсиз ва ерсиз қолдираяпти.

“Мен еримдан воз кечолмайман. Агар еримни тортиб олишса, тўққиз жондан иборат оилам оч қолади. Ерни йириклаштириш ҳақида илгари ўйлаш керак эди. Қачонки биз бор-будимизни шу ерга тикканимиздан сўнг, уни биздан тортиб олишлари бизнинг оила учун инқироз бўлади!”

Бу гапларни Озодлик радиосига қашқадарёлик фермер Раҳим Ибодов айтди. Бугун Раҳим акага ўхшаб хонавайрон бўлаётган фермерлар Ўзбекистонда минглаб одамларни ташкил этади.

Фермерлар фикрича, ерларни йириклаштириш ҳақидаги Президент фармони фақат мансабдор шахслар, пули кўп одамлар фойдасига ишламоқда. Ерни биладиган, ер билан тиллаша оладиган деҳқонлар эса яна ҳеч нарсасиз қолиб, қашшоқлик гирдобига ботишга маҳкум бўлаяпти.

Ўзбекистондаги минглаб фермерлар сингари қашқадарёлик Раҳим Ибодов ҳам ерсиз ва ишсиз қолаётганидан, эртанги куни қандай бўлишини билмаслигидан ташвиш тортмоқда. У хотини Гулобод Маҳкамова билан Нишон туманида “Қаҳҳор Раҳимзода” фермер хўжалиги ташкил қилган эди. У ҳукумат билан бу ерни 49 йилга ижарага олиш ҳақида шартнома тузган. Энди эса кичик ер эгалари бўлган фермерларнинг “ихтиёрий қўшилиш” деган ном остида улардан ерлар тортиб олинмоқда. Аммо шу ерда ҳам қоғоздаги кўрсатма билан амалий иш бир-бирига мувофиқ келмаяпти.

- Фармонда айтилганидай, ерларнинг ихтиëрий қўшилиши бўлмаяпти. Президентнинг айтганлари бўлмаяпти. Биз фармон билан танишиб чиқдик. Ихтиëрий равишда, келишилган ҳолда берилсин, деган. Лекин булар биздан ихтиëрий аризани мажбурий равишда талаб қилаяпти¸ - дейди Раҳим Ибодов .

Унинг сўзларига кўра, “сув сойга оқар, бой-бойга боқар” қабилидаги ишлар бўлаяпти. Кичик фермерларнинг ерлари умрида қўлига кетмон ушламаган, бели оғриб нон емаган мансабдорлар ва пули катта бойларга қўшиб берилаяпти.

- Ерни ишлайдиган одамга бермасдан¸ иш билан банд одамга бераяпти. Масалан, маҳалла раиси бўлса¸ ўғли банкда ишласа. Еримизни мажбурий равишда тортиб олаяпти, - дейди Раҳим ака.

Раиснинг ўғли дегани, бу улар яшаётган “Самарқанд” маҳалласи раиси Бахтиёр Эшмуродовнинг ўғли Баҳодир Эшмуродовдир. Бу йигит банкда ишлайди. У катта фермер бўлмоқчи экан. Деҳқончиликнинг “д” ҳарфини ҳам билмайдиган, қоғозу қаламдан бошқа нарсани ушламаган бу йигитчага катта фермер бўлиш мумкин экану, биз деҳқонларга эса йўқ, дейди куюниб Раҳим Ибодов:

- Ерда ишлаб юрганларнинг ерларини ҳокимлар¸ хўжалик раҳбарлари¸ МТП раҳбарлари тортиб олаяпти.

Фермерларга техник хизмат кўрсатиш парки, яъни МТП бошлиғи Бозор Пирбобоев Раҳим Ибодовнинг хотини Гулобод Маҳкамовага бир неча бор ерни ўз ихтиёри билан топширишни талаб қилган. Рад жавобига жазо чорасида фермер хўжалиги техника билан таъминланмаяпти. Раҳим Ибодовга кўра, аслида бу талаб туман ҳокимининг кўрсатмаси билан бўлаяпти:

- Шартнома бўйича бу киши техника билан таъминлаши керак. Техника йўқлигидан олган уруғимни ҳали шу бугун экдим. Ахир мен эккан ғалламдан режа топширишим керак. Бу томонини ўйламасдан менинг уруғимни бир ярим ойга кечиктириб техника бермасдан: “Аризангни топшир¸ еринг кетган”, деб юрибди, - дейди Раҳим Ибодов.

Суҳбатдошимиз ерларни йириклаштириш ҳақидаги фармон кичик ер эгаларининг манфаатларини ҳисобга олмасдан чиқарилганини таъкидлайди. Унга кўра, фармойишларнинг ҳеч қайсиси яхши амалга оширилмайди. Бу матбуотда ëзилади¸ телевидениеда айтилади, лекин амалда йўқ.

Агар ер гўёки “ихтиёрий” тарзда тортиб олинса, Раҳим аканинг оиласи инқирозга юз тутиши табиий бўлиб қолади:

- Ўзлари “Мен ихтиëрий тарзда еримдан воз кечаяпман” деган бланк беради. Лекин мен еримдан ҳеч қачон воз кеча олмайман. Оилам шу ерни бошқаради ва оиламнинг ҳам ерни бериш нияти йўқ. Хўжалигимизда 12 киши яшаймиз. Шундан 6-7 таси ишга чиқади. Ҳаммамиз ишсиз қолиб кетамиз. Кун кўришимиз жуда қийин бўлиб қолади. Ҳеч қаерда иш йўқ. Биз ернинг ҳисобидан кун кўриб турган эдик, - дейди Раҳим Ибодов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, бугун уларнинг ташкилотига ерсиз ва ишсиз қолаётган фермерлардан ўнлаб аризалар тушмоқда:

- Жуда ҳам кўп. Мана бу ерда ҳам 5-6 та ариза турибди. Тошкент вилоятидан келган аризалар бор. Маҳалла раислари бўладими¸ ҳокимнинг қариндошлари бўладими - ҳалиги фермерларнинг олиб қўйилган ерлари ўшаларга берилаяпти. Бу нарса ҳамма жойда бўлаяпти¸ - дейди Суръат Икромов.

XS
SM
MD
LG