Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:50

Қирғиз мухолифатига босим кучайди


Қирғиз мухолифатига нисбатан таъқиб-тазйиқларнинг кучайгани расмийларнинг мухолифат қурултой ва йиғинларига қарши жавоб реакцияси сифатида баҳоланмоқда
Қирғиз мухолифатига нисбатан таъқиб-тазйиқларнинг кучайгани расмийларнинг мухолифат қурултой ва йиғинларига қарши жавоб реакцияси сифатида баҳоланмоқда

Қирғизистондаги бир қатор сиёсий партиялар мамлакатда мухолифатга нисбатан тазйиқ кучайгани ҳақида билдирмоқдалар.

Қирғизистон жанубида мухолифат партиялари вилоят бўлинмалари раҳбарларига таҳдидлар бўлаётгани, мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловнинг ўғли таниқли журналист Алишер Соиповни ўлдирганликда гумон қилинаётгани, қирғиз парламентининг раиси Ишенбай Қадирбеков эса молиявий айбловлар билан суд қилинаётгани бунга мисол сифатида келтирилади.

Маълум бўлишича, “Янги Қирғизистон” партиясининг Ўшдаги бўлими раҳабири Керим Макеев 24 ноябр куни Ўш шаҳрида икки номаълум шахс томонидан калтакланган.

- Улардан бири ўзини милиция ходими Қамбаров бўламан, деб таништирди. “Сен Конституцияга қарши, президент Бақиев фаолиятига тўсқинлик қилувчи ҳаракатлар қилганинг учун қамоққа олиндинг” деб, мени машинага солиб олиб кетишди. Шаҳар чеккасига олиб чиқиб калтаклашди, - деди Керим Макеев.

Аниқланишича, бу Ўшда мухолифат аъзоларига қилинган биринчи таҳдид эмас экан. Бундан бир-икки кун олдин бошқа мухолифат партияларининг Ўшдаги бўлимлари раҳбарлари Жўмарт Сапарбоев, Мамасоли Қўзибоев ва бошқа бир қатор партия аъзоларига ҳам мана шундай таҳдидлар бўлган. Бундан ташқари, мухолифатчилар берган баёнотларга кўра, номи зикр этилган маҳаллий сиёсатчилар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари тазйиқига ҳам учрамоқда.

Бироқ Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиқов ҳуқуқ- тартибот тузилмаларининг мухолифатчиларга эътирозлари йўқ эканини айтди. Унга кўра, номаълум шахслар милиция ходимлари номларидан фойдаланиб, мухолифатчиларга таҳдид қилаётир. Замир Сидиқовнинг қайд этишича, бу ҳодисалар юзасидан жиноят ишлари очилган.

- Уларни кимлар калтаклаганини аниқлаш ва топиш бизнинг зиммамизда. Ҳозирда таҳдидчиларни қидириб топиш борасида Ўш шаҳар милицияси фаол ҳаракатларни олиб бораётир, - деди Замир Сидиқов.

Бироқ, мухолифат лидерларига кўра, бундай таҳдидларни маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳукумат буюртмаси билан амалга оширмоқдалар. Масалан, 26 ноябр куни Қирғизистон собиқ ташқи ишлар вазири, мухолифатнинг кўзга кўринган намоёндаси Ақилбек Жекшенкулов ўз ўғлига нисбатан сохта айбловлар қўйилаётганини билдирди. Бундан аввалроқ, Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Дмитрий Федоров мухолифатчининг ўғли Бекқулни таниқли журналист Алишер Соипов ўлимида қўли борлигида айблаганди. Аликбек Жекшенқуловга кўра, бундай ҳаракатни унинг мухолифатдаги фаолиятини тўхтатишга уриниш сифатида баҳолаш мумкин.

- Халққа очиғини айтиб қўя қолай - мен ўғлимни Москвага қочириб юбордим. Милиция уни ҳеч қандай далил-исботсиз айблади. Мен ёш йигитни синдиришмасин, деб шундай қилдим. Шундан сўнг милициянинг ҳам дами ўчди. Менга босим кўрсатишнинг имкони қолмади, - деди Аликбек Жекшенқулов.

Шунингдек, мухолифат вакиллари парламентнинг собиқ раиси Ишенбай Қадирбековнинг молиявий айбловлар билан қамоққа олинишини ҳам ҳукуматнинг сиёсий буюртмаси қаторида шарҳламоқдалар.

Қирғизистон ҳукумати мухолифатчиларнинг бундай айбловларига нисбатан ҳозирча ҳеч қандай расмий билдирувлар тарқатгани йўқ. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари эса ўз фаолиятларида сиёсий йўналиш йўқ эканини билдириб келмоқдалар. Бироқ, айрим кузатувчилар ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг сўнгги пайтларда мухолифатга нисбатан курашни кучайтирганларини эътироф этмоқдалар.

- Мухолифатчиларни қамаш, уларнинг овозини бўғиш билан Қирғизистондаги муаммоларни бартараф этиб бўлмайди. Аксинча, бу ҳолат халқда инқилобчиларни, мухолифатчиларни ва ҳатто радикал кучларни янада кучлироқ қўллаб-қувватлаш истагини кучайтирмоқда, - деди мустақил кузатувчи Бақит Қалмаматов.

XS
SM
MD
LG