Линклар

logo-print

Чегарада икки ўзбек отилди


Ўзбек-қозоқ чегарасида иккала тарафдан ҳам ўрнатилган хавфсизлик чоралари¸ Мақтаоролдаги қотилликни тўхтата олмади.

Ўзбек-қозоқ чегарасида иккала тарафдан ҳам ўрнатилган хавфсизлик чоралари¸ Мақтаоролдаги қотилликни тўхтата олмади.

Расмий хабарга кўра¸ Ўзбекистон - Қозоғистон давлат чегараси яқинида икки нафар ўзбекистонлик мардикор маҳаллий аҳоли вакили томонидан отиб кетилган.

Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаорол туманининг ўзбек-қозоқ давлат чегарасидаги “Атакент” божхона ва чегара назорат маскани ёнида содир бўлган нохуш воқеа ҳақида Озодлик мухбирига Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаментининг матбуот котиби Салтанат Қорагўзова хабар қилди.

- Ҳозир айбдорнинг шахси аниқланди. Уни қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Ўзбекистонлик икки нафар фуқаро ўқ еган. Улар Қозоғистонга қонуний йўл билан келганлар, ўзбекистонликларнинг ёнларида миграция карточкалари ҳам бўлган. Жабрланувчи ўзбекистонликлар ва гумонланувчи қозоғистонлик аввалдан таниш бўлганлар. Тўқнашув ўч олиш мақсадида амалга оширилган, - дея маълум қилди Салтанат Қорагўзова.

Матбуот котибига кўра, айни пайтда касалхонага ётқизилган ўзбекистонликлардан бирининг аҳволи ўта оғир. Мазкур иш юзасидан Қозоғистон Жиноий Кодексига мувофиқ киши жонига қасд қилиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда тергов иши олиб борилмоқда.

Ўзбек-қозоқ чегарасида ўзбекистонлик фуқароларнинг нохуш ҳодисага тушиш ҳолати илк бора содир бўлаётгани йўқ. Ўтган йилнинг апрель ойида Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч туманидаги “Қоқпоқ” чегара пунктида 20 ёшли қозоғистонлик аскар Жандос Байменов наманганлик 35 яшар мардикор аёл Саида Ҳасановани маст ҳолатда отиб ўлдириб қўйганди.

Ўзбек-қозоқ чегарасида ўзбекистонликлар билан бу каби нохуш ҳодисалар содир бўлишидан ташқари, икки давлат чегарасидан ўтиб турадиган одамларни чегара масканларидаги хўрликлар ҳам бездирган.

“Май” чегара назорат масканида учратган суҳбатдошларимиз чегарадан ўтишда ўз ҳуқуқлари поймол қилинаётганидан нолийдилар.

- Ўзбек-қозоқ чегарасида чегара хизмати ходимларининг одамлардан пул талаб қилиш ҳолларига барҳам берилгани йўқ. Ўзбек чегарачилари ҳам, қозоқ чегарачилари ҳам пора олади, - дейди ўзбекистонлик аёллардан бири.

Яна бир ўзбекистонлик аёлнинг айтишича, гарчи чегарачилар одамларнинг ҳуқуқини бузсалар-да, чегарадан муаммосиз ўтиб олиш учун одамлар уларга лом-мим демайди.

- Нима қиламиз энди. Ўтиш керак, ўзимиз ўтишимиз учун индамай тураверамиз, - дейди суҳбатдошимиз.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги тартибсизликдан нафақат ўзбекистонликлар, балки Ўзбекистонга тез-тез ўтиб турадиган қозоғистонликлар ҳам ҳасратда.

- Ўзбекнинг номига умуман доғ теккизган. Сиртдан номусланасан ўзбек бўлганингдан. Каримовни ўзини олиб ўтиш керак шу ердан, - дейди қозоғистонлик суҳбатдош.

Бошқа суҳбатдошларимиз эса ўзбек-қозоқ чегарасида юз бераётган нохуш ҳодисалар учун ҳар икки давлат расмийлари баробар жавобгар эканини таъкидлайдилар.

Аммо улардан айримлари ўзбек-қозоқ чегарасидаги вазиятнинг қачондир ўнгланишига кўзлари етмаслигини ҳам яшириб ўтирмадилар.

- Ҳеч нарса қўлингиздан келаётгани йўқ барибир. Уни айтган билан барибир гап-гаплигича қолаверади. Тартиб йўқ барибир, - дейди аҳвол ўнгланишидан умидини узган суҳбатдошларимиздан бири.

XS
SM
MD
LG