Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:03

Бухоролик қизфурушлар судланди


Ниғматовлар оиласи тўққизта қизнинг ўзларини айнан шу оила алдаб¸ хорижга фоҳишабозлик учун сотиб юборгани ҳақидаги шикоят аризаси асосида жаворгарликка тортилди.
Ниғматовлар оиласи тўққизта қизнинг ўзларини айнан шу оила алдаб¸ хорижга фоҳишабозлик учун сотиб юборгани ҳақидаги шикоят аризаси асосида жаворгарликка тортилди.

Йиллар давомида ўзбек қизларини хорижга фоҳишалик учун сотиб келган бухоролик Ниғматовлар оиласи одам савдоси билан шуғулланганликда айбланиб, жазога тортилди.

Эр-хотин Ниғматовлар беш йил давомида икки ўғли ва бир қизи билан биргаликда ўзбек қизларини алдов йўли орқали хорижга фаҳш ишлари учун сотиб келишган.

Бухоро вилоят суди Ниғматовлар оиласининг беш нафар аъзосини айбдор деб топиб, жазога маҳкум қилди.

Бухоро вилоят жиноий ишлар суди судьяси Ҳайитова Ниғматовлар оиласига нисбатан суд ҳукм чиқаргани, лекин бу борада батафсил маълумот бера олмаслигини билдирди.

Бухоролик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Ғаниев Озодлик илтимосига кўра, Ниғматовлар оиласи билан боғлиқ маҳкама жараёни бўйича маълумот олишга муваффақ бўлди.

Мана ўша маълумотлар:

Суд ҳукми билан 5 кишидан иборат жиноий гуруҳга ҳукм ўқилган. Бу 5 кишининг ҳаммаси битта оила аъзолари.

Оиланинг каттаси Исматулла Ниғматиллаев Иззатович, 1957 йилда туғилган. 6 йилга умумий тартибли колонияга озодликдан маҳрум қилинган. Унинг ўғли Ниғматов Миршоҳид Исматуллаевич, 1982 йилда туғилган. Унга уч йиллик умумий қамоқ жазоси берилган. Иккинчи ўғли Ниғматов Шоҳруҳ Исматуллаевич, 1987 йилда туғилган. У ҳам уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Хотини Нажмиддинова Саида Фозиловна¸ 1960 йилда туғилган. Уч йиллик шартли жазо билан суд залидан озод этилган. Бундан ташқари¸ 1980 йилда туғилган қизи Ниғматова Нилуфар Исматуллаевна икки йиллик шартли жазо билан суд залидан озод этилган.

Бухоро шаҳрида яшовчи 51 ёшли Исматулла Ниғматов беш йилдан буён хотини, икки ўғли ва бир қизи билан биргаликда одам савдоси билан шуғулланиб келган. Ниғматовлар оиласининг Ўзбекистондаги турли вилоятларда яшовчи тўққиз нафар қизни фаҳш ишлари учун алдов йўли билан хорижга сотганлиги аниқланган.

Улар Ўзбекистон жиноят кодексининг 135-моддаси¸ 173-модданинг учинчи қисми а ва б бандлари¸ 238-модданинг биринчи қисми бўйича айбдор деб топилган. Бу жинсий эксплуатацияга мажбурлаш ва жинсий эксплуатация йўли билан пул ишлаш. Асосий айблов одам савдоси билан шуғулланганлик. Суд жараëнида тўққиз нафар қизнинг фаҳш ишларига жалб этганлиги тўғрисида ариза тушгани ҳам аниқланган.

Бу қизлар қаердан дерсиз? Улар Сурхондарë¸ Бухоро¸ Самарқанд¸ Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан. Бу қизларни қаерга жўнатганлар? Асосан БАА¸ Покистон¸ Хитой ва Туркия.

Кейинги пайтда Ўзбекистонда аёллар савдоси долзарб муаммолардан бирига айланмоқда. Хотин-қизлар арзон ишчи кучи сифатида мажбурлаб ишлатишдан кўра кўпроқ фоҳишалик мақсадида фойдаланиш учун сотилаяпти.

Яқинда Тошкентда ҳам ўзбекистонлик йигирма нафар қизни ўғирлаб Қозоғистонга фаҳш ишлари учун сотган жиноий гуруҳ маҳкама жараёнига тортилди.

Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди қарорига кўра, тошкентлик Илҳом Юсупов бошчилигидаги жиноий гуруҳ аъзолари Муродилла Оқмурзаев, Ғайрат Қосимов, Гулнора Аҳмедова Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси, яъни одам савдоси билан шуғулланганликда айбланиб, 10 йилдан 14 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

REGNUM ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, ушбу жиноий гуруҳ қозоғистонлик шерикларидан ўғирланган йигирма нафар ўзбек қизининг ҳар бири учун 300 000 сўм, яъни тахминан 225 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олишган.

Ўзбекистон бош прокуратураси маълумотига кўра, жорий йилда одам савдоси билан боғлиқ 436 та жиноий иш қўзғатилиб, 339 нафар одам жиноий жавобгарликка тортилган. Трафик қурбонлари орасида 166 нафар аёл ва 28 нафар вояга етмаган бола ҳам бўлган.

XS
SM
MD
LG