Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:32

"Қандайин халқ бўлса, ўшандай тузум"


"Озодлик оҳанглари" тўплами ҳозирча фақат Ўзбекистон ташқарисидаги ўқувчилар қўлига теккан кўринади.
"Озодлик оҳанглари" тўплами ҳозирча фақат Ўзбекистон ташқарисидаги ўқувчилар қўлига теккан кўринади.

“Жамиятни демократиялаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб ҳуқуқий масалалари – Ўзбекистон тажрибаси”. Бу Тошкентда бошланган халқаро конференция мавзуи.

Мазкур анжуманда тилга олинган масалалар 26 ноябр куни Лондонда ҳам муҳокама қилинди.

Шуниси қизиқки, битта масалада устида бош қотирар эканлар, Тошкент ва Лондонда ўтказилган издиҳом қатнашчилари бир-бировиникини инкор этадиган хулосаларга келдилар.

Ишини 26 ноябр, чоршанба куни ҳам давом эттирган конференцияни Ўзбекистон ҳукумати уюштирди. Бу ҳақда хабар қилган uzreport.com сайтининг фикрича, жамиятни демократиялаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида бутун дунë Ўзбекистондан намуна олишга шай турибди.

Мана бу эса, Тошкентда ўтказилган конференцияда қатнашмаган, бироқ 26 ноябр куни Лондонда ўтказилган тадбирда қатнашган бошқа бир чет эллик мутахассиснинг фикри.

- Демократиянинг ўзбекча модели, деган нарса нималигини, бу модель ҳукумат томонидан халққа сингдирилаяптими ёки аксинчами – билмайман, деди бир қатор ўзбек шоирлари – Дадахон Ҳасан, Рауф Парфи, Гулчеҳра Нуриллаева, Муҳаммад Солиҳ ва бошқаларнинг шеърларини инглиз тилига таржима қилган англиялик Ричард МакКейн.

Унинг таржималари русча таржималар ҳамда оригинал матнлар билан биргаликда “Сорос” жамғармаси томонидан китоб ҳолида чет элда чоп этилганига бир йил бўлди. “Озодлик оҳанглари” китоби дискка ҳам ёзилиб, у ҳар бир китобга илова қилинган.

Эй менинг паришон эй шўрлик халқим,
Бағрим қачон туғиласан,
Сен қачон? (Рауф Парфи)

Шундай ватанинг бўла туриб,
Ëзасан юлдузлар ҳақида.
Чароғон кундузлар ҳақида
Қошлари қундузлар ҳақида. (Муҳаммад Солиҳ)

Донишманд сўзлари эҳтимол ҳақдир,
Қандайин халқ бўлса, ўшандай тузум. (Гулчеҳра Нуриллаева)

“Озодлик оҳанглари” китобига илова қилинган шеърлардан парчалар бу.

Бу китобга алоқаси бор кишилару унга алоқаси йўқ, лекин Ўзбекистондаги вазиятга бефарқ бўлмаганлар, 26 ноябрь куни Лондонда йиғилиб, Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ аҳволни муҳокама қилдилар.

Шеърлари “Озодлик оҳанглари” тўпламига киритилган шоирлардан бири Дадахон Ҳасанга 26 ноябр куни қўнғироқ қилиб мана бу саволни бердик.

Озодлик: Мана бу тилга олганимиз тўплам пайдо бўлганига бир йил бўлди. Бир йилдан бери бу тўплам, мана ичида сизнинг китобингиз, сизнинг дискингиз, Ўзбекистонга кириб бордими?

- Йўқ, Ўзбекистонга келгани йўқ. Келса, мен эшитардим.

Озодлик: Биров олиб боришга ҳаракат қилмадими ëки киритилмадими?

- Биров олиб келган бўлса, билмадим. Мен эшитмадим лекин. Менимча киритмаса ҳам керак. Биров уни олиб ҳам келмайдида. Чегара борку, чегарада қарайди.

“Озодлик оҳанглари” тўплами билан боғлиқ гапларни шу жойда тўхтатиб турайлик.

Энди гап бошқа бир китоб тўғрисида. Қозоғистонлик журналист Мурод Абубакировдан олганимиз маълумотга қараганда, тез кунларда “Қозоғистон ўзбеклари” энциклопедияси нашрдан чиқади.

Қозоғистонлик журналист Мурод Абубакиров.

- “Қозоғистон ўзбеклари” китоби ўзбек, қозоқ ва рус тилларида чоп этилади. Китоб рангли ва кенг оммага мўлжалланган. Бу ўзига хос тарихий энциклопедик китоб бўлади. Бу китоб Қозоғистонда туғилиб ўсган ўзбеклар ҳақида ҳикоя қилади.

Озодлик: Бу китобнинг пайдо бўлишига Ўзбекистонда қанақа муносабат бўлиши мумкин? Кейин бу китобнинг Ўзбекистон ҳудудига киришига рухсат берадими ëки йўқми? Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

- Бу китобнинг ичида сиëсат ҳақида ортиқча ҳеч нарса бўлмайди. Китоб биографик тарзда ëзилган бўлади. Менимча бунга Ўзбекистон томони қаршилик қилмаса керак. Бу ерда Ўзбекистонга нисбатан ëки сиëсатга нисбатан айтиладиган ортиқча гап-сўз бўлмайди.

Қозоғистонлик журналист Мурод Абубакиров тез кунларда нашрдан чиқиши кутилаётган "Қозоғистон ўзбеклари" энциклопедияси тўғрисида айтиб берди.

“Қозоғистон ўзбеклари” энциклопедияси муаллифи Саид Турсунметов билан ҳам китоб нашрдан чиққач, батафсил гаплашишни кўнглимизга тугиб қўйдик.

Азиз тингловчи, агар лавҳамизни диққат билан эшитаётган бўлсангиз, жамиятни демократиялаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ўзбекча модели қандай бўлиши тўғрисида хулоса чиқариш учун муайян асослар пайдо бўлганини илғагандирсиз.

Жамиятни демократиялаштираётганлар иззат нафсига тегиб кетиши мумкин бўлган ҳар қандай матн – хоҳ у шеърий бўлсин, хоҳ қора сўзда – Ўзбекистонда чоп этилмайди. Чет элда босилган бўлса, мамлакат ҳудудига киритилмайди.

Бу жамиятни демократиялаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ўзбекча моделидир.

Бу модель тарғибига бағишлаб Тошкентда 25-26 ноябр кунлари ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда чет эллик етакчи мутахассисларнинг иштирок этиши , uzreport.com сайтининг хабар қилишича, “демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг ўзбекча моделига жаҳон жамоатчилиги эътибори кучайиб бораётганлигининг ёрқин далилидир”.

Йўғ-э?!
XS
SM
MD
LG