Линклар

Қийноқлар яна кучаймоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шавқатсиз қийноқлар далили бўлган маҳбусларнинг қонли кўйлаклари.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шавқатсиз қийноқлар далили бўлган маҳбусларнинг қонли кўйлаклари.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, милиция ва хавфсизлик хизматларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ҳам, қамоқхоналарда ҳам қийноқлар мунтазам давом этмоқда.

Озодлик радиосига бу ҳақда интервью берган маҳкумларнинг қариндошлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари, Ўзбекистон БМТнинг қийноқларга қарши конвенциясини имзолаган ва мамлакатда қийноқлар йўқлиги ҳақида баланд минбарлардан туриб айтилаётган бўлса-да, расмийларнинг тилда бошқа, амалда бошқа сиёсат юритаётгани ҳақида гапирмоқдалар.

Ўзбекистондаги қийноқларни мунтазам мониторинг қилиб келаётган Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов сўзларига кўра, айниқса диний айбловлар билан қамалган маҳкумларни тинимсиз қийнаш давом этмоқда:

- Диний мотивлар билан қамалганларга нисбатан қийноқлар систематик ҳолда бўлаяпти. Биз буни ўрганиш давомида шу нарсанинг исботини топдикки¸ маҳбусларни қийноққа солаëтган ходимларнинг гапи бўйича, уларни калтаклашга ëки қийноққа солишга юқоридан мажбур қилишаяпти. Агар биз шуни қилмасак¸ бизни ишдан бўшатишади, дейишаяпти, - дейди Сурат Икромов.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаров ҳам қамоқхоналардаги қийноқлар ҳақида гапирар экан, диний айбловлар билан қамалган маҳкумлар турли хил хўрликларга, азобларга дучор қилинишини таъкидлайди:

- Ота-оналардан, маҳбусларнинг хотинларидан олинган маълумотларга қараганда, қийноқлар ҳозирги кунда кўпайган ва кучайган, - дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Ҳуқуқ фаоллари фикрича, қийноқларнинг яна бир тури ҳали суд бўлмаган ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ўтирган одамларга нисбатан қўлланилади. Ҳуқуқни муҳофаза этиш ходимлари қандай йўл билан бўлмасин, ушланган одамни турли қийноқларга солиб¸ ундан иқрорномалар ёздириб олишга ҳаракат қилишади.

Айни кунларда Тошкент вилоят судида Ангрен шаҳар ички ишлар бўлимининг тўрт нафар ходими устидан жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Улар ангренлик Музаффар Тўйчиевни қийнаб ўлдирганликда айбланмоқдалар. Жабрланувчилар манфаатини ҳимоя қилаётган инсон ҳуқуқи фаоли Расул Тожибоевнинг Озодлик радиосига айтишича, ўтган маҳкама мажлисида гувоҳлик берган одамлар Музаффар Тўйчиевга нисбатан қандай қийноқлар қўлланилаётганини кўрганларини ва эшитганларини гапириб берганлар.

- Ўшанда айтишаяптики¸ тўртта-бештаси подвалга кириб кетибди. Ўша ердан бақириқ овозларини¸ Музаффар Тўйчиевнинг: “Ундан кўра мени ўлдириб қўя қолинглар”, деган овозини эшитдик¸ дея гувоҳлик беришди, - дейди Расул Тожибоев.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, бу гувоҳликни ўша куни, яъни Музаффар Тўйчиев ўлдирилган тунда Ангрен шаҳар ички ишлар бўлимида қамоқда сақланган Карим Мирзабоев берган. Яна бир гувоҳ, Санжар Ғойибов ҳам Музаффар Тўйчиевга газниқоб кийдирилиб, қийнашганини айтиб берган:

- Қийноқ пайтида бўғиқ овоз чиқди, деди. Бундай бўғиқ овоз противогаз кийдирилган пайтда чиқади¸ деган хулосани кўрсатиб ўтди, - дейди Расул Тожибоев.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сўзларига кўра, Музаффар Тўйчиевнинг қийноққа солинишида бошлиқлардан тортиб оддий ходимларгача камида 15 нафар милиция ходимлари иштирок этган. Лекин жиноий жавобгарликка фақат 4 киши тортилган, холос.

- Ҳозир қаранг-да, ушланган тўртта одамнинг учтасини қамаяпти¸ биттасини эса Музаффар Тўйчиевнинг ўлимига айбдорсан, деб қамаяпти. Қолган 14 тасидан биттаси ўзини иккинчи қаватдан ташлаб юборибди¸ икки-учтаси яна қаëққадир кетган, қолганлари эса хизматларини давом эттириб юришибди. Эшитишимча, қотилларнинг биттаси республика прокуратурасида прокурор экан. Билмадим, бу ерда қандай ўйин бўлаяпти... Балки бир натижа бўлар? Менинг ўйлашимча¸ бу кетишда натижа ҳам бўлмайди. Чунки Ўзбекистон системасида суд ҳеч қачон одилона ҳукм чиқармайди. Ҳаммаси қўғирчоқ, - дейди ҳуқуқ фаоли.

XS
SM
MD
LG