Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:01

Ўшда суд давом этмоқда


Айбланувчилардан Лобар исмлик аëл¸ йиғлаганча Қирғизистон мадҳиясини айтмоқда.
Айбланувчилардан Лобар исмлик аëл¸ йиғлаганча Қирғизистон мадҳиясини айтмоқда.

Новқат воқеалари бўйича судланаётганлар милиция ходимлари томонидан ўзларига нисбатан турли қийноқлар қўлланилаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Ўш вилоятига қарашли Новқат туман давлат маъмуриятини тошбўрон қилган Ҳизбут-Таҳрир партиясининг 32 нафар аъзоси устидан Ўш вилоят судида маҳкама жараёни бошланган жараëн расман очиқ деб эълон қилинган бўлса-да, унга мустақил журналистлар киритилмаëтган эди.

Айрим адвокатлар маҳкамага мустақил журналистларни киритишни талаб қилгани, қолаверса баъзи судланувчилар мустақил журналистлар иштирокисиз гапиришдан бош тортганидан сўнг маҳкама залига мустақил журналистлар киришига рухсат берилди.

26 ноябр куни бўлиб ўтган маҳкама жараёнида асосан бир неча судланувчи сўроқ қилинди.

Судланувчилар орасида Ўш вилоятида кўзга кўринган имом-хатиблардан бири Манас ҳожи ҳам бор. Маҳкамада у воқеа куни Қорасув туманида бўлгани, бунга бир неча расмийлар ва миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан бири гувоҳлик бера олишини айтди:

- Мени Қорасувда миллий хавфсизлик хизматининг ходими Ўринбой ака ва Аҳмад полвонлар кўришган. Аҳмад полвон Қорасувда ҳоким бўлиб ишлайди. Мен авваллари кураш тушиб юрардим. Улар мени: “Полвон акамиз келибди”, деб яхши кутиб олишди. Биз анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Бундан ташқари, бир неча телеканаллар ҳам Қорасувдаги ҳайит байрамини намойиш қилган эди, ўша видеотасмаларда ҳам мен борман, - дейди судланувчи Манас ҳожи.

Жараёнда сўроқ қилинганлардан бири - Лобар исмли аёл қамоқхонада уларга нисбатан қийноқлар қўлланилганини, уларнинг сочлари олиб ташланганини, қамоқхона ходимлари айбланувчилар намоз ўқиганидан сўнг уларни Қирғизистон давлат мадҳиясини ҳам айттираётганини маълум қилди.

- Қамоқхона ходимлари икки маротаба противогаз кийдирганларидан сўнг қўрқиб кетдим. “Агар ким қилганини айтмасанг (тартибсизликларни ким уюштиргани назарда тутилмоқда – таҳр.), сенларни ҳар куни шундай қилиб қийнаймиз”, дейишади. Мен бирон-бир нарсани билганимда қийноқ азобига чидай олмай айтган бўлардим. Лекин ҳеч нарсани билмайман. Нимани айтишим мумкин?

Подвалда рўмолсиз юрамиз, беш кундан кейин сочимизни лезвияда қиришди. Айбимиз “Ҳайит байрами бўлсин, Оллоҳу акбар” деган сўзимиз бўлди. Ҳурматли судья, сизга бир савол бераман. Сиз ўзингиз Қирғизистон гимнини биласизми? Ҳарф танимайдиган Мансур деган бола уч кунда гимнни ёдлади. Уни шунақанги азоблашардики, қулоқларимни беркитиб олсам ҳам эшитилиб, юракларим ёмон бўлиб кетарди. Агарда бирон ерда тўхтаб қолса, карцерга тиқишади. Карцерга сув қуйилади, хлор ва туз туради. У ерга эркаклар фақат ички кийими билан киритилади. Ҳозир мен сизларга гимнни айтиб бераман:

Ақ менгулуу аска зоолор, талаалар,

Элибиздин жани менен барабар,

Сансиз килим Ала тоосун мекендеп,

Сактаб келди биздин ата-бабалар, - дея йиғлаган ҳолда Қирғизистон мадҳиясини ижро этиб берди Лобар исмли судланувчи.

Адвокат Раимжон Мингбоев миллий хавфсизлик хизмати раҳбариятидан аёлларнинг сочи нега олиб ташлангани борасида изоҳ олганини айтади:

- Бу ерда фақат аёлларнинг эмас, барчасининг сочи олинган. Мен аёллар сочи олинганидан сўнг миллий хавфсизлик хизмати бошлиғидан: “Нега аёлларнинг сочини олдинглар?” деб сўрадим. Улар менга: “Аёлларнинг сочи узун экан. Бу ерда бит босиб, турли касалликларга чалинишлари мумкин, шу сабабли уларнинг сочлари олинди, бундан ташқари, уларни тоза бўлишлари учун ҳар куни ювинишга шароит яратилмоқда”, деб жавоб беришди, - дейди Раимжон Мингбоев.

Шу йилнинг 1 октябрида Рамазон ҳайитининг марказий майдонда ўтказилишига рухсат берилмаганидан норози бўлган мингдан зиёд новқатлик диндорлар туман давлат маъмурияти биносини тошбўрон қилган эдилар.

Орадан бир неча кун ўтиб, Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси тартибсизликларни Ҳизбут-Таҳрир партияси уюштиргани ва партиянинг 32 нафар аъзоси воқеа юзасидан қўлга олинганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG