Линклар

Медведев АҚШга мужда йўлламоқда

  • Сарвар Усмон

Медведев ҳам¸ Чавез ҳам бир ўқ билан икки қуëнни ураëтганидан мамнун.

Медведев ҳам¸ Чавез ҳам бир ўқ билан икки қуëнни ураëтганидан мамнун.

Каракасда учрашаëтган Россия ва Венесуэла президентлари ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга зўр бериш орқали Вашингтонга очиқ огоҳлантирув йўлламоқдалар.

Медведевнинг Венесуэла сафари Россия етакчисининг бу мамлакатга қиладиган биринчи ташрифидир.

Венесуэланинг ашаддий сўлчи президенти Уго Чавес Медведевга мезбонлик қилади.

Икки кунга чўзиладиган ташриф давомида Россия ва Венесуэла ўртасида умуман савдо-иқтисодий ва хусусан қурол-аслаҳа савдоси ҳамда нефть ва газ қазиб олиш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, Венесуэланинг ядровий реактор қуришга қизиқиши муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Президент Медведев 23 ноябр куни Перуда қилган чиқиши чоғида айтиб ўтганидек, Россия Лотин Америкаси билан совуқ урушдан кейин йўқотиб қўйган алоқаларини қайта тикламоқчи.

- Совет даврида бу мамлакатларнинг аксарияти билан анча кучли алоқада бўлган эдик. Эндиликда ўша алоқаларни тиклаш вақти келди, деган эди Медведев.

Бироқ тилига чиқмасада, дилида бор мақсади - Москванинг ҳам, Каракаснинг ҳам Вашингтонга "кўрсат мушугингни", деб қўймоқчи бўлаётганидир.

Медведев августдаги Россия-Грузия уруши кунлари Қора денгизга ҳарбий кемаларини киритгани учун, Шарқий Европада радарларини ўрнатмоқчи бўлаётгани учун Вашингтонга "кўрсатиб қўймоқчи".

Бу фикрга "Улуғ Пётр" атом крейсери етовидаги Россия ҳарбий-денгиз эскадронининг Венесуэлага етиб келиши Медведевнинг ташрифига тўғри келтирилгани ҳам далилдир. Эскадрон сешанба куни Каракас яқинидаги портда замбараклардан 21 марта ўт очиш билан тантанали кутиб олинди. Россия ҳарбий денгизчилари венесуэлаликлар билан 1 декабрдан бошлаб қўшма машқларни бошлайдилар.

Ўз навбатида Венесуэла ҳам Вашингтонга "кўрсатиб қўймоқчи": ки, ёлғиз эмаслигимни, дўстим борлигини, сени танқид қилаётган бир мен эмаслигимни кўриб қўй.

Россияга қарашли икки бомбардимончи оғир самолётнинг сентябрь ойида Венесуэлага қилган парвозини Уго Чавес Вашингтон учун "огоҳлантирув" деб баҳолаган эди.

Кейинги пайтларда Каракас билан Москва ўртасида қурол-аслаҳа савдосига оид қатор шартномалар имзоланди.

АҚШ амалдорлари Россиянинг Кариб денгизидаги ҳаракатларини мақтанчоқлик, деб кулди. Давлат департаменти вакили Sean McCormack эса, Россиянинг ҳарбий-денгиз салоҳияти Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан буён фавқулодда заифлашиб кетганини таъкидлар экан, журналистларга "биз бу ҳаракатларни, табиийки, яқиндан кузатамиз", деди.

Кузатувчилар фикрича, Россия Венесуэладаги ҳаракатлари учун жуда баҳсли муддатни танлади. Чунки қисқа муддатдан сўнг – 20 январ куни АҚШнинг янги президенти Барак Обама амалга ўтиради.

Обаманинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда ўзгаришлар қилишга ваъда бергани ҳисобга олинса, Москва ва Каракаснинг бугунги ҳаракатлари нафақат самарасиз, ҳатто зарарли ҳам бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG