Линклар

Автосалонга сўм кўтариб борманг

  • Озодлик

Ўзбекистон кўчалари каби¸ автомобил салонлари ҳам УзДеуАвто монополияси ҳисобланади.

Ўзбекистон кўчалари каби¸ автомобил салонлари ҳам УзДеуАвто монополияси ҳисобланади.

Илгари бозордагидан фарқли ўлароқ, автосалонлардан машина сўмга харид қилинарди. Чунки Ўзбекистон қонунчилигига кўра, мамлакатда савдо-сотиқ миллий валютада амалга оширилиши керак. Аммо жаҳонда тобора авж олаётган молиявий-иқтисодий бўҳрон шароитида мамлакатда валюта заҳирасининг таги кўриниб қолган шекилли, ҳукумат сўмга машина ҳам сотмай қўйди.

Фарҳод исмли харидорнинг айтишича, у автосалондан “Матиз” русумли машина харид қилиш учун “Асакабанк” филиалига нақд 9200 доллар тўлаган. Банк нақд доллар тўлангани кўрсатилган чек ҳам берган. Шу билан бирга, чекда топширилган валютанинг сўмдаги давлат курсидаги қиймати ҳам кўрсатилмоқда.

Аслида мамлакатда автосалонлардан машина харид қилиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Гарчи Асакадаги автомобиль заводи ишлаб чиқариш қувватини йил сайин ошириб бораётгани айтилса-да, машина савдосини назорат қиладиган гуруҳлар автомобилларни автосалонларда эркин савдога чиқаришга тўсқинлик қилиб келади. Машиналар эса тўғри бозорга олиб чиқилади.

Бозордаги нархларни ҳам шу гуруҳлар вакиллари назорат қилади. Ўзбекистондаги энг йирик Сирғали автомобиль бозорида мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган машиналар давлат белгилаган нархдан бир неча минг доллар қимматга сотилади. Машиналарни автосалонларда эмас, тўғри бозорда сотилиши оқибатида автомобиль савдосини назорат қиладиган гуруҳлар йилига миллионлаб доллар фойда кўради.

Тўғри, бу дегани автосалонларда машина йўқ дегани эмас. Асакадаги автомобиль заводи ишга туширилгандан сўнг мамлакат бўйлаб ўнлаб автосалонлар очилган эди. Бугунги кунда уларнинг фақат саноқлилари ишлайди. Лекин улардан ҳам машинани давлат нархида сотиб олишнинг имкони йўқлигини айтмоқда харидорлар.

Тошкентдаги энг йирик “Роҳат” автосалонида эрталаб соат бешдан ғалла-ғовур бошланади. Одамлар автомобиль олиш мақсадида навбатга ёзилиш учун ҳатто ур-йиқитгача бориши кузатилмоқда. Бир амаллаб навбатга ёзилгандан кейин ҳам автомобиль олиш учун о йлаб навбатда туриш керак. Лекин навбатда ёзилиш билан бир қаторда, ёзилгандан кейин ҳам машиналик бўлишга ҳеч ким кафолат бермайди.

Харидорлардан бирининг айтишича, “ишбилармон” ўзбеклар бу ерда ҳам ўзига хос бизнесни йўлга қўйган. Яъни энди навбат ҳам сотилмоқда. Автомобиль олиш учун навбати келган шахс ўз навбатини бошқа бир шахсга сотади. Машиналик бўлишни хоҳлаган одам автомобиль олишни ойлаб кутиб ўтирмай, навбатни сотиб олади ва бир неча кунда автосалондан машинани олиб чиқиб кетади. Албатта, бу хизмат унга арзонга тушмайди. “Ишбилармон”лардан навбатни сотиб олиш учун харидор 3000 долларгача тўлашига тўғри келади.

Автоҳаваскор Фарҳод ҳам автосалондан “Матиз” олиш учун “ишбилармон”га “қўл ҳақи” берганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, банкка 9200 доллар тўлаганидан ташқари навбатсиз машина олишига ёрдам берган кишига 1600 доллар берган. Бундан ташқари, у ҳали машинани ўз номига расмийлаштириш учун ҳам харажат қилиши керак. Хуллас, битта “Матиз” унга 11 минг доллардан сал қимматга тушади.

XS
SM
MD
LG