Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:07

Суд ислоҳоти ҳақида гапиришга эрта


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат суд тизимида ҳуқуқбузарлик ва коррупция даражаси кучайиб бораётганини таъкидламоқдалар.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат суд тизимида ҳуқуқбузарлик ва коррупция даражаси кучайиб бораётганини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистон Олий Суди раиси инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари муваффақиятли амалга оширилаётганини билдирди.

Олий суд раиси Бўритош Мустафоевнинг журналистлар билан бўлган учрашувда қайд этишича, Ўзбекистонда жорий йилда 11 мингга яқин одамлар қамоқ жазосидан қутулиб қолган. Улар етказилган зарарни қоплаб, шартли жазо олганлар.

Лекин маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда суд тизимида ислоҳотлар бўлмаётгани ва судлар ҳали ҳам мустақил эмаслиги, бу соҳада коррупциянинг чуқур томир отганини айтмоқдалар.

Самарқандлик инсон ҳуқуқи фаоли Маматқул Мухторовнинг айтишича, суд тизимидаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши, энг аввало, Олий Суд раисининг ўзидан бошланади. Чунки, Мухторовга кўра, Олий Суд раиси оддий фуқароларни қабул қилишни аллақачон тўхтатиб қўйган:

- Мен айтмоқчиманки, Бўритош Мустафоев икки йилдан бери умуман одамларни қабул қилмайди. Биз 100, 150 кишигача ҳар ойда охирги чоршанбада борамиз. Қанча жанжал қилсак ҳам ë бир аëл қабул қилади¸ ë Исмоилов қабул қилади¸ ë Яҳëев қабул қилади. Бўритош Мутафоевнинг иккита ўринбосари олиб текширгандан кейин фақат Бўритош Мустафоевнинг ўзи кўриши керак. Лекин уларнинг ўзлари қонунни қўпол равишда бузади. Бўритош Мустафоев фақат ëлғон гапиради¸ - дейди Маматқул Мухторов.

Унинг сўзларига кўра, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ўтказилаётгани ҳақида гапиришга ҳали эрта, аксинча, бу тизим бутунлай коррупция ботқоғига ботиб кетди:

- Суд тизими ҳозир кимошди савдосига ўтган. Фақат пора олиш ва бериш билан банд бўлиб келаяпти. Бирон кишининг ишини ҳал қилмайди. Шунинг учун Андижондан, Фарғонадан, Қорақалпоғистондан, Хоразмдан ва бошқа вилоятлардан келган одамлар¸ “қабул қилмаяпти”, деб хафа бўлиб кетишаяпти, - дейди Мухторов

“Ҳозирги суд ислоҳотлари Бўритош Мустафоев айтганидек, инсон ҳуқуқларини таъминлай оляпти, деб айтса бўладими?” - дея сўраймиз Маматқул Мухторовдан.

- Йўқ¸ умуман бўлмайди. Мана, мен бир неча йиллардан бери курашиб келаяпман. Ўн фарзандли бир аëл бор. Ўшаларнинг тўрттаси туғма ногирон. Ҳокимлар ўшаларнинг ҳовлиларини тортиб олган. “Сен жиннисан¸ йўқ бўл”, деб чиқариб ташлаганлар. Яна прокурорлар¸ судлар уларнинг фамилияларини ўзгартириб ташлабди. Ўзининг фамилияси Турсунов Бахтиëр¸ буни Жўрақулов Бахтиëр, деб ëзишибди, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Маматқул Мухторовнинг айтишича, 11 минг одамнинг қамоқ жазосидан сақланиб қолишининг тагида гап бор. Биринчидан, бунда ҳам коррупция аралашган¸ иккинчидан эса:

- Коррупция жуда катта роль ўйнайди. Мана, милиция ходимлари ишлаяпти, дейди. Булар умуман жиноят қилмаган¸ қўшниси билан урушиб қолган майда-майда жазоларни уч йил - беш йилга қамайди. Ҳозир турмада ëтадиган жой ҳам йўқ¸ берадиган овқат ҳам йўқ¸ кийим-кечак ҳам йўқ. Уйидан келса олади¸ бўлмаса йўқ. Ҳамма жой тўлиб кетгандан кейин одамларни мажбуран чиқариб юбораяпти, - дейди Маматқул Мухторов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, судлар Ўзбекистонда мустақил эмас. Гарчи шундай экан, демак, ислоҳотлар ҳақида гапириш мантиқсиз бўларди:

- Судларда давлатнинг ижроия ҳокимиятига¸ давлатнинг жойлардаги маҳаллий ҳукуматларига бўйсуниш¸ улардан манфаатдор бўлиш¸ уларнинг кўрсатмаларига биноан иш тутиш¸ ҳукмларни ҳам уларнинг кўрсатмаларига биноан чиқариб бериш тенденциялари ҳали ҳам кучли. Суд Ўзбекистонда бутунлай мустақил ҳокимият турига айланди, деган фикрга қўшила олмаймиз. Чунки кўпгина ҳолатларда судлар шунақа иш кўрадики¸ тергов пайтида айблов хулосаси қанақа фикрга келган бўлса¸ кўп ҳолатларда бу ҳеч қанақа ўзгаришсиз¸ айрим ҳолларда эса кулгили¸ аянчли аҳволда нуқта ва вергулларигача суд ҳукмига кўчириб қўя қолинади. Балки бу техник тарафдан ресурслар етишмаслигидандир¸ балки вақт камлигидандир¸ балки малака камлигидандир. Мана шу ҳамма сабаблар бир бўлиб¸ булар ўзларининг мустақил суд тергови вазифаларини бажара олишмаяпти, - дейди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG