Линклар

"Ўқиб нима бўлардинг?"


Ўзбекистондаги камбағал оилалар ночорлик туфайли ўз боласини мактабга юбора олмай қолганлар. Бунинг ўрнига болалар ë уйда қаровсиз ўсмоқдалар¸ ëхуд нон топиш мажбуриятида кўчага чиқмоқдалар.

Ўзбекистондаги камбағал оилалар ночорлик туфайли ўз боласини мактабга юбора олмай қолганлар. Бунинг ўрнига болалар ë уйда қаровсиз ўсмоқдалар¸ ëхуд нон топиш мажбуриятида кўчага чиқмоқдалар.

Расмий Тошкент мамлакатдаги барча болалар мактабга бораётганини таъкидлаб келаëтган бўлса-да, аслида Ўзбекистонда мактаб остонасини ҳам кўрмаган болалар кўпаймоқда.

Ўзбекистон бозорларида мактаб пайтида тиланчилик қилиб юрган болаларни учратиш мумкин. Болаларнинг аксарияти дарс машғулотларидан қочиб, садақа сўраб оиласига бир-икки сўм пул ишлаш ниятида бўлса, бошқа бирлари умуман мактабга бормаган ҳам.

Наманганлик саккиз ва ўн ёшдаги опа-сингил ҳам бирор марта мактаб остонасини ҳатламаган. Озодлик билан суҳбатда қизалоқлар оилавий етишмовчилик боис ота-онаси уларни мактабга беришмаганлигини, ҳозирда тиланчилик қилиб бир-икки сўм пул ишлаётганликларини айтишади.

- Мактабда ўқимайман. Онам бермаганлар. Онам операция бўлганлар, - дейди қизалоқларнинг кичкинаси.

- Мен 10 ëшга кирдим. Синглим икковимиз тиланчилик қиламиз. Дадам касал. Нафаси қисади. Топган пулимизни онамизга берамиз. Онам дори олади, - дейди унинг опаси.

Кейинги пайтда Ўзбекистон мактабларининг юқори синфларида ўқиётган ўғил болалар орасида мактаб ўрнига мардикорликни танлаётганлари ҳам учраяпти. Иқтисодий ночорлик боис оталар вояга етмаган ўғилларини ҳам ўзлари билан бирга қўшни давлатларга мардикорликка олиб кетишмоқда.

Андижонлик 16 ёшли Орифжон Аҳмедов ҳам уч йилдан буён отаси Олимжон ака билан Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам қишлоғида нонвойлик қилади.

Орифжон 6-синфдан кейин мактабни ташлаб кетган.

- Мактабни шароит кўтармади. Олтинчи синфдан кейин ташлаб кетганман-да. Ҳаëт оғир бўлгандан кейин ўқигинг ҳам келмайди. Бундан 5-10 йил олдин Ўзбекистон сал яхши эди. Биздан катталарга яхши эди. Ҳозир қийин бўлиб кетди, - дейди Орифжон.

Андижонлик ўқитувчи Шокиржон Мўминовга кўра, вилоятда Орифжон сингари мактабда ўқимайдиган болалар кўпчиликни ташкил қилади.

- Бизнинг мактабда ҳам шунақа сурункали келмаëтганлар учта-тўртта бор эди. Уларнинг уйига милициялар бориб¸ ота-оналарини қўрқитиб... Мана, яқинда битта аëлни милиция ëрдамида чақиртириб келишди. У: “Биламан, мен ҳам фарзандим китоб ўқисин дейман. Иложим қанча. Кўчада ҳозир газли сув сотмасам, менинг тирикчилигим ўтмайди”, деб йиғлади, - дейди Шокиржон Мўминов.

Андижонлик муаллим кейинги пайтда мамлакатда маориф соҳасига эътибор яхшиланаётганлигидан хурсандлигини яширмайди. Лекин у сўнгги йилларда ўқувчиларнинг билим савияси пасайиб кетаётганлигидан ташвишда.

- Ҳозир ҳукумат қанчалик уринмасин, ўқувчиларнинг билим савияси тушиб кетаяпти. Ота-оналарнинг таълимга муносабати ўзгарди. “Ўқиб нима бўлардинг? Институтни битирганлар барибир Россияга¸ Қозоғистонга кетиб қора ишлар билан шуғулланиб юрибди. Ундан кўра пул топ¸ ëрдам бер¸ мол боқ”, дейишаяпти, - дейди Шокиржон ака.

Самарқандлик ўқитувчи Ҳалил Шодиев эса ўқувчилар билим савияси пасайиб кетаётганлигига бошқа бир сабабни келтиради.

- Ҳозир ўқувчиларнинг билим савияси 90-йиллардагига нисбатан анча паст. Мен геометрия мутахассиси сифатида айтаман: дастурлар шу қадар ўзгариб кетдики¸ қисқариб-қисқариб¸ талабалар тушунмайдиган даражага келди. Натижада билим савияси пасайиб кетаяпти, - дейди Халил Шодиев.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги ходими Дониёр Ўролов ўқувчиларнинг билим савияси пастлиги ҳақидаги гапларни бутунлай инкор қилади.

- Ўзбекистонда саводхонлик даражаси 99¸34 фоизни ташкил қилади. Бу дунëдаги энг юқори ўринлардан бири ҳисобланади. Бошланғич таълим ва узлуксиз таълим ҳеч бир давлатда йўқ. Узлуксиз таълимнинг ўзбек модели яратилган. Бундан ташқари, 2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури бор. Миллий дастур асосида 5000 та мактаб қайта қурилди. Бунинг таълим сифатида албатта таъсири бор. Билим савияси йилдан-йилга ошиб бораяпти, - дейди Дониёр Ўролов.

Таълим вазирлиги ходимига кўра, бугунги кунда мавжуд таълим тизимининг самарадорлиги боис мамлакатда бирорта ҳам мактабга бормайдиган бола йўқ. Лекин қароргоҳи Америкада жойлашган "Save the Children" (Болаларни асранг) ташкилоти 2006 йили Ўзбекистонда қарийб ярим миллион бола мактабга бормаслиги ҳақида ёзганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG