Линклар

Додожон экстрадиция қилинмайди

  • Гулнора Равшан

Россия Бош прокуратураси тожик журналисти Додожон Атоуллоевни бундан буён таъқиб қилмасликка ваъда бермоқда.

Россия Бош прокуратураси тожик журналисти Додожон Атоуллоевни бундан буён таъқиб қилмасликка ваъда бермоқда.

Россия Бош прокуратураси тожик журналисти Додожон Атоуллоевни юртига экстрадиция қилишга оид Тожикистон сўрови рад этилганини билдирди.

Тожикистон Бош прокуратураси мухолифатчи журналист Додожон Атоуллоевни мамлакат президентини ҳақоратлаганлик ва Тожикистонни жаҳон ҳамжамияти олдида обрўсизлантирганликда айблаб, жиноий иш қўзғатган ва Россия бош прокуратурасидан унинг Тожикистонга экстрадиция қилинишини сўраган эди.

Бундан хабар топган Россиядаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бир қатор ташкилотлар, жумладан, Ошкораликни ҳимоя қилиш жамғармаси ва Россия ПЕН маркази вакиллари диссидент журналистни Тожикистон ҳуқуқ идоралари қўлига бермасликни сўраб, президент Дмитрий Медведев маъмуриятига мурожаатнома йўлладилар.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги тарқатган хабарда Россия Бош прокуратураси мурожаатнома муаллифларига жавоб қайтаргани айтилади.

Мурожаатнома муаллифларидан бири, “Ошкораликни ҳимоя қилиш жамғармаси” президенти Алексей Симонов Озодлик билан телефон суҳбатида бу маълумотни тасдиқлади:

- Хатимизга қайтарилган жавобдан маълум бўлишича, Тожикистон Бош прокуратураси 2001 йили Россия Бош прокуратурасидан Атоуллоевни бу мамлакат ихтиёрига беришни сўраган. Аммо ўшанда Тожикистоннинг талабини қувватламаган ва уни асоссиз деб топган Россия Бош прокуратураси жорий йилда Атоуллоевнинг Тожикистон ихтиёрига топширилиши борасида тожик ҳамкасбларидан ҳеч қандай мактуб олмаган эканлар.

Ундан ташқари, бизга йўлланган хатда айтилишича, Россия қонунлари бошқа давлат прокуратурасининг Россия ҳудудида ўз фуқаролари устидан қидирув ишлари олиб боришни қатъиян манъ қилади. Шуни назарга олган ҳолда айтиш мумкинки, айни пайтда Франциядан бошпана топган Атоуллоев бемалол Москвага кела олиши мумкин. Унинг хавфсизлиги тўла бўлмаса-да, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кафолатланади, - деди Алексей Симонов.

Аммо Тожикистон томони 2001 йилдаёқ Россия Бош прокуратурасидан рад жавоби олгани тўғрисидаги маълумотларни расмий Душанбе тасдиқламади.

Тожикистон Бош прокуратураси масъулларидан бири Бобожон Ҳомидов Атоуллоевнинг экстрадицияси борасида Россия Бош прокуратурасига шу йил октябр ойи бошида ҳам мактуб юборилгани, аммо шу кунга қадар россиялик ҳамкасбларидан жавоб келмаганини таъкидлади.

Ҳомидов Бош прокурор Бобожон Бобохоновнинг “Додожон Атоуллоев тожик миллатининг душмани ва у қаерда бўлмасин, албатта ватанига олиб келинади ва жиноятлари учун жазоланади” деган сўзларини такрорлар экан, Россия бу борада Тожикистонга кўмаклашишини таъкидлади.

Москвадаги Экстремал журналистика маркази раиси Олег Панфилов эса Россиянинг бу борадаги Тожикистон талабини бажаришига шубҳа билан қарайди.

- Атоуллоев экстрадицияси Тожикистонга ҳам ва Россияга ҳам керак бўлмаган катта можаро қўзғаши мумкин. Россия прокуратураси Атоуллоев масаласи билан ўзига бош оғриқ орттирмоқчи эмас. Чунки Тожикистон прокуратураси матбуот анжуманларида турли аҳмоқона сўзлар айтишдан ташқари, Атоуллоевга бирорта жўяли ва жиддий айблов қўя олмаётир.

Атоуллоев тожик жамиятига ҳам, бошқаларга ҳам бирорта хавф туғдирмайди. Буни Россия томони яхши англаб етган ва Россиянинг бу борадаги қарори ҳуқуқий жиҳатдан тўғри. Шунинг учун Тожикистон ҳукумати Атоуллоев масаласини унутиб, ундан муҳимроқ муаммолар устида бош қотирса яхшироқ бўлади, - дейди Олег Панфилов.


“Чароғи рўз” газетаси бош муҳаррири Додожон Атоуллоев тожик жамиятида ўтган асрнинг 90-йиллари сўнгида Тожикистон ҳукумат сиёсатидаги жиддий камчиликларни ошкор айтиш билан танилган эди.

2000 йил бошларида Тожикистондаги айрим сиёсий доиралар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган босимлар таъсирида у мамлакатни тарк этди ва шундан буён у фаолиятини хорижда давом эттириб келмоқда.

XS
SM
MD
LG